Қирғизистонда вазият яхшиланмоқда

Image caption Бош вазир янги ҳоким Мамитовдан вазиятни яхшилаш учун ёшлар билан кўпроқ иш олиб боришни сўраган.

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, Иссиқкўлдаги оммавий тартибсизликлардан сўнг Жета-Ўғуз туманидаги вазият барқарорлашган, намойишчилар уйларига тарқалишган.

АКИpress агентлиги ёзишича, ҳукумат намойиш қатнашчилари билан келишишга муваффақ бўлган. Шунга қарамасдан Жета Оғуз туманида фавқулодда ҳолат сақланиб турибди.

"Қумтор" конига олиб борувчи йўл очилди. Электрэнергия таъминоти тикланди. Конда тўхтаб қолган икки кунлик иш умумий маҳсулот ҳажмига катта таъсир қилмайди", деб маълум қилган "Kumtor Operating Company" вице президенти Родни Ступарик Қирғизистон вице президенти Тойирбек Сарпашев билан учрашувда.

Қирғизистон Бош вазири Жанторо Сотиболдиев намойиш ва тартибсизликлар давомида "Қумтор"га етказилган зарар 4 миллион долларни ташкил қилганини айтган.

Қирғиз ҳукумати Иссиқкўл туман инфраструктурасига етказилган зарарни 1,4 миллион долларга тенг, дея баҳолаган.

Тартибсизликлардан сўнг Иссиқкўл вилояти ҳокими ўзгартирилган. Вилоятга борган Бош вазир Жонторо Сотиболдиев Мирбек Асанақуловнинг ўрнига генерал лейтенант Тўкон Мамитовни янги ҳоким қилиб тайинлаган.

Бош вазир янги ҳоким Мамитовдан ёшлар билан кўпроқ иш олиб боришни сўраган.

Сотиболдиевга кўра, Қумтор ўз фаолиятини тўлиқ куч билан қайта бошлаши керак. "Бошқа конлар Қумтордаги ишлаб чиқариш билан рақобатлаша олмайди",- деган у.

"Қирғизистоннинг ўзига зарар бўлади"

Денгиз сатҳидан 4 минг метр баландда жойлашган "Қумтор" - дунёдаги энг баланд ва қазиб чиқиш қийин бўлган олтин кони саналади.

Айни дамда Қирғизистон каби табиий бойликлари кам ва қашшоқ мамлакат учун бу кон қарийб миллий бойлик тимсоли ҳамдир.

Канаданинг Centerra Gold ширкати назоратидаги "Қумтор" Қирғизистон бюджетига энг кўп даромад келтираётган ширкат, бироқ норози намойишчилар Қирғизистон учун янада кўп ҳиссалар берилишини, акс ҳолда ҳукуматдан шартномани бекор қилиш, корхонани миллийлаштириш, маҳаллий халқ учун имтиёзларни ошириш ва янги касалхона биноси қуришни талаб қилишган эди.

Қирғизистон Бош вазири Канаданинг олтин қазиб чиқарувчи ширкати билан мавжуд шартнома бекор қилинмаслиги, бундай ҳаракат Қирғизистоннинг ўзига катта зарар бўлишини айтган.

Жума куни юзлаб намойишчилар билан милиция ўртасида тўқнашув келиб чиққач, Президент Атамбоев вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилган ва айбдорлар қаттиқ жазоланиши билан огоҳлантирган.

Жалолободдаги намойишчилар

Бироқ жанубда аҳвол ўзгачароқ, вилоят ҳокимлигига кириб олган намойишчилар ҳамон ўша ерда ўтиришибди. Тунни шу ерда ўтказган намойишчиларга яна одамлар келиб қўшилган.

Одамлар баллонлар билан йўлни тўсишган, ҳокимлик олдида транспорт ҳаракати тўхтатилган, лекин бу шаҳардаги вазиятга таъсир қилмагани айтиляпти.

Иссиқкўлдаги нотинчликдан фойдаланган мухолифат аъзолари ўзларининг тарафдорлари билан Жалолободда намойиш уюштириб, вилоят ҳокимлигига бостириб киришган ва янги ҳоким сайлашларини эълон қилишган эди.

Шоирбек Ташиев бошчилигидаги намойишчилар ҳоким ўринбосари бўлган Тоир Чорбековни ўзларининг янги ҳокимлари қилиб сайламоқчи бўлишган, бироқ у кўнмаган.

Намойишчиларнинг ҳукуматдан сўраётгани асосан "Ота Журт" депутатларини озод қилиш, "қонундаги ўғри" Азиз Батукаевнинг қамоқдан чиқарилиш сабаби ва "Қумтор" масаласидир.

Жалолобод вилояти бўйича мухтор вакил Жусубали Торомаматов ўзининг вазифасини ҳокимлик биносидан бошқа жойда туриб давом эттирмоқда.

"Биз ўз халқимизга нисбатан куч ишлатишни хоҳламаймиз. Шунинг учун оқсоқоллар намойишчилар билан музокара олиб боришмоқда. Жалолободдаги воқеаларни бўрттириш керак эмас, вазиятни барқарорлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда",- деб айтган Жусубали Торомаматов .

Матбуот хизматининг хабар беришича, намойишчилар томонидан шаҳарда ва ҳокимлик биносида талончилик, ўғрилик ҳолатлари содир этилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ