'Остонада террор ҳужумларини режалаштирганлар" устидан маҳкама бошланди

Image caption Айбланувчилар Остонада "қўшалоқ ҳужум" режалашгани даъво қилинган

Остонада терроризм айблари билан 6 киши устидан маҳкама жараёни бошланган.

Улар Қозоғистон пойтахтида ҳужумлар режалаштирганликда айбланмоқда.

Прокурорларга кўра, олти нафар қозоқ фуқаролари Остонадаги "Тинчлик ва тотувлик саройи"ни портлатишни режалаштирганлар.

Улар шунингдек, Опера ва балет театрининг очилиш маросимида худкушлик ҳужуми уюштириб, Қозоғистоннинг юқори лавозимли расмийларини ўлдиришни мақсад қилганликлари даъво қилинади.

'Қўшалоқ ҳужум'

Прокурор Малика Шашдаулетовага кўра, Қўшалоқов бошчилик қилган гуруҳ гуруҳ аъзоси Шарипов шу мақсадда ўз турмуш ўртоғини худкуш қилиб тайёрлашни бошлаб юборган бўлган.

Шариповнинг вояга етмаган аёли Нургалиева театрнинг очилиш маросимида "ўзини-ўзи портлатиши ва унда иштирок этадиган юқори лавозимли шахсларни ўлдириши" керак бўлган.

Айблов хулосасига кўра, террористик гуруҳ аъзолари аввалига, “кофир”ларнинг мол мулкини олиш мақсадида ҳужум қилишни режалаштирган. Маблағларнинг бир қисмини Россияда жанг қилаётган бўлгинчиларга юборишни мақсад қилган. Қолган қисмини эса Остонада терракт содир этиш учун қурол олишни мўлжаллашган.

Ҳуқуқ тартибот идоралари гумондорларнинг уйидан портлатилиши лозим бўлган биноларнинг чизмалари чиққанини айтишган.

Давлат қораловчисининг иддоа қилишича, Қўшалақов Қозоғистон ҳудудида Исломий давлат - Халифалик қуришни мақсад қилган террористик гуруҳни тузган.

'Ўйинчоқ милтиқ'

Айбланувчилардан бирининг отаси Қайрат Садирбеков vlast.kz ахборот порталига берган интервюсида ўғлининг айбсиз эканлигини айтган.

“Ўғлим эътиқодли бола, намоз ўқийди, қонунга қарши иш қилиши мумкин эмас. Кимнидир уриш ёки ўлдириш нияти йўқ. Агар соқол қўйиб, турмуш ўртоғи ҳижобда юрса, у террорист дегани эмас-ку”, - деган Қайрат Садирбаев.

Унинг айтишича, тинтув чоғида қўлга киритилган прокурорлар айтаётган милтиқ "ўйинчоқ милтиқ"дир.

Садирбаев гумондор 6 киши бир-бирини биродар сифатида танишини билдирган.

Саволлар

Қозоғистон Мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков террор қилинишидан олдин у ё-да бу гуруҳ ўз талабларини олдинги суришини, аммо бу ҳолатда ҳеч қандай асоссиз террорчилар пайдо бўлиб қолаётганини савол остига олади.

Телибековга кўра бу каби террористик гуруҳларнинг пайдо бўлиши Қозоғистонда ҳукумат учун кланлар ўртасида бошланган зимдан курашнинг натижасидир.

"Бугун ҳукумат инқирозни бошидан кечирмоқда. Мамлакат президентининг соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан ички кучлар ўртасида кураш кескинлашмоқда. Айрим гуруҳлар ўзларининг манфаати учун сиёсий барқарорликни бузиш мумкин", - дейди Мурат Телибеков.

Марказий Осиёда нисбатан барқарор ва тинч дея кўрилувчи Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида 2012 йили бир неча портлаш ва ҳужумлар амалга оширилган.

Расмийлар ҳужумларда диний экстремистларни айблашган.

Бу мавзуда батафсилроқ