Тожикистон Болливудга: ‘Фильмларингизни бизда олинг’

Image caption Ҳиндистон вице-президенти ҳам тожик вазирининг ҳамкорликка оид таклифини Болливуд продюссерларига етказишга ваъда берган

Тожикистон Болливудга фильмларини ўзларида олиш таклифи билан чиққан.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири яқинда ушбу масалани Ҳиндистон вице-президенти билан ҳам муҳокама этган.

Тожик томонига кўра, табиатларининг гўзаллиги Швейцариядан қолишмайди ва ўз фильмларини Тожикистонда олиш Болливудга Оврўподагидан кўра арзонроққа тушади.

Ўз навбатида, Ҳиндистон вице-президенти ҳам тожик вазирининг ҳамкорликка оид таклифини Болливуд продюссерларига етказишга ваъда берган.

Маълум бўлишича, Тожикистон узоқ танаффусдан сўнг яна бошқа давлат кинематографлари билан алоқаларини йўлга қўймоқчи.

Тожикистон ва Болливуд

Тожикистонда Ҳиндистон, ҳинд кино санъатига бўлган қизиқиш азал-азалдан ўзгача бўлиб келган.

Ҳинд фильмларининг жозибадор куй-қўшиқлари, кўзни қамаштирувчи либослари ёшлар ва маҳаллий санъаткорлар орасида жуда оммабоп.

Ҳинд кино юлдузларининг акслари туширилган тасвирлар эса, газета дўконларининг энг харидоргир молларидан бири.

Давлат телевизион каналлари орқали тез-тез намойиш этиб турилувчи ҳинд фильмлари қанчалар машҳурлиги бобида манаман деган Ҳолливуд фильмларини ортда қолдириб кетади.

Тожикистонлик санъатшунослар бунинг сирини икки халқ маданиятидаги руҳий уйғунликка боғлашади.

Афтидан, тожикистонлик масъуллар ҳам худди ана шуни назарда тутиб, ҳиндистонлик ҳамкасбларига фильмларини ўз табиатлари қучоғида олиш таклифи билан чиқишган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ушбу масалани Ҳиндистон вице-президенти Муҳаммад Ҳамид Ансорий билан Душанбеда бўлиб ўтган музокаралари чоғида кўтарган.

Швейцариядан заррача қолишмайди

Image caption Тожик томонига кўра, табиатларининг гўзаллиги Швейцариядан қолишмайди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг айтишича, табиати жуда гўзал эканини назарда тутиб, ҳиндистонлик кинематографларни ўз мамлакатларига таклиф этган.

Ўз навбатида, Ҳиндистон вице-президенти ҳам тожик вазирининг ҳамкорликка оид таклифини Болливуд продюссерларига етказишга ваъда берган.

“Тожикфильм” киностудияси раҳбари Носир Саидовнинг таъкидлашича, ўз фильмларини Тожикистонда олиш Болливудга Оврўподагидан кўра арзонроққа тушади.

Ҳиндистонлик продюссерлар ҳозирга қадар ўз фильмларини Швейцарияда тасвирга туширишни маъқул кўриб келишади.

Давомий беқарорликлар сабаб, улар гўзал Кашмирда ололмаган фильмларини Швейцариянинг чўққилари қорларга бурканган Альп тоғларида тасвирга туширишади.

Тожик томонининг ўйлашича, 93 фоиз ҳудуди тоғлардан иборат Тожикистоннинг кўркам табиати Болливудга жуда мос келади.

“Ҳиндистонлик кинематографлар ўз фильмларни Голландия, Швейцария ва бошқа Оврўпо давлатларида олиб келишади. Аммо иқлими ва табиатининг ўзига хосликлари билан Тожикистон бунга жуда мос келади. Устига устак, Тожикистонда миллионлаб ҳинд киноси мухлислари яшашади”, дейди Би-би-си билан суҳбатида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдулфайз Атоев.

Ҳинд томони эса, эътиборини энг аввало Тожикистонда лозим инфратузилма, тасвирга олувчи жиҳозлар ва хос техниканинг бор-йўқлигига қаратмоқда.

Ижарага киностудиямиз тайёр

Image caption “Тожикфильм” киностудиясидагилар эса, ҳиндистонлик ҳамкасбларини қабул қилишга ҳозирданоқ тайёр эканликларини айтишмоқда

“Тожикфильм” киностудиясидагилар эса, ҳиндистонлик ҳамкасбларини қабул қилишга ҳозирданоқ тайёр эканликларини айтишмоқда.

“Тожикистоннинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда йилнинг тўққиз ойида кино олсангиз бўлади. Табиатининг қанчалар гўзаллигини айтмайсизми: Тоғлар, водийлар....Биз ҳозир узоқ танаффусдан сўнг бошқа давлат кинематографлари билан яна алоқаларимизни йўлга қўйиш ва уларга ўз имкониятларимизни таклиф этишга уринаяпмиз. Масаланинг техник томонига келсак, бу соҳада ҳам аллақачон ишлар бошлаб юборилган, яъни замонавий жиҳозлар сотиб олганмиз. Бундан ташқари, уни ижарага олиш ва Тожикистонда туриш бошқа Оврўпо давлатлари билан солиштирганда арзонроққа тушади”, дейди киностудия раҳбари Носир Саидов.

Собиқ Шўролар даврида Тожикистонда йил бўйи кино олинган.

Агар таъбир жоиз бўлса, шаҳар ичидаги шаҳар бўлгани учун ҳам, ўша пайтда “Тожикфильм” киностудиясига, ҳатто, рухсатномасиз киришга изн берилмаган.

Шўролар Иттифоқи парчаланиши ортидан кино саноати ҳам оғир кунларни бошидан кечирди.

Бахтиёр Худойназаров каби тожикистонлик кўплаб таниқли кинематографистлар мамлакатни тарк этиб, хорижий давлатларда ишлашга мажбур бўлишди.

Оддий тожикистонликлар эса, кино оламининг сўнгги намуналаридан мамлакатга қароқчилик йўли билан келтирилган видеокассеталар ва DVDлар орқали бохабар бўлишади.

Сотувчилар махсус рухсатномага эга бўлганларини мамлакатга олиб кириш ўзларига қимматга тушишини айтишади.

Шу боис ҳам, сифатли фильмни томоша қилиш ноёб имконият.

Тожикистоннинг ички кино саноатини ривожлантиришга эса, кўп йиллар давомида давлат ғазнасидан бир доллар ҳам ажратилмаган.

Актёрлик ортиқ обрў эмас

Image caption Ҳинд фильмларининг жозибадор куй-қўшиқлари, кўзни қамаштирувчи либослари ёшлар ва маҳаллий санъаткорлар орасида жуда оммабоп

Узоқ йиллик танаффусдан сўнг, “Тожикфильм” яна тожикча фильмлар ишлай бошлаган.

Аммо кино олиш серхарж иш бўлгани учун ҳам, фақат давлат буюртмаси ёки ҳомийларнинг пуллари асосида тасвирга олинади.

Санъаткорларга кўра, ҳомийлар ҳам осонлик билан топилавермайди.

Тожикистонлик актёр ёки актрисалар ойига қарийб 80 АҚШ долларига тенг миқдорда маош олишади. Шу боис ҳам, ёшлар орасида ушбу касбни эгаллаймаган, дегувчиларининг сони оз.

Бироқ, “Тожикфильм” киностудияси раҳбари, кинорежиссёр бўлган Носир Саидовнинг айтишича, сўнгги йилларда давлат томонидан яна кўмак ола бошлашган.

“Ҳаммасини йўқ ердан бошлашга тўғри келади. Мисол учун, пардозчилар мактабимиз йўқлиги боис, фильм олмоқчи бўлсак, уларни Эрондан таклиф қиламиз. Малакали кинематографлар тасвирга олиш майдончасининг ўзида билмаганларини ўрганишади. Ёш артистлар етишмайди. Бу кўплаб омиллар, жумладан, ижтимоий факторларга ҳам боғлиқ”, дейди у.

Тожикистонда ишланган энг сўнгги сифатли фильмлардан бири эса, “Ҳақиқий туш” фильми бўлди.

Фильм давлат чегаралари билан бир-биридан айро тушган қўшни давлатлар ҳақида.

Фильмда асрлароша ёнма-ён яшаган ушбу давлатларнинг янги тартиб-қоидаларга кўникишлари қанчалик қийин кечаётгани ҳақида сўз боради.

“Ҳақиқий туш” фильмига кетган сарф-харажатлар эса, қарийб ярим миллион долларни ташкил этади.

Тожикистон шароити учун бу ақл бовар қилмас маблағ, чунки ўртамиёна ишланган битта фильмнинг харажати нари борса уч минг АҚШ долларигача бориши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ