Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Панжширдаги ҳужум учун масъуллигини айтди

Image caption Ҳужумчилар ҳукумат биносини забт этишга уринганлар

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати чоршанба куни Афғонистоннинг нисбатан тинч Панжшир вилоятида юз берган худкушлик ҳужумлари учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Би-би-си Ўзбек хизматининг электрон манзилига йўлланган баёнотда "фидойилик костюмини кийиб олган 6 баҳодир чоршанба куни тонг сахарда вилоят ҳокимияти, қўмондони амният (ички ишлар вазирлиги) бинолари жойлашган марказий нуқтага ҳужум уюштиргани" айтилади.

ЎИҲ нинг даъво қилишича, ҳужумда 38 нафар афғон аскарлари ва 6 нафар хорижий фуқаролар дохил, 50 киши ўлдирилган, яна 43 киши оғир яраланган.

19 май куни эрта тонгда Панжшир вилоят марказидаги ҳукумат ва хавфсизлик идораларига уюштирилган худкушлик ҳужумларида , расмийларга кўра, бир афғон полиция ходими ҳалок бўлган.

Афғон хавфсизлик кучлари Панжшир вилоят ҳокимлиги биносини забт этишга уринган олти ҳужумчини отиб ўлдиргани хабар қилинган.

Расмийларга кўра полиция кийимини кийиб олган ҳужумчилар 7 киши бўлган.

"Улардан уч нафари ўзини портлатди, тўрт киши эса полиция томонидан отиб ўлдирилди" деган Панжшир полицияси бошлиғи Қосим Жангалбағ.

Унга кўра, эрта тонг бўлгани учун ҳокимият биносида ҳеч ким бўлмаган.

Панжшир 2001 йилгача аксилтолибон кучларининг қаршилик маркази бўлган эди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг баёнотида айтилишича, ҳалок бўлган ҳужумчиларнинг икки нафари ўзбекистонлик, бир киши Қирғизистондан, қолган уч ҳужумчи эса Афғонистон фуқароларидир.

ЎИҲ фақат бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган афғон расмийлари ва хориж матбуотини "уятсизлар" деб атаган.

Аввалроқ Толибон ҳам ҳужум учун масъул эканини айтган.

Толибон тарафида жанг қилаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг сўнгги пайтларда Афғонистон шимолида фаоллашгани кузатилади.

АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги амалиётларини қўллаб-қувватлаётган Марказий Осиё давлатлари исёнчиларнинг ўз ҳудудларига сизиб кириши хавфидан хавотир билдиришган.

'Мувофиқлаштирилган ҳужумлар'

Панжширдаги ҳужумлар исёнчиларнинг навбатдаги яхши ташкиллаштирилган ва мувофиқлаштирилган ҳужумлари бўлган.

Ҳужумлардан мақсад шу йил охирида НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши арафасида Кобулдаги ҳукуматга босим ўтказиш экани айтилади.

НАТОнинг 100 минг кишилик жанговар қўшинлари шу йил охирида Афғонистонни тарк этади.

Чоршанба куни Жалолободдаги Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг қароргоҳига уюштирилган ҳужумда бир афғон қўриқчиси ҳалок бўлган.

Хавфсизлик кучлари етти нафар хориж фуқароларини қутқаргани хабар қилинган.

Ҳужумчилар икки киши бўлгани, улардан бири ҳудкушлик белбоғини бино дарвозасига ўрнатгани айтилади.

Бу 2001 йил Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар бошланганидан буён Қизил Хочга қарши биринчи йирик ҳужум бўлган.

Бетараф ташкилот сифатида билинадиган Қизил Хоч Толибон дохил, Афғонистондаги барча урушаётган томонлар билан яхши алоқаларга эга.

Қизил Хоч ўз баёнотида сиёсий бўлмаган ва инсоний кўмак кўрсатиб келаётган бир ташкилотга уюштирилган ҳужумдан "таажубга тушганини" айтган.

Аввалроқ исёнчилар пойтахт Кобулдаги БМТ ва Халқаро Муҳожирлик Ташкилоти биноларини нишонга олган эдилар.

Автоулов воситасида амалга оширилган ва беш соат давом этган худкушлик ҳужумида бир полиция ходими ва икки оддий афғон ҳалок бўлишган.

17 киши яраланган, улар орасида Халқаро Муҳожирлик Ташкилотининг 7 нафар ходимлари ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ