Бишкек-Ўш автомобил йўлида мингдан ортиқ машина йиғилиб қолган

Image caption Норози одамлар "Халқ губернатори"Мадир Усенов ва "Ота Журт" депутатларини тезликда чиқаришни талаб қилишмоқда.

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, "Халқ губернатори" Медер Усеновнинг ушлаб кетилганидан норози одамлар Бишкек-Ўш шоҳ йўлини тўсишда давом этишмоқда.

АКИпресс хабар агентлигининг ёзишича, йўлнинг иккала томонида мингдан ортиқ машина йиғилиб қолиб, ҳайдовчиларнинг ғазабини қўзғаган.

Шунга қарамасдан, йўлга юрталарини ўрнатиб олган одамлар "Ата Журт" депутатларини озод қилиш масаласини тезлаштиришни ва Медер Усеновни қўйворишни талаб қилиб туришибди.

Намойишчилар ва ҳайдовчилар орасида даҳанаки тортишувлар кузатилган. Намойишчилар орасида тушунтириш ишлари олиб бораётган милиция ходимлари масалани тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.

Баъзи хабарларга кўра, Бишкек-Ўш йўлида пайдо бўлган тиқилинчда бир машина ёниб кетган, қурбонлар борлиги айтилган. Ёнғинга нима сабаб бўлгани ўрганилмоқда.

Айни пайтда, Президент Алмазбек Атамбоев "Қумтор" кони жойлашган Жета Ўғуз туманида "вазиятнинг барқарорлаши муносабати билан" коммендантлик соатини муддатидан олдин бекор қилган. Фавқулодда ҳолат 10 июнгача давом этиши кутилаётган эди.

Қирғизистон расмийларининг билдиришича, Жалолобод шаҳрида вазият яхшиланган. Барча давлат ташкилотлари ўз тартибида ишлаяпти.

Ҳокимият вакилларига кўра, жалолободликлар яна бошланган норозиликлардан хавотирдалар.

"Халқ губернатори"нега ўғирланди?

2 июн куни ўзини Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятининг "халқ губернатори" деб эълон қилган Медер Усенов ўғирлаб кетилган эди.

Қирғизистон кучишлатар тизимлари Медер Усеновнинг ғойиб бўлишида ўзларининг алоқалари борлигини рад этганлар, бу Усенов атрофидагиларнинг шов-шув тарқатиш мақсадидаги амаллари бўлиши мумкин, деб айтганлар.

Чиндан ҳам бу хабар тарқалганидан кейин Жалолобод вилояти ҳокимлиги биносига одамлар тўплана бошлаган.

Кечга яқин Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси хабар тарқатган, унда Медер Усеновга қарши ҳокимиятни куч билан босиб олиш банди бўйича жиноий иш очилгани маълум қилинган.

Медер Усеновнинг Бишкек шаҳрига олиб кетилгани хабар қилинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги "Қумтор" олтин кони миллийлаштирилиши талаби билан Қирғизистон шимолидаги бир неча кундан буён норозилик амалиётлари бўлиб ўтган Жети Ўғуз туманида вазият яхшиланаётганини билдирган.

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматига кўра, ўзини "халқ губернатори" деб эълон қилган Медер Усенов масаласи 4 июнда маҳкамада кўрилади.

Бу мавзуда батафсилроқ