МДҲнинг бешта авиаширкати дунёдаги "энг ноқулай"лар рўйхатида

Image caption Авиаширкатлар рейтинги йўловчилар орасида ўтказилган сўровга биноан тузилган.

Дам олиш мавсуми олдидан Американинг Business Insider таҳлилий портали жаҳондаги энг ёмон авиаширкатлар рўйхатини тузишга қарор қилган.

Рўйхатга Skytrax авиахизмати мутахассисининг берган маълумотлари асос қилиб олиниб, экономкласс йўловчилари фикрлари асосида тузилган.

Авиаширкатлар асосан қулайлик, тозалик, салоннинг умумий аҳволи, бериладиган овқат сифати, стюардессаларнинг хушмуомалиги ва эътиборлиги, инглиз тилини қанчалик билиши ва бошқа шартлар бўйича баҳоланган.

Рўйхатни бошлаб берган "Туркманистон ҳаво йўллари" (Turkmenistan Airlines) Skytraxнинг паст баҳосига "ўриндиқларнинг ноқулайлиги","хизмат кўрсатишнинг сифатсизлиги", "салондаги ходимларининг инглиз тилини етарли билмаслиги" ва "хушмуомалалик талабларига жавоб бермагани" учун лойиқ кўрилган. Шунингдек ширкатнинг рўйхатга олиш тизими ҳам танқид қилинган.

"Украина Халқаро ҳаво йўллари" (Ukraine International Airlines) рўйхатда Судан давлатидан кейин учинчи ўринда. Йўловчилар авиаширкатнинг ўриндиқлари, кўнгилочар воситалари ва овқат сифатидан қониқишмас экан.

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари" (Uzbekistan Airways) эса 1 балл билан тўртинчи ўринга муносиб кўрилибди. Бунга рейсларга рўйхатга олишнинг ноқулайлиги, ходимларнинг муомаласи, овқат сифати ва ёстиқчаларнинг етишмаслиги сабаб бўлган.

Корея ва Болгария авиаширкатларидан кейинги ўринга қўйилган "Россия" авиаширкатидан фойдаланувчиларни ходимлар муомаласи ва болалар билан учишга ноқулайлик норози қилибди.

"Тожикистон Ҳаво йўллари" ҳам салондаги ноқулайликлар ва ходимларнинг хизмати пастлиги сабабли ушбу рўйхатнинг 9-ўринини эгаллаган.

Рўйхатда шунингдек, Испания ва Сурия авиаширкати ҳам бор. Оврўпо Иттифоқининг санкциялари туфайли бир пайтлар хизмат сифати мақталган Сурия авиаширкатидан фойдаланувчилар кескин қисқарган.

Энг яхши ширкатлар учлигига эса Singapore Airlines, Malaysia Airlines ва Virgin America киритилган.

Энг яхши йигирмалик орасида Қозоғистоннинг Air Astana ширкати бор.

Йўловчилар қулай ўриндиқ, мазали овқат, тоза салон ва яхши кўнгилочар воситалари мавжуд авиаширкатларни юқори ўринларга қўйишган.

Шунингдек рейсларнинг ўз вақтида хизмат кўрсатмаслиги ҳам "энг ёмон"лар рўйхатига кириб қолишга сабаб бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ