"Исломчилар"нинг оилалари: Жабр ва ҳақорат остидаги ҳаёт

  • 24 Май 2013
Image caption "Биз экстремист эмасмиз..."

Сўнгги йиллар Тожикистонда исломчи гуруҳлар ва ташкилотларга аъзо деб шубҳаланганлар устидан ёпиқ маҳкама жараёнлари тез-тез ўтадиган бўлди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу каби жараёнлар қонунчиликка зид кечади ва бирданига кўплаб айбланувчилар устидан ҳукм ўқилади.

Ана шундай энг кўп айбланувчилар иштирокида кечган маҳкамалардан бирида тақиқланган «Жамоати Таблиғ»нинг 56 аъзоси устидан ҳукм ўқилганди. Бу 2009 йилда рўй берган маҳкама ишидан бир йил ўтиб Хўжанддаги ҳуқуқ-тартибот идорасига ҳужумда айбланиб 53 киши панжара ортида ҳозир бўлганди.

Иккала ҳолатда ҳам айбланувчилар узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилдилар.

Бу каби хабарлар ортида эса маҳкум этилганларнинг оилалари тақдири бор… Одатда улар «парда ортида» қолиб кетишади.

Боқувчисиз қолган оилалар

Ортда қолган оилаларнинг тақдири ўта аянчлидир, дейишади инсон ҳуқуқлари фаоллари.

Улар ҳуқуқ-тартибот идораларининг босими ва назорати остида қолишади.

Аксарият боқувчисидан айрилган аёллар ўз болалари билан қашшоқликка маҳкум этилади.

Асли хўжандлик бўлган беш фарзанднинг онаси 38 ёшли Инобат Ёқубова ҳозир пойтахтда яшайди.

Душанбеда ижарада туради.

У пойтахтга кўчишини эри Шариф Ёқубовга яқинроқ бўлиш нияти билан изоҳлайди.

Шариф «Ҳизбут таҳрир»га аъзоли учун 23 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Инобат тўрт ойда бир марта болалари билан эрини кўргани боради.

2034 йилгача қамоққа ҳукм этилган эри билан ҳижрон сал енгил бўладими деб у Душанбега кўчиб келганини айтади.

Биз Инобат билан учрашишни бир неча бор режаладик, аммо режаларимиз барбод бўлаверди…

Ниҳоят учрашдик… Инобат ўз қўрқувлари ҳақида очиқ гапирмаса ҳам, у мудом бир ҳадик остида эканини сезиш мумкин эди.

Мен Инобатдан ҳеч қандай сиёсий саволларни сўрамасликка ваъда бердим. Бу билан у ва қамоқдаги Шариф тақдири яна ҳам ёмонлашмасин деган истиҳолада эдик…

"Менинг эрим рус тили ва адабиёти ўқитувчиси…Аспирантликни тугатган. Мактабда дарс берар эди. Бизнеси бор эди. У дунёвий бир инсон, диндан йироқ эди…Ичиб турарди. Аммо мен танимайдиган бир дўсти билан учрашганидан кейин у ўзгариб кетди. У очиқдан очиқ «Ҳизбут Таҳрир» аъзоси эканини тан олди», деб хотирлайди Инобат.

Инобатга кўра, эри яхши томонга ўзгарган. Ичишни ташлаган, намозини ўқий бошлаган, ота-онасига меҳрибонроқ бўлган ва оила учун кўпроқ вақт ажрата бошлаган.

"У менга ниҳоят бир умр излаган йўлини топганини айтди. Аллоҳга эътиқод қилиш ҳаётининг мазмунига айланди. Мен ҳам ўйлаб ўтирмасдан, иккиланмасдан унинг айтганларини қабул қилдим. Аммо биз ҳеч қачон экстремистик фаолият юритмаганмиз, хориждан пул олмаганмиз, доим камтарона яшаганмиз».

Инобатнинг сўзларига қараганда, у ўз эри ва дўстларининг диний фаолиятлари ҳақида кўп нарса билмайди.

Турмушга чиққанидан кейин у асосан рўзғор ва болалар тарбияси билан банд бўлган.

"Гўдагим кўз ўнгида калтаклашди»

Image caption Мусулмонларни ижтимоий ҳақсизлик радикаллаштирмоқда

Инобатга кўра, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни муттасиз назорат қилишади.

"Агар улар қаердадир қанақадир варақа топишса, биринчи бўлиб биздан шубҳа қилишади. Бир куни мени ҳуқуқ-тартибот идорасига олиб боришди. Мендан фаолларнинг исм-шарифларини айтишни талаб қилишди. Аммо ҳеч нарса билмасдим мен… Улар мени уришди, тепишди, электр токи билан қийнашди…Ҳақорат қилдилар. Кейин ташқарига олиб чиқиб дарахтга боғлаб қўйишди. Устимдан совуқ сув қуйдилар. Сув танамда музлаб қоларди…Феврал ойи эди. Мен қўрқув ва оғриққа чидолмай уларнинг ҳамма айтганларини тан олдим. Ўзи бўлмаган одамларнинг номларини айтдим. Йўқ манзилларни айтдим. Энг қўрқинчлиси буларнинг барини улар уч яшар қизимнинг кўз ўнггида қилишди», дейди Инобат Ёқубова.

Жиноий ишларга қарайдиган бўлсангиз, аксарият фуқаролар буя ширин ташкилотга кўнгилли бўлиб киришади ва кейин варақалар тарқатиб, янги аъзоларни ёллай бошлашади.

«Ҳизбут Таҳрир»нинг кичикроқ гуруҳлари ким раҳбар ва яна ким оддий аъзо экани ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

Катта бир тармоқ кичик гуруҳларга бўлинган ва улар орасида алоқа йўқлиги айтилади.

Қўлга тушган аъзолар эса фақат ўзлари шахсан таниган бир неча кишининг номини айтиши мумкин, холос.

Асли касби ҳамширалик бўлган Инобат ҳозир бозорда савдо қилиб кун кечиради.

Кунига 15-20 доллар атрофида пул топади.

Бу фақат кундалик харажатларга етарли маблағдир.

Эрининг қариндошлари унга ёрдам бериб туришади.

"Бизнинг ҳаётимиз жабр ва ҳақоратлар остида ўтмоқда…Эрларимиз қамоқда, болалар отасиз улғайишмоқда, биз қандай қилиб рўзғор тебратсак экан деб жонимиз ҳалакда…Уйда нима еймиз? Дори дармонни қайси пулга оламиз? Эрларимизга нима олиб борамиз? Аксарият қарзга умргузаронлик қилмоқда», дейди Инобат.

Яккаланганлар

Image caption Шуҳрат Қодиров: "Ҳеч кими йўқлар узоқ муддатга ҳукм қилинади одатда..."

Ҳукуматнинг ўз фуқароларини назорат қиламан дея қўйган қадамлари, қайтага ўртага зиддият солмоқда, дейди Душанбедаги масжидларга ибодат учун келганлардан бири.

Унинг акаси ўтган йили «Салафия» гуруҳига аъзолик айблари билан ҳибсга олинган экан.

У ўз акасини дастакламаслигини айтади, аммо шунда ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимларининг таъқибидан чўчийди.

Унинг назарида, жамиятда радикаллашувнинг асосий сабаби ишсизлик ва ижтимоий ҳақсизликдир.

Мутахассисларга кўра, радикаллашаётганлар орасида ўзига тўқ оила фарзандлари ва ё ҳатто ишбилармонлар ҳам бор.

Улар кенг илдиз отган порахўрлик ва маъмурий тўсиқларга қасдма-қасд бу гуруҳларга қўшиладилар ва ё ҳомийларга айланишади.

"Агар қонунбузарликни бирор мулозимнинг қариндоши қиладиган бўлса, унда унга энг енгил жазо берилади. Озод қилишга ҳаракат қилишади. Аммо агар ҳеч қандай таниши йўқ бир киши жиноятга қўл урса, унга энг узоқ жазо муддати белгиланади», дейди адвокат Шуҳрат Қудратов.

Акс таъсир

Image caption Яқинлари қамоқда қолаётган аёллар

Шуҳрат Қодиров диний айбловлар билан қамоққа ташланганларнинг бирортаси оқланиб чиққани ҳақида маҳкама қарорини эслай олмаслигини айтади.

Тожикистонда ўнлаб диний гуруҳлар, оқимлар ва ташкилотлар қонундан ташқарида деб эълон қилинган.

Улар орасида «Ҳизбут Таҳрир», «Салафия» ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бор.

Марказий Осиё давлатларининг ҳукуматлари диний радикал гуруҳларнинг фаоллашувидан хавотирда эканларини урғулаб келишади.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда юзлаб одамлар турфа диний ташкилотларга аъзолик айблари зиндонбанд этилади.

Мутахасислар қамоқдан қайтага кўпроқ Исломчилар чиқиб келишаётганини айтишади.

Радикал деб қараладиган шахслар бошқа аристонларни ҳам ўз ақидаларига оғдириб олаётгани айтилади.

Аксарият мутахасислар Тожикистонда радикал гуруҳларнинг таъсири айниқса ёшлар орасида кучайиб боришини айтишади

Ҳукуматнинг қаттиққўл ва куч ишлатиш йўли билан муносабати эса вазиятни яна ҳам кескинлаштирмоқда.