Қирғизистон: Жалолободнинг 'халқ губернатори' ғойиб бўлиб қолди

Image caption Медер Усенов ғойиб бўлиб қолганининг учта версияси илгари сурилмоқда.

2 июн куни ўзини Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятининг "халқ губернатори" деб эълон қилган Медер Усенов ўғирлаб кетилган.

Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига Жалолобод вилояти маъмуриятини ўзбошимчалик билан босиб олганлар хабар берганлар.

Ўнлаб сондаги мухолифат тарафдорлари 31 май куни вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олган эдилар.

Уларнинг амаллари юзасидан прокуратура ҳокимиятни куч билан босиб олиш айблови билан жиноят иши қўзғатган.

Тарафдорлар 2012 йил 3 октябрида Бишкек шаҳрида ҳукумат биносини куч билан босиб олишда айбланган мухолифатдаги "Ата Журт" фракцияси етакчилари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовларнинг қамоқдан озод этилишини талаб қилганлар.

1 июн куни эса Жалолобод вилояти ҳокимлигини босиб олганларнинг бир неча раҳбари пойтахт Бишкекка музокаралар учун йўл олганлар.

Мухолифатчилар Президент Алмазбек Атамбоев билан учрашув ташкил этишни талаб қилганлар.

Ўзини "вилоятнинг халқ губернатори" деб эълон қилган "Ата Журт" партиясининг ушбу ҳудуд бўйича мувофиқлаштирувчиси Медер Усенов уч парламент аъзосини озодликка чиқариш ҳақидаги қарор қабул қилиниши биланоқ Жалолобод маъмурияти биносини "бўшатиб қўйишга тайёр" эканларини айтган, бироқ прокуратурадан ҳокимиятни қонунга зид босиб олиш банди бўйича жиноят ишини тўхтатишни талаб қилган.

Жаноб Усенов сафдошлари сўзларига кўра,"бугун эрталаб номаълум одамлар уйининг олдида Усеновни рақамлари йўқ қора жипга итариб солганлар ва номаълум томонга олиб кетганлар".

Жалолобод вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам ўзларига Медер Усеновнинг қаерда экани номаълум эканини айтганлар.

Россиянинг Interfax ахборот агентлиги хабар қилишича, Медер Усенов ғойиб бўлиб қолганининг учта версияси илгари сурилмоқда.

Биринчиси, жиноий гуруҳлар томонидан ўғирлаб кетиш.

Иккинчиси, махсус хизматлар томонидан ҳибсга олиш.

Учинчиси, шу йўл билан милиция ҳибсга олгани.

Interfaxга кўра, Қирғизистон кучишлатар тизимлари Медер Усеновнинг ғойиб бўлишида ўзларининг алоқалари борлигини рад этганлар, бу Усенов атрофидагиларнинг шов-шув тарқатиш мақсадидаги амаллари бўлиши мумкин, деб айтганлар.

Чиндан ҳам бу хабар тарқалганидан кейин Жалолобод вилояти ҳокимлиги биносига одамлар тўплана бошлаган.

Кечга яқин Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси хабар тарқатган, унда Медер Усеновга қарши ҳокимиятни куч билан босиб олиш банди бўйича жиноий иш очилгани маълум қилинган.

Медер Усеновнинг Бишкек шаҳрига олиб кетилгани хабар қилинган.

Айни пайтда "Қумтор" олтин кони миллийлаштирилиши талаби билан Қирғизистон шимолидаги бир неча кундан буён норозилик амалиётлари бўлиб ўтган Жети Ўғуз туманида тун осойишта ўтган, деб хабар қилган Ички ишлар вазирлиги.

Вазирлик воизига кўра, кечки соатларда комендантлик соати амал қилишида маҳаллий аҳоли ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳамроҳлик қилмоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ