Қирғизистон Президенти АҚШнинг "Манас" базасини ёпиш ҳақидаги фармонга имзо чекди

Image caption АҚШ Бишкек аэропортида жойлашган базадан 2001 йилдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транзит маркази сифатида фойдаланиб келади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев АҚШнинг "Манас" ҳарбий-ҳаво базасини ёпиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Ушбу фармонга мувофиқ ҳозирда Транзит Маркази, дея юритилувчи база фаолияти 2014 йил 11 июл кунидан бошлаб тўхтатилади.

АҚШ томони Бишкек аэропортида жойлашган базадан 2001 йилдан бошлаб Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транзит маркази сифатида фойдаланиб келади.

База Афғонистондаги хориж кучлари амалиётлари учун таъминот ва ёқилғи қуйиш нуқтасидир.

Афғонистонга боргунча ва Афғонистондан қайтгунча Америка қўшинлари у ерда тўхташади, шунингдек, "Манас"дан АҚШ ва НАТО учоқлари қўниб ўтиш ва ёқилғи жамғаришда фойдаланадилар.

Қирғизистон томони базани 2009 йилда ёпишга қарор қилган, аммо сўнгроқ АҚШ билан бу хусусдаги шартномасини яна беш йилга узайтиришга қарор қилганди.

Айни вақтда Қирғизистон Қуролли кучларини Россия қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаши ҳақида келишиб олинган.

Бу борада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Бишкекда президент Алмазбек Атамбоев билан учрашув натижасида маълум қилинган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари йиғинида иштирок этиш учун Бишкекка ташриф буюрган Сергей Шойгу Россиядан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар келгуси йилдан бошлаб етиб кела бошлайди, деб билдирди.