Тошкентдан депортация этилиши кутилаётган фаол Олма-отага учиб кетган

Image caption Хабарларга кўра, фаол сешанбага ўтар кечаси Тошкент аэропортида қўлга олинган ва унинг ортга депортация этилиши кутилаётганди

Бу ҳақда Би-би-сига қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толекан Исмоилованинг қизи билдирган.

Хабарларга кўра, фаол сешанбага ўтар кечаси Тошкент аэропортида ушлаб қолинган ва унинг ортга депортация этилиши кутилаётганди.

Бу ҳақда Оврўосиёда фундаментал эркинликлар ҳимояси учун коалициясининг "Фейсбук"даги саҳифасида хабар берилганди.

Хабарлардан аён бўлишича, Қирғизистондаги "Фуқаролар коррупцияга қарши" нодавлат ташкилотининг раҳбари Тошкентга Бишкекдан учиб келган.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаолининг ҳамкасби Аида Бойжуманова билан боғланишга муваффақ бўлган.

Ҳамкасбининг айтишича, "Толекан Исмоилова бир гуруҳ франциялик ҳамкасбларига ҳамкорлик қилаётган бўлган. Улар бугун Франциянинг Тошкентдаги элчихонасида йиғин уюштирмоқчи бўлишган. Тўрт францияликнинг Тошкент аэропортидан ўтишларига изн берилган. Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли эса, ушлаб қолинган. Унинг тутиб қолиниши сабаби маълум эмас".

Толекан Исмоилованинг инсон ҳуқуқлари марказига таянган бошқа бир хабарда унинг пайшанба куни Тошкентдан депортация этилиши айтилганди.

Аммо қизи Лира Исмоилованинг Би-би-сига айтишича, қирғизистонлик фаол бугун Олма-отага учиб кетган.

"Фуқаролар Коррупцияга қарши" инсон ҳуқуқлари маркази "Интерфакс" ахборот агентлигига, "Бишкекка кейинги парвоз 27 июн кунига бўлгани учун, ҳамкасблари Толекан Исмоиловага Олма-отага учаётган навбатдаги рейсга чипта олиб беришган"ини айтган.

Агентлик фаолнинг Бишкекдаги айрим ҳамкасбларининг "Ўзбекистонда "қора рўйхат"га киритилган бўлгани учун, унинг Тошкентга киришига изн берилмаган"ига оид сўзларидан ҳам иқтибос келтирган.

Мустақил ёки хорижий журналистлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари фаоллари бундан аввал ҳам Ўзбекистонга киритилмаган.

Дейлик, 2005 йилда россиялик журналист Игорь Ротар Тошкентдан чиқариб юборилган бўлса, ўтган йил март ойида Би-би-си мухбири Наталья Антелаванинг Ўзбекистонга киришига изн берилмаганди.

Толекан Исмоилова 2010 йилги қонли миллий низолар ортидан ўзи ва фарзандларининг ҳаётига таҳдид юзага келгани туфайли бир муддат Қирғизистонни тарк этишга ҳам мажбур бўлганди.

Фаол Қирғизистон жанубидаги хунрезликларга алоқаси бор муваққат ҳукумат сиёсатчилари, ҳукумат ва жиноят олами вакилларининг бирлашганига оид маълумотлар тўплаганини ҳам айтганди.

Маълумки, Толекан Исмоилова Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисалар бошланганидан кейин 13 июндан 30 июнгача ўша ерда бўлган ва вазиятни ўрганганди.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари Наримон қишлоғида ўтказган ва икки инсон ҳаётдан кўз юмиб, кўплаб кишилар жароҳатланган "махсус амалиёти" ҳақида у биринчи бўлиб, матбуотга хабар қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ