Бердимуҳамедовга аталган қўшиғи учун Женнифер Лопес қораланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган куни муносабати билан ташкил қилинган базмда қўшиқ куйлагани учун машҳур қўшиқчи Женнифер Лопесни танқид қилганлар.

29 июн куни Президент Бердимуҳамедовнинг 56 ёшга тўлиши катта байрам қилиб нишонланган.

Базму-зиёфат Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилида, Туркманбоши шаҳри яқинида барпо этган "Овоза" курорт ҳудудида бўлиб ўтган.

Бутун дунёга овоза бўлишини истаб Туркман ҳукумати қурилишини давом эттираётган "Овоза" маскани 16 километр масофага чўзилган.

Лойиҳа қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг деб баҳоланган.

"Овоза" лойиҳасини 2020 йилда якунига етказиш мўлжалланган

Туркманистон президентининг туғилган куни муносабати билан "Овоза"да биринчи яхта клубининг очилиш маросими ташкил қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жаноб Бердимуҳамедовнинг 56 ёшга тўлиши кунида Женнифер Лопесдан ташқари Россиядан Филипп Киркоорв, Сати Казанова, Ани Лорак, шунингдек, Туркия ва Ливандан санъаткорлар борганлар, улардан айримлари Twitter орқали хабарлар тарқатишни бошлаганлар.

Инсон ҳуқуқлари учун жамғармаси - HRF 30 июн куни эълон қилган баёнотда Лопес хонимни танқид қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

У Туркманистон президенти базмида қатнашиб Amnesty International ташкилотининг Мексика хотин-қизлари ҳуқуқларининг ҳимоячисидек унвонини обрўсизлантирди, дейилади HRF баёнотида.

Концертда Женнифер Лопес оқ рангдаги Туркман миллий кийимида саҳнага чиққан ва "Туғилган кунингиз билан, мистер президент" деган қўшиқни куйлаган.