Қирғизистон: 'Қумтор' бўйича норозиликлар тўқнашувларга айланди

Қирғизистоннинг Иссиқкўл туманида олтин ширкати атрофидаги можародаги тўқнашувлардан кейин ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Канаданинг Centerra Gold ширкати назоратидаги "Қумтор" кони Қирғизистон бюджетига энг кўп даромад келтираётган ширкат, бироқ норози намойишчилар Қирғизистон учун янада кўп ҳиссалар берилишини талаб қилмоқдалар.

Кеча юзлаб намойишчилар электр станцияни босиб олиб, "Қумторнинг" электр таъминотини узиб қўйганди.

Бугун ҳуқуқ-тартибот органлари маҳаллий ГЭСни назоратига олган, 2000 нафарча намойишчи билан полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Тўқнашувлар намойишчиларни тарқатиш учун юзлаб полиция кучлари сафарбар этилиши ортидан келиб чиққан.

Хабарларда айтилишича, намойишчиларни ўраб олган полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган, норозилик иштирокчилари эса, полицияга қарата тош отишган.

"Қумтор Голд" фаолият бошлаганидан бери 1 миллиард доллардан ортиқ солиқ тўлагани ва ижтимоий лойиҳалар учун миллионлаб долларлар сарфлаётганини айтади.

Ҳукумат ва "Қумтор Голд" агар вазият ўнгланмаса, ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Ўз баёнотида ҳукумат даромаддан каттароқ ҳисса олиш йўлида ишлашга ҳам ваъда берган.

Воқеа жойидаги Би-би-си Қирғиз хизмати мухбирининг хабар қилишича, 1000 га яқин киши Бишкекка борувчи асосий йўлни тўсиб қўйган, улар Президент ва Бош вазирни кўришни талаб қилишмоқда. Унга кўра, полиция билан кечган тўқнашувларда ҳар икки томондан ҳам яраланганлар бор.

Электр таъминотини шикаст етказганлар, ҳукумат бинолари ва тижорий корхоналарни ишғол қилганларга қарши жиноий иш очилган.

Норозилик чиқиши иштирокчилари олтин конида таъминотни узиб қўйиш мақсадида электр станциясини назорат остига олишган.

Бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаган.

У:"Агар одамлар тинчланса, бу тартиб бекор қилинади", деб айтган.

Лекин, Би-би-си мухбирига кўра, митинг қатнашчилари Президент ёки Бош вазирнинг келишини талаб қилиб, Тамға қишлоғига йўл олганлар.

"Айтиш мумкинки, улар фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилаяптилар. Лекин, унинг соати кечки 9дан кейин бошланиши хабар қилинган", дейди мухбиримиз Назгул Қўнғурбаева.

Ҳукумат мавқеъи

Image caption Би-би-си Қирғиз хизмати мухбирининг хабар қилишича, одамлар Бишкекка борувчи асосий йўлни тўсиб қўйишган

Қирғиз ҳукумати Иссиқкўл жанубидаги ғалаёнларга қатъий жавоб беришини изҳор этмоқда.

Бугун жума тонгидан қайта бошланган намойишга қарата елим ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллангани бундан нишон беради.

Электр таъминотини узиб қўйган, ҳукумат бинолари ва тижоратларга дахл қилган шахсларга нисбатан аллақачон жиниой иш қўзғатилмоқда.

Қирғизистон Бош вазири Канаданинг олтин қазиб чиқарувчи ширкати билан мавжуд шартнома бекор қилинмаслигини айтган.

Унга кўра, бекор қилинса ҳам Қирғизистоннинг ўзига зарар бўлади.

Айни дамда Президент Атамбоев намойишларни ташкил этган одамларни жазолаши ҳақида ҳам билдирди.

"Бугун Қирғизистон қонунни бузган одам ёдидан чиқармасин - давлат бор кучини ишга солиб, уни жазолайди. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса бир ойдан, ёки бир йилдан кейин барибир жазолаймиз. Мамлакатни беқарорлаштириш ва гўрга тиқиш ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмайди", - деб айтган Қирғизистон Президенти.

Президентнинг ушбу муносабати эҳтиросларни қанчалик босиши маълум эмас.

Норози оломон Канада Centerra Gold ширкатига қарашли олтин конини давлат тасарруфига ўтказишни талаб қилмоқдалар.

Centerra Gold фаолият давомида бир миллиард доллардан кўпроқ солиқ тўлаганини айтади. Centerra Gold Қирғизистонда энг кўп солиқ тўлаётган ширкатдир.

"Қумтор" ҳар вақт сиёсий восита бўлиб келган. Биз Қирғизистондаги энг йирик ширкат ва энг катта солиқ тўловчимиз. Шу боис, биз осонгина нишонга тушамиз. Муайян шахслар ва гуруҳлар бизни футбол қилишади. Биз тўлаётган солиқ маҳаллий Иссиқкўл минтақасини ривожлантиришга сарфланади. Бу йил мазкур жамғармага биз 28 миллион долларга яқин маблағ қўшганмиз", - дейди Centerra Gold ширкатидан Жон Пъерсон.

Аммо, Қирғизистон шароитида ҳар қандай норозилик осонгина намойишга, ҳар қандай намойиш эса, дабдурустдан зўравонликка айланиб кетиши кўп бора синалган.

Бундай ҳолатда, нафақат ҳукумат, балки тижоратлар ҳам катта хавотир ичида қолиши аниқ.

Денгиз сатҳидан 4 минг метр баландда жойлашган "Қумтор" - дунёдаги энг баланд ва қазиб чиқиш қийин бўлган олтин кони саналади.

Айни дамда Қирғизистон каби табиий бойликлари кам ва қашшоқ мамлакат учун бу кон қарийб миллий бойлик тимсоли ҳамдир.

Чунки, Қирғизистон четга сотадиган маҳсулотнинг ярмини "Қумтор" олтини ташкил этади.

Лекин, Centerra Gold билан мавжуд келишувни ўрганган адвлат ҳайъати Канада ширкати жуда ҳам кам солиқ тўлаётгани борасида хулосага келганди.

Бошқа томондан, Centerra Gold билан кечаётган воқеалар шундоқ ҳам беқарорлик ва зўравонликларга тез-тез саҳна бўлиб турадиган Қирғизистонга бошқа хорижий сармоядорлар келишини тўхтатиши мумкин.

Қирғизистон давлат хабар агентлигига кўра, бир гуруҳ норози одамлар жануби-ғарбий Жалолобод шаҳридаги маҳалолий ҳукумат бинолари назоратини қўлга олишган.

Агентликка кўра, мазкур иш мамлакат шимоли-шарқида кечаётган норозиликларни дастаклаш мақсадида уюштирилган чиқишлар чоғи амалга оширилган.

Бу мавзуда батафсилроқ