Фожеадан уч йил ўтиб Қирғизистон жанубида ярашув интилишлари қандай?

Можарода икки томон ҳам жабр кўрган деб айтилади, бироқ Қирғизистон жанубида яшаётган ўзбеклар учун зарба жуда катта бўлган. Интернет воситалари хам турли хил расмлар, видеофильм ва ҳужжатлар орқали "рақамли хотирани" эслатиб туради. Бу ўз ўрнида, этник зўравонликлар гирдобига йўлликан одамларга хизмат қила оладими? Ижтимоий медиа даврида интернетда пайдо бўлган ўзбеклар жамоалари қандай қилиб ярашишга тайёр бўлишади?

Америкалик олима, этнограф Сара Кендзиор билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

Сара Кендзиор: Мен ўзбек жамоаларига баҳо бермоқчи эмасман, уларнинг ниятлари ёмон эмаслигига ишонмоқчиман. Катта фожеалар содир бўлганда, кўп одамлар шахсий эхтирослар билан бунга ёндашади. Бу эҳтиросларни ёмон ёки яхши деб айтолмайсиз, чунки бу ҳодиса содир бўлган ва одамлар ўз муносабатини ханузгача билдиришмоқда. Бунинг оқибатлари икки йўналишда кетиши мумкин, бир томондан Қирғизистон ҳукумати ўзига мос йўлда воқеаларни тақдим эта олишига оид тахминлар хавотирларни уйғотади. Ва бундан ташқари Ўш ва бошқа атрофда яшайдиган ўзбекларга нисбатан бўлган шафқатсизликларнинг аҳамиятини туширишга қаратилган харакатлар хам жуда ташвишлантиради. Ҳамда ходисалар қандай ривожлангани борасида текширувларни олиб боришда интернет кўмак бериши мумкин, яъни шахсий видео ва расмлар каби далиллар сақланиб қолади. Бошқа томондан эса, агар бу далиллар интерентда сақланиб қолса, одамлар орасида самимий кечириш хисларини олиб чиқиш ва ярашув алоқаларини йўлга қуйиш қийин бўлади. шуниси қизиқки, мен бу ҳодисалардан сўнг шахсан ўзим Ўшга борганим йўқ, лекин мен суҳбатлашган шахс икки маротаба, 2011 ва 2012 йилларда у ерга бориб қайтди. Унинг хулосаси шу бўлдики, Ўшдаги ўзбеклар бу ҳодисаларни ортда қолдиришни истайдилар, улар бу ҳодисаларни унутишмаган, ёддан чиқаришмаган лекин ортда қолдиришни истайдилар. Улар кундалик ҳаётлари билан машғул бўлиб, айни вақтда фаол бўлиш ёда ўз ҳақларини талаб қилиш имконига эга эмасликларини тушунадилар. Улар бу к аби масалаларни кўтариб чиқишга ҳаркат қилмаяптилар, чунки оқибати қандай бўлишини биладилар. Жанубий Қирғизистонда яшамаётган ўзбеклар эса ҳануз ўта ғазабдалар ва қасос олиш истаги билан яшамоқдалар. Керакли текширув ўтказилмади, тегишли хулосалар чиқарилмади, биз яна қилишимиз керак, деб савол ташлаётганлар бор. Нима қилишимиз керак, деб сўрашади, лекин мен аниқ жавоб беролмайман, улар балки халқаро даражада текшириш ўтказилишига чақиришлари мумкин, лекин Ўшдаги ўзбекларни назарда тутсак, уларнинг хуқуқлари чегараланган холда қолиб кетаётир.

Image caption Ўзбеклар бу ҳодисаларни унутишмаган, ёддан чиқаришмаган, лекин ортда қолдиришни истайдилар.

Би-би-си: Лекин айни вақтда интернетда бу зўравонликлар туширилган расм ва маълумотларни қайта-қайта чоп этиш бу ғазабнинг сақланиб қолишига хизмат қилаётган бўлса, айни вақтда ўзаро нафратнинг ҳам сақланиб қолишига хизмат қилаётган бўлиши мумкин, демак бу каби иккиламчи вазият мавжуд, шундайми?

Сара Кендзиор: Ҳа бу каби таъсир бор ва нимани изҳор қилиш керагу нимани изҳор қилиш керак эмаслигини айтиш жуда қийин. Бир томондан бўлди, зўравонликни ёддан чиқаринг дея олмайсиз. Бу ҳодисалар инсонлар ҳаётига таъсир қилган, ўчмас из қолдирган. Зўравонлик оқибатида 500 киши қурбон бўлди, деган статистик маълумот ортида бу 500 киши ҳар бирининг ҳаёти, уни яхши кўрган яқинлари, мотам тутаётган оиласи турибди. Албатта бу ҳодисаларга туртки берган алоҳида шахслар бор, иккала томондан ҳам қурбонлар бор. Бутун бошли жамоаларни айбламасдан ўша муайян шахсларни топиб жавобгарликка тортиш менимча, адолатни ўрнатиш йўлида хизмат қилиши мумкин. Халқаро миқёсда баъзи ўзбек жамоаси вакиллари томонидан бутун қирғиз халқини ёмон отлиққа чиқариш ҳаракатлари натижа бермайди. Уларнинг орасида ҳам бу зўравонликларни қоралаган талайгина одамлар бор. Бу ерда жамоаларни эмас балки Жиноятчиликка қўл урган индивидуал шахсларни адолатга олиб келиш керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Қирғиз ҳукуматининг ҳодисалар талқини ўзгача дедингиз, икки томон талқинини яқинлаштириш, умумийлаштириш имкони борми?

Сара Кендзиор: Бу жуда қийин вазифа. Бу ҳодисалар содир бўлган вақти, Қирғизистон ҳукумати ўта мушкул ўзгаришларни бошдан кечирмоқда эди. Ўшандан бери ўтган вақт ичида мамлакат жануби анчайин миллатчилашиб кетди. Қудрат динамикаси ўзгарди, ҳозирда қирғиз жамоаси анчайин қудратлироқ, ўзбек жамоаси ўзи эга бўлган қудратнинг анча қисмини йўқотди. Хуллас қудрат динамикасида ҳам ўртача йўлни топиш ҳозирда мушкул. Агарда ҳукумат бу ҳодисаларда қўли борларни текширадиган бўлса, улардан аксари қирғиз миллатига мансуб эканлиги аниқланиши мумкин. Хуллас улар барқарорлик ва тинчликни сақлашга ҳаркат қилмоқдалар, лекин бу тинчлик адолатга асосланган эмас. Балки вақт ўтиши билан вазият ўзгарар, Қирғиз ҳукумати анчайин очиқ ва демократик йўлдан борар. Бу каби ҳодисалар жаҳоннинг бошқа нуқталарида ҳам содир бўлган. Дастлаб жамоалар қандай қилиб энди бирга яшашади, деган хавотирлар бўлган ерлар бўлган, мисол учун собиқ Югославияда, лекин кейинчалик бу муаммога жиноятчиларни махкамага тортилганидан сўнг ечим топилган. Хуллас бу бўлмайдиган нарса эмас, лекин ҳиссиётлар ҳануз жўш урмоқда.

Би-би-си: Интренет одамларга фожеадан сабоқ чиқариш ёки унинг мудҳиш сабабларини тушуниш учун қандай ёрдам бериши мумикн?

Сара Кендзиор: Ҳукумат ёки бир қудратли гуруҳ одамларга ҳеч нарса содир бўлмади дея таъкидлаб турса, интернет ўз расмлари ва далиллари орқали хақиқий вазиятдан маълумот беришга ёрдам бериши мумкин. Ва ўзбеклар жамоасига ўз ҳиссиётлари, муаммоларини дунёга айтиш учун учун хам қандайдир бир восита бўлиб қолган. Бироқ, шу билан бирга интернетга ёмон ёки яхши деб баҳо бериш керак эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ