Ўшдан қочган инсон нима дейдию Ўшда қолгани қандай фикрда?

Қирғизистон жанубида 2010 йил июн ойида юз берган қонли низолар ўн минглаб кишиларнинг муҳожиратга юз тутишларига ҳам сабаб бўлганди.

Қочоқлардан аксарияти Россия ёки Туркиядан бошпана топишган.

Орада кечган вақт давомида улардан кўпчилиги ортга, ўз уйларига қайтишган.

Аммо, халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, қочоқлардан 60.000 га яқини ҳануз Қирғизистон ва дунё бўйлаб дарбадарликда ҳаёт кечиришмоқда.

Улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади.

Ёлғиз қизи билан уч йилдан буён Москвадан бошпана топиб келаётган ўшлик суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозирга келиб, Россияда ҳаётини деярли тиклаб олган ва умрбод Қирғизистонга қайтмаслик аҳдида қатъий:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Энди, барибир, Ватан ватан-да! Туғилиб ўсган жойингиз қайдаю, бировнинг юрти қаерда? Аммо пушаймон бўлганимиз билан иложимиз йўқ. Ўшда битта онам қолди. Қолган ҳаммаси ўзининг аравасини тортиб, ҳар жойга кетди. Энди, болаларимизнинг келажаги бор-да Россияда, Қирғизистонда келажаги йўқ", дейди у.

Суҳбатдошимиз уч йилдан буён москвалик бир зиёли хонадонда уй хизматчиси бўлиб ишлаётган эса-да, кечираётган ҳаётидан нолимаслигини таъкидлайди.

"Худога шукр, ҳаётимни тўлиқ йўлга қўйдим. Ҳаммаёғим яхши, уй-жой олдим. Ишлаган жойимда ишлаб юрибман, ўрис бўлисшаям, шулар ёрдам беришаяпти, қарашишяпти, ўзим ҳам меҳнатимни аямайман, яхшиман-да ", дейди у.

"Уй тозалайман, 90 га кирган бир кампир бор, унинг оғир-енгилини кўтараман, овқат қиламан, болаларни мактабга кузатаман, мактабдан келишади, уларга қарайман, овқатини бераман, шу...Энди, Худога шукур, етиб турибди. Ношукурлик ҳам қилмайлик, Аллоҳга шукур".

Суҳбатдошимиз орада кечган вақт давомида Ўш воқеаларидан қаттиқ таъсирланган қизалоғининг ҳам соғлиғи ўнгланиб қолгани, мактабдаги ўзлаштиришлари яхши эканини айтади.

Унга кўра, ҳозир фарзандининг яхши таълим олишидан бошқа муаммоси йўқ ва бор саъй-ҳаракати ҳам шунга қаратилган.

"Қизим менга ўхшаб фаррош бўлиб юрмасдан, қўлида ҳужжати бўлиб, ўзининг севган касбида ишласа, дейман. Шунга ҳаракат қилаяпман, ҳозир фақат шу билан оворамиз".

Суҳбатдошимиз ўз юртидан кўнгли совугани, 2011 йилда Россия фуқаролигини олгани, аммо, алал-оқибат, Ўзбекистонга кўчиб бориш ниятида эканини айтади.

"Борсам ҳам, шу Андижонда ўртоқларим бор, бир ҳафта, икки ҳафтага меҳмонга бораман. Ҳеч кимга тортмайди ҳам, тинч бўлиб, юришса бўлди. Пул тўплаб, Тошкентга, Ўзбекистон томонга чиқиб олсак, Худо хоҳласа, қариганда, ўша ерларда бўламиз-да энди, Россияда ким кўмади бизни?", дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, Россиядаги ўзи билган аксарият юртдошлари бугунга келиб Ўшга қайтиш ниятига тушиб қолишган.

"Қайтмайман, деганлари камдан-кам учрайди, барибир, она юрт - она юрт-да, деб...Энди, ота-онаси борлари кўп-да. Бола-чақалари қолган. Қурблари етса-да, фуқаролик ҳам олишмади. Россияда ишлаб, у ерда уй-жой солишди".

Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди. Минглаб уй-жой ва тижоратларга ўт қўйилганди.

Орада кечган вақт давомида қирғин асоратларини бартараф этиш учун муайян ишларга қўл урилган, вайрон бўлган биноларнинг аксарияти қайта тикланган.

Одамлар ҳам ўша кунларни унутиш, ҳаётларини изга қўйишга уринишмоқда.

Аммо маҳаллий фаоллар қирғиндан жабр кўрган аҳолининг аксарияти орадан уч йил ўтиб ҳам, ҳар томонлама ёрдамга муҳтож эканликларини айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Миллий низолар чоғида бор-будидан айрилган эса-да, Ўшда қолишга қарор қилган мана бу суҳбатдошимиз эса, мавжуд қийинчиликларга қарамай, барибир, Қирғизистонни ҳеч қачон тарк этмаслигини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Биз яшаётган манзил - Черёмушки маҳалласи бутунлай куйиб кетган. Уйларимиз куйган. Бола-чақаларимиз уйсиз-жойсиз қолишган. Неччи йил, неччи замондан бери йиққан бор-будимиз куйиб кетган, буюмларимиз, бор давлатимиз, маблағларимиз, ҳеч нарсасиз қолганмиз. Фақат жонимиз омон қолган. Масалан, бизга тазйиқ ҳам ўтказишган...Лекин бизда ҳеч қачон киндик қонимиз тўкилган еримизни, ўзимиз туғилиб, ўсган шаҳримизни - энди, бу - биз учун Ватан-да, ташлаб чиқиб кетиш истаги ҳам, мақсади ҳам бўлмаган", дейди у.

Суҳбатдошимиз ҳозиргача бошларидан турли қийинчиликларни кечиришаётгани, халқаро ташкилотларнинг хайрия пуллари кўмагида қуриб берилган тўрт хонали уйда тўрт оила яшашларига тўғри келаётганига қарамай, энг муҳими - ўзлари ўсиб, улғайган ерларидан кетмаганликларини таъкидлайди.

У бугунги тирикчиликларидан ҳам нолимаслиги, мактабда ишлаётган иккита қизининг маоши ва ўзининг савдо-сотиқ қилиб, топаётган пули рўзғорларига етиб турганини айтади.

"Менинг назаримда, одам ўзидан яхшироқ, юқорироқ яшаётган одамга ҳавас ҳам қилиш керак, лекин орқасидаги ўзидан ҳам ночорроқ бўлган одамга қараб, яхшироқ яшаяпман, Худога шукур, қанча қийинчиликдан омон қолдим. Қайсидир душманларнинг олдида мен яшаяпман, жонимнинг омонлиги билан, юриб, яшаб юрганимни уларга зарба деб билаяпман-да, энди", дейди суҳбатдошимиз.