Қозоғистон: турар-жой биносидаги кучли ёнғин бартараф этилган

Олмаота шаҳри марказида ёнилғи ташувчи автомобил портлаб кетиши оқибатида кўп қаватли бино ва ўнга яқин машинага ўт кетган.

Ёнғин оқибатида ёнилғи ташувчи автомобил ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Айни пайтда ёнғин ўчирилган, Олмаота Йўл полицияси автоҳалокат ва ёнғинга олиб келган сабабларни ўрганмоқда.

Гувоҳларнинг айтишича, ёнғин йўл ҳаракати ҳодисаси туфайли содир бўлган.

Ёнилғи ташувчи автомобил портлагач, унга яқин турган 10 га яқин автомашина ҳам ёна бошлаган.

Кўп ўтмай йўл ёқасидаги саккиз қаватли турар-жой биносига ўт кетган.

Олмаота туман ҳокимлиги вакили Серик Хусаиновга кўра, 20дан ортиқ хонадонлар кучли олов остида қолган.

Кўп қаватли бинода яшовчилар хавфсиз жойга кўчирилгани айтилмоқда.

Уларга яқин орадаги мактаб биносидан вақтинчалик яшаш жойи ажратилади.

Маҳаллий ҳокимлик ёнғиндан зарар кўрганларга моддий ёрдам берилишини билдирди.