Қозоғистонлик олигархларнинг ширкати янги консорциумга айланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ENRC.COM

Қозоғистон ҳукумати ва таниқли корчалонларнинг Лондон фонд биржасида акцияси сотиладиган Марказий Осиёнинг йирик кончилик ширкати бундан кейин Овросиё Ресурслар Гуруҳи консорциумига айлантирилган.

Шу пайтгача Eurasian Natural Resources Corp -ENRC ширкати бундан кейин Eurasian Resources Group деб номланади.

Бу ширкатнинг асосчилари Александр Машкевич, Фаттоҳ Шодиев ва Алижон Ибрагимовларнинг ҳар бири 14,59 фоизлик акция эгаларидир.

ENRCнинг 11,65 фоиз акцияси Қозоғистон ҳукуматига, 26 фоиз акция "Казахмис" ширкатига тегишли эди.

Қозоғистонлик уч корчалон ва Қозоқ ҳукумати "Казахмис"дан улушларини сотишни сўраганлар ва охирги пайтларда ўртада музокаралар бораётган эди.

Ниҳоят "Казахмис" ўзига тегишли акциялар учун 887 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул олишга келишган.

Энди бундан кейин Eurasian Resources Group ширкатининг баҳоси 3.04 миллиард доллар қилиб баҳоланган.

"Казахмис" ушбу олди-берди ширкатнинг молиявий мавқеини мустаҳкамлаши ҳақида баёнот тарқатган.

Қозоғистон ҳукумати мамлакатда 66 мингдан ортиқ одамни иш билан таъминлаган ширкатнинг молиявий барқарорлиги ва тараққиётидан манфаатдолигини билдирган.

Eurasian Resources Groupга кўра, бутун дунёда 70 минг кишини иш билан таъминлаган.

Ширкат Қозоғистон, Россия, Хитой, Конго Демократик республикаси, Замбия, Мозамбик ва Жанубий Африка республикасида фаолият юритади.

Eurasian Natural Resources Corpга кўра, ширкат дунёдаги минерал ресурслар билан ишлайдиган етакчи ширкатдир.

Қозоғистонда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 16 фоизи ENRCга тегишли экани, салмоқли миқдорда темир рудаси, хром, алюминий ва бошқа металлар ишлаб чиқарилиши айтилади.

Ширкат асосчиларидан Фаттоҳ Шодиев Ўзбекистонда туғилган.

У дунё бойларининг "Форбс" журнали тузган 2013 йилги рўйхатида 2,1 миллиард АҚШ долларига тенг бойлиги билан 704-ўринни эгаллаган.

60 ёшли Фаттоҳ Шодиев Белгияда яшайди.