Ислом Каримов: 'Ўзбекистон ва Қозоғистон рақобатчилар эмас'

  • 14 Июн 2013
Image caption Хабарларга кўра, томонлар Қозоғистон раҳбарининг сафари якунида ўзаро стратегик ҳамкорликка оид битимни ҳам имзолашмоқчи

Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда президент Нурсултон Назарбоев билан Тошкентда кечган музокаралари ортидан баён қилган.

Томонлар кун давомида стратегик ҳамкорликка оид ва яна ҳукуматлараро қатор битимларни ҳам имзолашган.

Ўзбекистон президенти икки давлатнинг иқтисодий шарт-шароитлари бошқача ва мақсадлари ҳам тўқнашмаслиги боис, бир-бирлари билан беллашмасликларини айтган.

"Агар, биз Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақида сўз юритадиган бўлсак, орамизда ўзаро рақобат йўқ ва бу яқин келажакда бўлмайди ҳам. Бизнинг шарт-шароит, табиий, минерал ва бошқа захираларимиз буткул бошқача. Агар бизнинг мамлакатимизда пахта етиштириш устунлик қилса, Қозоғистон кўпроқ ғалла экади", деб айтган Ўзбекистон раҳбари.

Президент Ислом Каримов, ўз ўрнида, қозоғистонлик ҳамкасби билан музокаралари самарали ва ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашда ниҳоятда аҳамиятли бўлганини урғулаган.

Хабарларга кўра, музокаралар чоғида томонлар минтақада катта зиддиятларга сабаб бўлиб келаётган сув захираларидан қандай фойдаланиш масаласида ҳам сўз юритишган.

Тожикистон Сирдарёда қуриш ҳаракатида бўлган йирик Роғун ГЭСидан жиддий хавотирда бўлган Ўзбекистон раҳбари ушбу масалани Остонага ўтган йилги сафари чоғида ҳам кўтарганди.

Икки қўшни давлат раҳбарларининг глобал молиявий инқирознинг минтақага таъсири ва хорижий қўшинларнинг Афғонистондан 2014 йилги сафарбарлиги ортидан кучайиши мумкин бўлган экстремизм хавфини қандай бартараф этиш масаласини ҳам муҳокама этишгани айтилмоқда.

Томонлар минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун барча лозим ва амалий чораларга қўл уришларини ҳам таъкидлашган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев эса, икки давлат орасида савдо, иқтисодий, маданий ва инсонпарварлик соҳаларида алоқаларни янада чуқурлаштиришнинг муҳимлигини урғулаган.

Жаноб Назарбоев бир-бирларининг манфаатларини назарда тутган ҳолда, эркин савдо ҳудуди яратилишининг аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Сўнгги йилларда ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қозоғистон раҳбарларининг бу каби музокаралар арафасида бир-бирларини муҳим стратегик шериклар сифатида атай бошлашгани кўзга ташланади.

Қайта илий бошлаган алоқалар

Image caption Ўзбекистон томони яна Қозоғистон билан бирга Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутишлари мумкинлигига ишонади

Президент Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга 2010 йил, президент Ислом Каримовнинг Остонага ўтган йилги сафарлари эса, икки давлат орасидаги алоқаларнинг қайта илий бошлаганига далолат қилади.

Жумладан, Ўзбекистонга сўнгги сафари чоғида Қозоғистон раҳбари, "келишмовчиликлар ўтмишда қолгани, бундан буёғига ораларидаги муносабатнинг жуда илиқ бўлиши ва ҳамма енгил тортиши"ни баён қилганди.

Ўзбекистон президенти эса, Остонага сўнгги ташрифи чоғида минтақадаги зиддиятли сув муаммоси борасида қозоғистонлик ҳамкасбининг дастагини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Аммо президент Каримов мавжуд зиддият минтақада сув урушини келтириб чиқариши хавфидан огоҳлантирган бўлса, Қозоғистон раҳбарининг бу масаладаги чиқиши анчайин босиқ бўлганди.

"Биз юқори оқимдаги қўшниларимиз Қирғизистон ва Тожикистонга дўстона саломларимизни йўллаш билан қуйи оқимдаги Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сув тақчиллигидан азоб чекишини эслатиб қўймоқчимиз. Биз ушбу масалани биргаликда ечиш умидидамиз", деганди жаноб Назарбоев.

Ўзбекистон томони яна Қозоғистон билан бирга Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутишлари мумкинлигига ишонади.

Қозоғистон тарафи эса, икки давлат орасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг яхши суръатларда ривожланиб бораётганидан мамнун.

Ҳамкорликдан қандай фойда?

Image caption Хорижий қўшинларнинг 2014 йилги сафарбарликлари ортидан, Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши ҳам бу икки давлат раҳбарини жиддий хавотирга солаётган масалалардан биридир

Айрим таҳлилчиларга кўра, ўз амбицияларини йиғиштириб қўйиб, ўзаро алоқаларини янада кучайтирадиган бўлишса, Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёдаги сув, энергия ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда катта таъсирга эга бўлишади.

Уларнинг айтишларича, сўнгги пайтларда Россия билан алоқалари яна совий бошлаган Ўзбекистон ҳам минтақавий муаммоларнинг ечимида Қозоғистоннинг қанчалик муҳим ўрин тутишини англай бошлаган кўринади.

Бундан ташқари, Оролбўйидаги экологик ҳалокат, диний экстремизм, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уюшган жиноятчилик хавфи ҳам бу икки давлатни бирдек ўйлантириши шарт бўлган муаммолар сирасида тилга олинади.

Хорижий қўшинларнинг 2014 йилги сафарбарликлари ортидан, Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши ҳам бу икки давлат раҳбарини жиддий хавотирга солаётган масалалардан биридир.

Аммо томонларнинг бу борадаги ошкора чиқишлари ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Расмий Тошкент сафарбарлик ортидан Афғонистон фуқаролар уруши гирдобига ботиши, террорчилар ва бангивор моддалар уясига айланишидан хавотирда.

Қозоғистон раҳбарияти наздида эса, вазият у даражага етиб бормайди.

Жорий пайтда афғон можаросининг ечимида ҳам томонларнинг якдил саъй-ҳаракатлари яққол кўзга ташланмайди.

Жумладан, яқинда Афғонистон масаласида Қозоғистонда бўлиб ўтган йирик халқаро анжуман Ўзбекистоннинг иштирокисиз кечганди.

Маҳаллий таҳлилчилар ушбу масалада ҳам ҳамкорликдан кўра, шахсий амбициялар кўпроқ рол ўйнаётганига ишора қилишади.

Алоқалар

Image caption Айрим маълумотларга таянилса, Қозоғистон Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган.

Айрим маълумотларга таянилса, Қозоғистон Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

Бу икки давлат ўртасидаги савдо айланмасининг ҳажми эса, ўтган йил якунида қарийб 3 миллиард долларга етган.

Агар, 2011 йилги кўрсаткичлар билан таққосланса, сўнгги рақамлар савдо ҳажмининг 10 фоиздан ортиқроққа ўсганига далолат қилади.

Аммо, Қозоғистон томони яқинда келтирган маълумотларга ишонилса, сўнгги 10 йилда Қозоғистоннинг Ўзбекистонга киритган сармоялар ҳажми Ўзбекистоннинг Қозоғистонга киритганидан 10 баробар кўпдир.

Қозоғистон, яна шунингдек, Россиядан кейин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари энг кўп йўл солаётган иккинчи давлат саналади.

У ерда ўн минглаб ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигида банд эканликлари айтилади.

Маҳаллий таҳлилчилар эса, яқин ва узоқ хориждаги ўзбекистонлик муҳожирлар юбораётган маблағлар Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя камарини ўтаб келаётганини айтишади.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга ташрифи чоғида Қозоғистон элчихонасининг янги биноси ва машҳур қозоқ шоири Абай шарафига қўйилган ҳайкални ҳам тантанали очиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ