Экономист Тожикистоннинг 'халқдан узоқ президент'и ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи You Tube
Image caption Рақсида Президент Раҳмон...

Нуфузли Экономист журнали Тожикистондаги сиёсий вазиятга доир мақола эълон қилган.

Мақолада Имомали Раҳмоннинг 21 йилдан қудратда қолаётгани ва мамлакатдаги реалликлардан тобора узоқлашаётгани тилга олинади.

"Интернетда Имомали Раҳмон ўз ўғлининг тўйида қўшиқ куйлагани ва рақсга тушгани акс этган видео пайдо бўларкан, унинг ҳукумати бундан Тожикистон президенти инсоний қиёфасини кўрсатишда фойдаланиши мумкин эди. Аксинча, ҳукумат YouTubeга тўсиқ қўйди ва тўй базмларида хизмат қилувчи сураткашларни сўроққа тута бошлади", деб бошлайди Экономист ўз мақоласини.

Мақола муаллифига кўра, мазкур ҳолат Ғарбни ҳам хавотирлантирмай қўймайди.

Чунки, Тожикистон аллақачон Афғонистондан чиқиб кетаётган НАТО учун қисман транзит йўлига айланган.

"Халқаро ташкилотлар Тожикистонда кечган бирор бир сайловни қачон эркин ва адолатли деб таърифлашмаган", деб ёзади Экономист.

Аммо, бу йил сайловолдидан ҳукуматнинг мухолифларига қарши қасос амаллари авваллари мисли кўрилмаган бир ҳолатдир.

Март ойида мухолиф овозлардан бири бутунлай ғойиб бўлди.

Апрел ойида эса, Исломий мухолифат вакилларидан бири аёвсиз дўппосланди.

Май ойига келиб собиқ саноат вазири - ҳозирда бизнесмен Зайд Саидов бундан саккиз йил аввалги воқеа баҳонаси билан ҳибсга олинди. Порахўрликда айбланди.

Сал аввалроқ, у янги сиёсий партия тузган эди.

"Эндиликда эса, унинг номини давлат матбуоти орқали булғашаётир", деб ёзади Экономист журнали.

Ҳимоячиси билан кўришишга рухсат беришмаяпти.

Унинг сафдошлари, Тожикистоннинг эҳтимолки энг ақлли ва уддабурон шахслари қўрқитилмоқда.

Уларга ўлим таҳдиди қилиб қўнғироқлар қилишмоқда.

Хавфсизлик қўмитаси ходимлари уларнинг изларига тушишмоқда.

Матбуот эркинлиги мустақил ташкилотидан бўлмиш Нуриддин Қаршибоев: "Ўтган йигирма йил ичида вазият бу қадар ёмон бўлмаганди", дейди.

Саидов жанобларининг иши, Қаршибоевга кўра, бошқаларга ўрнак бўлиши учун огоҳномадир.

Раҳмон жаноблари Ислом Уйғониш Партиясидан ўзининг нақадар демократик қадриятларга лойиқлигини кўз кўз қилишда фойдаланади.

Бу орада бир неча мустақил нашрларга ҳам тоқатлилик ва ҳур фикрлик белгилари ўлароқ ишора қилади.

Аммо, Ислом Уйғониш партияси раҳбарларига таҳдидлар, уларни калтаклаб кетиш ҳолатлари тез-тез рўй беради.

Апрел ойида асосий мухолифат куч бўлган бу партия халқаро анжуман ўтказиш режаси билан чиқди.

Экономистга кўра, ҳукумат айнан шу кунлар мамлакатга кириш визаларини беришни тўхтатиб қўйди.

Айни пайтда давлат телевизиони Раҳмон жанобларини "бахтиёр болалар" билан учрашувлари, уни байроқларни ҳилпиратиб кутиб олишлари ва яна болалар унга атаб шеърлар ўқишларини бот-бот кўрсатади.

Имомали Раҳмон мамлакатда фуқаролар урушига чек қўйган раҳбар ўлароқ кўрилади.

"Аммо, унинг бу тинчликпарвар деган сифати ортиқ етарли эмас. Урушдан кейин улғайган авлодга иш йўқ. Иқтисодни асосан Президент Раҳмоннинг оиласи эгаллаб олган", деб ёзади Эконимист.

Ғарб дипломатларидан бири: "Тожикистонда феодал тузум...Тепада ўтирганлар то имконият бор экан ўз чўнтакларини қаппайтириш ҳаракатидалар", дейди.

Раҳмон жанобларининг бир кўзи Россияда...Россия Марказий Осиё давлатлари ишларига аралашиб келиши тарих ҳақиқати ва буни Тожикистон Президенти яхши билади.

Кремл Раҳмондан норози. Сабаб, Россиянинг ҳарбий базаси ижара муддатини чўзишни Раҳмон жаноблари пайсалга солиб келиши билан боғлиқ...

Россиянинг Тожикистонга босим ричагларидан энг қулайи - камида бир миллионлик тожикистонлик меҳнат муҳожирларидир.

Айрим тахминларга кўра, бу Тожикистон ишчи кучининг ярмини ташкил қилади.

Улар жўнатадиган маблағлар Тожикистон йиллик ғазнасининг ярми атрофида...

Буни Раҳмон билади. Биладики, агар Россиянинг тоқати тоқ бўлса, бир неча учоқларда меҳнат муҳожирларини ватанига жўнатади.

Душанбени талатўплар ичида кўриш учун мана шу қадамнинг ўзи етарлидир.