Ўзбекистон яна Тожикистон Алюминий заводи зарарларидан огоҳлантирди

Ўзбекистонда ташкил қилинган экология ҳафталиги доирасида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчилиги Буюк Британиядаги журналистлар ва тадқиқотчилар учун Тожикистон Алюминий заводининг Ўзбекистон атроф-муҳитига таъсирига бағишланган брифинг мулоқот ташкил қилди.

Учрашувда Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров Тожикистон Алюминий заводи - ТАЛКОнинг Ўзбекистон экологиясига етказаётган зарари ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Ўзбекистон жамоатчилиги Ўзбек-Тожик чегарасидаги дунёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқариш корхонасининг инсонлар саломатлиги ва наботот оламига салбий таъсири ҳақида 1990-йиллардан буён огоҳлантириб келади.

Брифингда айтилишича, ТАЛКО атроф-муҳитга чиқараётган саноат чиқиндилари туфайли чегарадош ҳудудларда, яъни Ўзбекистоннинг жанубий Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой ва Жарқўрғон туманларида яшайдиган бир миллиондан ортиқ аҳоли зарарли таъсир остида қолиб кетмоқда.

Image caption ТАЛКО атроф-муҳитни заҳарли бирикмалар билан зарарлантирадиган манбага айланди, деб таъкидлади Ўзбекистон элчиси.

Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрида жойлашган ТАЛКО заводи 1975 йилда ишга тушган ва ўзбек мутахасисларнинг фикрича, бугунга келиб технологиялари эскирган, бироқ шунга қарамасдан корхона фаолият юритмоқда.

ТАЛКО йилига 517 минг тонна алюминий ишлаб чиқариши керак, аммо завод ўз ишлаб чиқариш қувватининг ярмига ишламоқда, деди элчи Отабек Акбаров ўз маърузасида.

ТАЛКО ҳар йили ҳавога ўртача 22-23 минг тонна заҳарли модда чиқармоқда, деб огоҳлантиришади ўзбек расмийлари.

“Заҳарли моддалар орасида фторли водород ўта хавфли деб саналади, унинг миқдори кўпайиб бораётгани оқибатида атрофдаги тупроқ, сув манбалари зарарланмоқда, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги, чорвачилик маҳсулдорлиги пасайиб кетмоқда. Бошқача айтганда, ТАЛКО атроф-муҳитни заҳарли бирикмалар билан зарарлантирадиган манбага айланди”, деб таъкидлади Ўзбекистон элчиси.

Бундан ташқари, заводнинг заҳарли чиқиндилари Сурхондарё вилоятидаги бир неча туманларда истиқомат қиладиган аёлларининг репродуктив саломатлигига хавфли таъсир кўрсатмоқда, чақалоқларнинг ногирон ва ўлик туғилишларига сабаб бўлмоқда.

Завод Тожикистон валюта даромадининг тўртдан уч қисмини ташкил этади ва минглаб ахолини иш билан таминлагани сабаб ички иқтисодда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон парламентида махсус мақомга эга бўлган Ўзбекистон Экологик Ҳаракати завод атмосферани заҳарли чиқиндилар билан заҳарламоқда, дея бонг уриб келади.

Бир неча йил олдин ТАЛКО таъсирига қарши маҳаллий аҳоли Экологик Ҳаракат ташаббуси билан норозилик чиқишларини уюштирганди.

Бироқ Тожикистон Ўзбекистон расмийларининг ТАЛКО борасидаги хавотирларини рад этиб келади, расмий Тошкентнинг даъволарини "сиёсийлашган" деб атайди.

Ўзбекистон элчихонасининг билдиришича, Ўзбек томонининг хавотирлари инобатга олинмай қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ