Қазиғуртда Шанхай ташкилоти ҳарбий машқлари ўтказилади

Қашғарда 2011 йилда ўтказилган аксилтеррор ҳарбий машқлар

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси хабар қилишича, 13 июн куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистон чегарасига яқин Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида "Казигурт Анти-Террор-2013" ҳарбий машқлари бўлиб ўтади.

Ҳарбий-ўқув машқлари Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий Аксилтеррор бошқармаси қарори асосида ташкиллаштирилаётгани хабар қилинган.

Машқларда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг тегишли идоралари иштирок этади.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитасидан билдиришларича, ушбу ҳарбий машқлардан кўзланган мақсад, Шанхай ташкилотига аъзо мамлакатларнинг аксилттерор амалиётларига жалб этиладиган бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорлик йўлларини ишлаб чиқишдир.

Қозоғистоннинг Қазиғурт тумани Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти билан чегарадош.

Бу ҳудуддаги ҳарбий полигон Шўро замонидан сақланиб қолган.

Бу ерда қароргоҳи Тошкентда жойлашган бутун минтақа республикалари ҳарбий тизимларини ўзида бўйсундирган Туркистон Ҳарбий округининг махсус "Туркистон совхози ҳам жойлашган эди.

Бундан бир йил олдин Тожикистон ҳудудида “Тинчлик Миссияси – 2012” деб номланган қўшма ҳарбий машғулотлар бўлиб ўтган эди.

Бир ҳафта давомида Хўжанд яқинида ўтказилган бу машқларда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг икки мингдан ортиқ ҳарбийси иштирок этган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзоси бўлса-да, Ўзбекистон Тожикистонга ўз қўшинларини юбормаган.

Тожикистоннинг Роғун ГЭСини барпо этиш режаси, темир йўлдан фойдаланиш каби қатор масалалар сабабли икки давлат ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда таранглашган.

Куни кеча Туркманистонни Ўзбекистонни айланиб ўтиб Тожикистон билан боғлайдиган ва Афғонистон орқали ўтадиган янги темир йўл лойиҳаси қурилиши Туркманистон ҳудудидан бошлангани хабар қилинди.

Бу мавзуда батафсилроқ