Тожикистон президенти масжидлар имомларига бир хил либос кийишга буйруқ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Жаноб Раҳмон Тожикистонни 20 йилдан буён идора этиб келади

Тожикистон президенти мамлакат диний қўмитаси масъулларига шу йил охирига қадар масжидлар имом-хатибларини маош билан таъминлаш вазифасини юклаган.

Давлат телевидениеси хабарига кўра, Имомали Раҳмон шунингдек бу қўмитага 2014 йил бошига қадар масжидлар имом-хатибларини бир хил махсус либос билан таъминлашга буйруқ берган.

Бу амр Имомали Раҳмоннинг турли вилоятлардан Душанбега келган зиёлилар, руҳонийлар ва фаоллар билан учрашуви пайтида янграган.

Жаноб Раҳмон учрашувни ўтказишдан мақсад Тожикистонда диний фаолиятни яхшилаш эканини айтган.

Кузатувчиларга кўра, масжид имомларини бир хил либос билан таъминлаш Тожкистон давлати бюджетидан олиниши мумкин.

Ҳозирга қадар имом-хатиблар ибодат қилувчиларнинг масжидларга берган моддий ёрдами ҳисобига фаолият кўрсатишаётганди.

Президент Раҳмон имомларни маош билан таъминлаш ҳақида топшириғи амалда масжидлар фаолиятининг давлат назоратига ўтишини англатади.

Зеро, Тожикистон конституциясига кўра, мамлакатда дин ва давлат фаолияти бир-биридан ажратилган.

Бошқа томондан, баъзи танқидчиларга кўра, жаноб Раҳмоннинг мазкур қадами мамлакатда бўлиб ўтиши кутилган президентлик сайлови арафасида ўз шахсига эътибор қаратишнинг бир йўлидир.

Масжид имомларига маош бериш керакми ёки йўқ, деган масала атрофидаги тортишувлар Тожикистонда шу йил бошидан буён давом этаётганди.

Шу йил апрелида Тожикистон диний қўмитаси раисининг муовини Мавлон Мухторов агар имом-хатибларга маош берилсин, деган қарор чиқса, маблағ давлат бюджетидан ажратилиши мумкинлигини айтганди.

Аммо диний масалаларда таҳлилчи Абдуллоҳ Муҳақиқ айтишича, имом-хатиблар ва масжидларнинг бошқа ходимларига маошлар мусулмонларнинг хайрия пуллари ҳисобига таъминланиши эҳтимоли баланд.

"Ман имом-хатиблар ва ходимлар маош билан тайинланса, бундан фақат масжидлар фойда кўради, деб ўйлайман. Ва бу билан имом-хатиблар ўз фаолиятларидаги озодликни қўлдан бериб қўйишмайди,” - деб айтди Абдуллоҳ Муҳаққиқ.

Айни пайтда Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган кучлар матбуотида жаноб Раҳмоннинг узоқ йиллардан буён мамлакатни идора этиб келаётгани ва мамлакатдаги асосий лавозимлар унинг оиласи аъзолари ва яқинлари ўртасида тақсимланганини танқид қилишмоқда.