Қирғиз-Тожик чегарасидаги 'можаро ҳал қилинди'

  • 12 Июн 2013

Расмийларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги баҳсли ҳудудда маҳаллий аҳоли ўртасида келиб чиққан таранг вазият ҳал этилган, ҳудудни чегарачилар қўриқлаяпти.

Ҳодиса Қирғизистоннинг Боткен вилояти Самаркендек қишлоғи ва Тожикистоннинг Суғд вилояти Исфара туманига тегишли Сурх қишлоқлари ўртасидаги ер устидан келиб чиққан.

Қирғиз расмийларига кўра, 10 июн куни икки қишлоқ орасидаги ҳудудга Сурх қишлоғи аҳолиси қум тўка бошлаганлар, бу ўша жойларни ўзлаштириб олиш мақсадини кўзлаган.

Самаркендек қишлоғи одамлари бундан ғазабланганлари, сурхликларни ўзбошимчалик билан Қирғизистонга тегишли ерга қум тўкишни тўхтатишни талаб қилганларини айтишган Боткен вилояти расмийлари.

Даҳанаки жанжал пайти икки томондан ҳам оломон тўплана бошлаган.

Самаркандек қишлоғи қирғизлари ва Сурх қишлоғи тожиклари айтишларича, икки томонда 600 тача одам тўпланган ва ҳар дақиқада муштлашиш бошланиб кетиши мумкин эди.

Энг сўнгги дақиқада милиция ходимлари ва чегарачилар муштлашишга тайёр оломонни тўхтатиб қолганлар.

"Агар мабодо бир тош отилса, кейин унинг оқибатларини тўхтатиб бўлмас эди", деб айтган журналистларга Боткен милицияси бошлиғи ўринбосари Улан Рисбеков.

Боткен вилояти яшловчилари айтишича, Сурх қишлоғи яшовчилари борган сари кўп ҳудудни ўзлариники қилиб олаяптилар, бироқ бу ҳудудларга Қирғизистонга тегишлидир.

Томонлар қўшни тарафни ўзларига тегишли чорва боқиладиган яйловларни ўзбошимчалик билан ўзлаштираётганликда айблайдилар.

Бироқ расмийларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида 2008 йилда ўзаро келишув имзоланган ва унга кўра баҳсли ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланган.

"Биз одамлар билан бир неча соат мобайнида музокара олиб бордик. Шундан кейин улар тарқалдилар. Ҳозирги можаро ҳал қилинди, лекин Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараларини дилимитация ва демаркация қилиш масалалари тўла ҳал қилинмаса, бундай маҳаллий жанжаллар бундан кейин ҳам келиб чиқади", деб айтган Тожикистоннинг Исфара туманидаги Чегара бўлими раҳбари Алишер Ҳанифов.

Тожик чегарачиларига кўра, Тожик-Қирғиз чегарасидаги Исфара туманида 39 та баҳсли ҳудуд бор ва бу ҳудудлар устидан мунтазам жанжаллар бўлиб туради.

Бу мавзуда батафсилроқ