"Душанбе-Москва" йўналишидаги учоқда йўловчи вафот этган

Душанбедан Россияга учган йўловчи ошқозонида олиб кетаётган гиёҳванд моддадан заҳарлангани тахмин қилинмоқда.

Маълум бўлишича, 16 июн куни парвоз пайти йўловчи ўзини ёмон ҳис қила бошлаган.

Экипаж аъзолари учоқни қўндириб, беморни Тез ёрдамга беришга қарор қилишган. Бироқ учоқ қўнишга улгурмасдан тожикистонлик йўловчи вафот этган.

Россия шошилинч хизмат ходимлари билдиришича, унинг ошқозонидаги гиёҳванд модда идиши ёрилиб кетгани ўлимга олиб келган бўлиши мумкин.

Бу каби ҳодисалар Россияга парвоз қилаётган йўналишларда тез-тез содир бўлиб туриши айтилади.

"Ошқозонида гиёҳванд моддани олиб ўтмоқчи бўлган йўловчилар кўрсатилган тез ёрдам натижасида кўпинча тирик қолишади, бироқ ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, бундай жиноятга қўл ураётганлар камаймайди", - дейди Россия божхона хизмати вакили.

Гиёҳванд моддаларга қарши кураш назорати бўйича федерал хизмат раҳбари Виктор Ивановга кўра, дунёда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланадиган кишилар кўпайиб бормоқда ва Тожикистон афюн савдоси бўйича олдинги ўринларда туриши хавотирлидир.

Бу биринчидан мамлакатдаги ишсизликка бориб тақалса, бошқа томондан қисқа муддатда мўмай даромад топиш илинжидаги кишиларни тинч қўймаётганидир,- дейди Иванов.

"Шу билан бирга Куч ишлатар тизимлардаги ходимлар ва Тожикистондаги юқори лавозимли мулозимлар бу хавфли савдога аралашган ва уларнинг ишлари ҳамиша ҳам ошкор қилинмаслиги жиноятнинг томир отиб бориш сабабларидандир".

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш агентлигига кўра, 1 кг героин Афғонистонда 800дан 2000 долларгача, Тожикистонда 4-5 минг доллар, Россияда 8-10 минг долларга баҳоланади.

Наркотрафикка қарши кураш Тожикистонга чегарадош Афғонистондаги катта ҳудудлар ҳукумат томонидан назорат этилмаслиги боис мураккаблигича қолаётганлиги айтилади.

Ғарб давлатлари Тожикистон ҳукуматини гиёҳванд моддалар олиб чиқилишига қарши етарли ишлар қилмаётганини тез-тез танқид қилиб келади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши бошқармасининг бундан олдин эълон қилган рақамига кўра, ҳар йили Марказий Осиё мамлакатларидан 90 тонна героин олиб ўтилади, шундан 75 тоннаси Россия ҳудудига етиб боради.

Бу мавзуда батафсилроқ