Олма-Ота аэропортидан паноҳ топган фаластинлик

Фаластинлик Муҳаммад Албаҳиш икки ойдан бери Олма-Ота аэропортида яшаб келмоқда.

Қозоғистонга маъшуқасининг ортидан келган Муҳаммад визаси муддати тугагани боис Олма-Отада қамалда қолиб кетди.

25 ёшли дизайнернинг ватанига қайтиб кетиши учун бир неча тўсиқлар халақит бераяпти.

25 ёшли ошиқ Муҳаммад Албаҳишнинг ҳаво қўналғасида яшаётгани ҳақида илк бор Қозоғистондаги voxpopuli.kz веб саҳифаси маълум қилди.

Фаластинда туғилиб Ироқда ўсган Муҳаммад Дубайда дизайнерлик билан шуғулланган.

2012 йили у Дубайда қозоғистонлик Олеся Гришенкони учратади ва ёшлар бир-бирига кўнгил қўяди.

Ўтган йилнинг кузида Муҳаммад Олма-Отага қизнинг ота-онасидан қўлини сўраш учун учиб келади.

Ҳамма томон рози бўлгач ёшлар никоҳни қайд этиш учун ҳужжат йиға бошлашади.

Қозоғистон миграцион қонунларига кўра, Муҳаммад виза муддатини янгилаш учун ҳар ой Дубайга учиб бориб келади.

Аммо бу ҳолат фаластинлик ошиқнинг Бирлашган Араб Амирлигидаги виза муддати тугагунча давом этади.

Муҳаммад Албаҳиш Қозоғистонда бир ойлик виза олиш учун Истанбулга учади.

Аммо уни у ерда қабул қилишмайди ва ортга қайтаришади.

Бироқ виза муддати тугагани учун Қозоғистон ҳам уни мамлакат киритмайди.

voxpopuli.kz портали муҳаррири Муҳаммад билан телефон орқали гаплашган Алишер Еликбаевнинг айтишича, фаластинлик қаҳрамон 3 марта Истанбул ва Олма-Ота ўртасида бориб келиб сарсон бўлади.

Ниҳоят Олма-Ота аэропортининг халқаро учиб келиш залидан қўним топади.

“Унинг овқатланиши ёмон эмас. Кунига уч марта "Эйр Астана компанияси" ходимлари овқатлантиради. Икки ойдан бери шу ҳолат давом этмоқда. У ейиш-ичишидан нолигани йўқ. Халқаро учиб келиш залида ётиб турибди”, - дейди Алишер Еликбаев.

Муҳаммад Албаҳишнинг аэропорт ҳудудида яшаётганини маъмурият тасдиқлади.

Аммо бу борада изоҳ беролмаслигини билдирди.

Муҳаммаднинг севгилиси Олеся Гришенко оиласи билан муаммони ҳал қилиш учун керакли жойларга мурожаат қилиб юрибди.

Аммо ҳозирча бирор ўзгариш йўқ.

Муҳаммад Қозоғистондан қочқинлик мақоми ҳам сўраган.

Ҳозирча Қозоғистон расмийлари бу борада бирор изоҳ бергани йўқ.

Тарихда йўловчиларнинг аэропорт ҳудудида қолиб кетиш ҳоллари олдин ҳам учраган.

Шулардан энг машҳури эронлик қочқин Меҳрон Карими Носири 18 йил Париждаги Шарл де Голл аэропортида яшашга мажбур бўлади.

Ҳужжатларини ўғирлатиб қўйган бу қочқин ҳеч қайси давлатга чиқолмайди ва 2006 йилга келиб хасталангани учун аэропорт ҳудудидан олиб чиқилади.

Меҳрон Карими Носири ҳаёти асосида “Терминал” номли бадиий фильм ишланган.