Тожикистонда YouTube тармоғи яна тўсиб қўйилди

Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати топшириғига биноан мамлакатдаги деярли барча провайдер ва операторлар ушбу сайтга киришни ёпишган.

Бундан олдин ҳам Тожикистонда бир неча бор YouTube видео тармоғи тўсиб қўйилган эди.

Бу сафарги тўсиққа ўтган ҳафта YouTubeда Тожикистон Президенти ўғлининг тўйи ёзилган видео интернет фойдаланувчилари эътиборига ҳавола этилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бироқ бу хабар ҳали расман тасдиқланмаган.

Президент ўғли Рустам Раҳмоновнинг тўйи лавҳалари мухолиф фаолларидан Додожон Атоуллаевнинг шарҳлари билан бирга намойиш этилди.

Жаноб Атоуллаевнинг айтишича, тўй маросими ёзилган видео учун Тожикистон Давлат телерадио раиси Асадулло Раҳмоновга каттагина пул тўланган.

Айни пайтда YouTube раҳбарияти Тожикистон Алоқа хизматидан видетармоққа тўсиқ қўйилиши ҳақида расмий билдириш олганини тасдиқлаган.

Тожикистон интернет-провайдерлар Ассоциацияси бошлиғи Асомиддин Атоевга кўра, Алоқа хизмати тармоққа нима учун тўсиқ қўйилиш сабабларини тушунтирмаяпти.

Асомиддин Атоев бир қанча провайдерларга юқоридаги хизматдан Тожикистон ҳақидаги янгилик ва таҳлилий мақолаларни бериб борадиган Toptj.com сайтини ёпиб қўйиш топширилганини айтган.

Бундан олдинроқ Алоқа хизмати расмийлари интернет провайдерлардан Facebook ижтимоий тармоғига тўсиқ қўйишни сўрашган эди.

Шунингдек, ҳозирда Тожикистон ҳукуматини қониқтирмайдиган ББС, Озодлик, Фергана.ру каби ахборот сайтлари ва мухолиф қарашларини ёритадиган бошқа бир қанча сайтларга ҳам киришнинг иложиси бўлмаётгани айтилади.

Ўз навбатида Тожикистондаги интернет фойдаланувчилари ҳукумат қўйган тўсиқларни қандай қилиб айланиб ўтиш йўллари бўйича маълумотларни ўзаро алмашмоқдалар.

Интернет тармоқларидаги хабар ва фикрларга кўра, кўпчилик фойдаланувчилар прокси-хизматлар нима экани ва уни қандай ишлатишни эндиликда яхши билишади.

Бу мавзуда батафсилроқ