Рус ва Қозоқ матбуоти Камероннинг Қозоғистонга сафари ҳақида нима дейди?

Image caption Камероннинг Қозоғистонга сафари қозоқ ва рус матбуотида батафсил ёритилган

Британия Бош Вазири Девид Камероннинг Қозоғистонга илк ташрифи якунланар экан, маҳаллий нашрлар ва веб саҳифаларни ушбу сафар муносабати билан турли фикрлар қамраб олган.

Дунё сиёсатида катта рол ўйновчи давлатнинг бош вазири нима учун айнан Қозоғистонга келгани ва бу ташриф мамлакатга нималар олиб келиши мумкиниги муҳокама қилинган.

Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги каби бош оғриқли мавзуларга жамоатчилик томонидан муносабат билдирилган.

"Казахстанская правда" газетаси Кэмероннинг сафарини "тарихий" дея баҳолаган ва икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик борасида шартнома имзоланганига эътибор қаратган.

Россияда чоп этиладиган "Независимая газета" эса "Британ шери Каспийга сакради", дея сарлавҳа қўйган ва "Девид Камерон Ғарб учун Қозоғистонни кашф қилди", дея фикр билдирган.

Газетага интервю берган қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев, Ғарб Қозоғистоннинг Россия таъсири остига тушиб қолишидан хавотир билдираётгани ва бунинг олдини олиш учун қозоқ раҳбарияти билан яқин алоқаларни ўрнатишга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирган.

Forbes.kz веб саҳифаси Кэмерон Афғонистон масаласи бўйича минтақадаги муҳим давлат Ўзбекистонни эмас Қозоғистонни танлаш орқали учта қуённи бир ўқ билан уришга ҳаракат қилганини ёзади.

"Биринчидан, афғон омилини ҳисога олган ҳолда хавфсизлик масаласини гаплашиш. Иккинчидан, Лондон ва Вашингтонда Россия "троян оти" дея кўриладиган Божхона иттифоқига Қозоғистоннинг муносабатини чамалаш. Учунчидан, Британиянинг бизнес қизиқишларини қўллаб қувватлаш" учун Камерон айнан Қозоғистонни танлагани айтилади.

Камероннинг ташрифига мухолифатчиларнинг ижтимоий тармоқларида ҳам муносабат билдирилган.

Қозоғистонлик сиёсатчи Амиржон Қўсанов Камерон Оқўрдага инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ва демократия борасида босим ўтказа оладими, шаклида савол қўйилишига қаршилигини ёзган.

Унга кўра, Қозоғистон мустақил давлат ва ҳеч қандай давлат унга нима қилиш кераклигини кўрсатишга ҳаққи йўқ.

"Бироқ Қозоғистон ОХҲТнинг аъзоси ва ҳар доим ушбу ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳужжатларини имзолаб келган. Мана мажбуриятларни талабилиш керак. Қозоғистонда демократия, қозоғистонликлар томонидан ўрнатилади", - дейди Амиржон Қўсанов.

Яна бир мухолифдаги сиёсатчи Серикжан Мамбеталин, икки соат давомида Би-Би-Си янгиликларини ўрганини, аммо Қозоғистон ва Камерон ҳақида ҳеч нарса айтилмаганини ёзади.

"Британиянинг жамоатчилик телевиденияси бош вазир ташрифини ҳатто эслашни ҳам хоҳламаяпти", - дейди Мамбеталин.

Бу мавзуда батафсилроқ