Москва мэри: 'Аралашмаган муҳожирлар ортга қайтсин'

Image caption Москва мэри Сергей Собянин аралашмаган муҳожирларга чиқиш йўлини кўрсатмоқчи

"Москва кўп миллатли шаҳар бўлиб қолиши керак" - деган «Московские новости» газетасидаги суҳбатида Москва мэри Сергей Собянин - "Аммо интеграцияга киришмаган муҳожирлар ортга, ўз юртларига қайтиб кетишлари лозим".

Жаноб Собяниннинг ушбу фикри Россиядаги муҳожирлар бобида қизиётган баҳсу мунозараларнинг сўнггисидир.

Ҳозир аксар Марказий Осиёдан келган 10 миллионга яқин муҳожир Россияда яшаб, ишламоқда. Уларнинг қарийб учдан бир қисми эса Москвада.

Шу боис муҳожирлар пойтахтда яқққолроқ кўзга ташланади. Бу эса маҳаллий аҳолида аксилмуҳожир кайфиятларини кучайтирмоқда.

Бошқа томондан, маҳаллий москваликлар бажаришни истамаган фаррошлик ё ҳаммоллик каби оғир ишларни ҳам муҳожирлар, хусусан, ўзбеклар қилишмоқда. Чунки Ўзбекистон давлати қайғурмайдиган ўзбеклар Россиядаги энг ҳуқуқсиз жамоа саналади.

Ўз ҳукуматлари саъй-ҳаракатлари туфайли Россияда анчайин кўпроқ ҳақ-ҳуқуққа эга муҳожирлар - қирғизлар ва тожиклар эса кўпинча дўконларда ҳамда ошхонаю қаҳвахоналарда ишлайдилар.

Кўчадаги руслар кўзига эса айнан ана шу ўзбек фаррошлари ва ҳаммоллари ташланади.

Москвадаги "Сова" ахборот марказидан Александр Верховскийга кўра, бир қисм маҳаллий аҳоли бу муҳожирларнинг ўзлари билан аралашиб кетишини исташмайди.

"Аввало бу муҳожирларнинг интеграциялашуви учун имконият яратиш даркор" - дейди Александр Верховский - "Шундан кейин натижалар қандай бўлишини кўриш керак".

Москва ҳокими муайян миллат вакиллари тўпланиб яшайдиган мавзеларни геттоларга қиёслайди ва муҳожирларнинг бу тахлит умргузаронлик қилишига қаршилигини айтади.

"Бундай мавезалар юзага келгани ҳақида менга маълум эмас" - дейди "Сова" вакили - "Аммо юзага келиш эҳтимоли йўқ эмас".

Кулбадан интеграция кутма

Айни дамда, Россияга ишга келаётган муҳожирларнинг аксариси доимий яшаб қолишни эмас, балки бир муддат пул ишлаб, ватанига қайтиб кетишни исташади.

Image caption Барча руслар ҳам фаррошлик ё ҳаммоллик қилаётган муҳожирларнинг ўзлари билан аралашиб кетишини исташмайди

Мутахассисларга кўра, қисқа вақтга келган муҳожирларни жамиятга интеграция қилиб бўлмайди.

Айни дамда, интеграция деганда кўпчилик рус тилини билишни ва йирик шаҳар қонун-қоидаларига мос яшашни ҳам қайд этишади.

Мутахассисларга кўра, сўнгги йиллари келаётган ёш муҳожирлар русчани билишмайди, қишлоқлардан келганлар эса катта шаҳарда яшаб кетишга қийналишади.

Тил билмаган ва қонун-қоидалардан бехабар ҳуқуқсиз муҳожирлар эса кўп ҳолларда эксплуатация қилинмоқда.

"Келаётган аксар муҳожирлар меҳнат шартномасига эга эмас, ижтимоий суғуртаси йўқ" - дейди Александр Верховский - "Қаерда ишласалар , ўша ерда яшаб, кун кечиришяпти. Жуда кам ҳақ олишяпти, баъзида умуман олишмайди".

"Бу каби муҳожирлардан турли жиноиий гуруҳлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқдалар".

Кузатувчиларга кўра, Россия жамиятида шу асно параллел ҳаётда, буткул ўзгача, ҳуқуқсизлик шароитида яшаётган жамоа пайдо бўлмоқда.

"Агар Россия бу жамоани ўзига интеграция бўлишини истаса, улар учун рисоладагидек шароит яратилиши керак" - дейди "Сова" вакили - "Акс ҳолда, кулбада яшаб юрган одамдан қанақа интеграция кутасан?"

Бу мавзуда батафсилроқ