Ўшда Рамазон: Ҳар ким ҳолига яраша...

Image caption Одамлар ҳам ўша кунларни унутиш, ҳаётларини изга қўйишга уринишмоқда

2010 йилги июн қирғинидан энг кўп жабр чеккан Ўшнинг "Черёмушки" мавзеъсидан бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, бугун мингдан ортиқ маҳалладоши рўза тутган бўлишса, ораларида қийналаяпман, деб нолиганини ҳалича эшитгани йўқ.

"Саҳарликка яхши тайёргарлик кўришаяпти. Кечки овқатлари ҳам ўзларига маъқул келадиган. Кеча айнан шу масалада одамлар билан суҳбатлашдим, ҳар йилдагидан кўраям Рамазон бу йил яхши мавсумга келди, қийналмаяпмиз, деб ейиш-ичишларидан нолиганлари йўқ", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Кеча ифторга кирдик. Ифторликларда ош, шўрва, сомса...Мамнун. Лекин мен бирорта одамнинг хафа бўлиб, рўза тутолмадим, деганини эшитганим йўқ".

Ўшда майда тужжорлик билан шуғулланувчи суҳбатдошимиз, ўз маҳалласидагилар мисолида, ҳозир бунга аксарият одамларнинг қурблари етаяпти, дейди.

"Чунки ҳозир қурилишлар бўлаяпти. Ишсиз одам камроқ. Масалан, Рамазон қиш ойларига тўғри келганида, қийналишлари мумкин эди. Ҳозир рўза тутган одам борки, қора қозонини қайнатиш учун мардикорчилик ҳам қилишаяпти. Ҳеч қаерда ишламайдиганлари ҳам, кимларгадир ёлланиб ишлашяпти. Ишқилиб, шу рўзани чиройли қилиб, маромига етказиб тутишга ҳаракат қилишаяпти".

Суҳбатдошимиз, ўз навбатида, миллий низолардан уч йил ўтиб, ўз мавзеъларида ишсизлик ёки даромадининг ҳаминқадар эканидан нолиётган инсонларнинг ҳам деярли йўқ эканликларини таъкидлайди.

"Йўқ, йўқ. Негаки иш тополмагани Россияда, ўша ердан туриб, бу ерга озми, кўпми маблағини жўнатаяпти-да...".

Нарх-наволар-чи?

Image caption Ўшлик суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, бу йил ўзларида аҳвол нисбатан бошқача...

Дунёнинг аксарият мусулмон давлатларида Рамазон ойининг кириб келиши билан бозору дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари қийматининг кўтарилиши одатий тус олган.

Аммо, ўшлик суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, бу йил ўзларида аҳвол нисбатан бошқача.

"Мева-чева арзон. Бу йил картошка, пиёз, рўзғор учун керак маҳсулотлар анча арзон. Масалан, ҳеч қачон картошканинг бир килоси 10 сом бўлмаган. 10 сом деганим 1 АҚШ долларининг тўртдан бири дегани...".

"Гўштнинг килоси 280 сом бўлган бўлса, шу туришича турибди. Яқинда 6-7 сом бўлган тухум ҳам арзонланди, ҳозир донаси 4-5 сом. Нон маҳсулотлари, ёғ маҳсулотлари, уларнинг ҳаммаси ҳозир арзонлаган. Чунки нонвой кўпайди, ёғ маҳсулотларини келтирувчилар кўпайди. Сотув дўконлари ҳар қадамда учрагани учун бир-бирига рақобат кучайганидан нархларни пасайтиришди", дейди у.

Суҳбатдошимиз рўза тутган хотин-қизларнинг таровиҳ намозини ўқиш учун кечқурунлари маҳаллалар қошида ташкил этилган кичик масжидларга ҳам бамайлихотир, ҳеч нарсадан қўрқмай боришаётганини таъкидлайди.

"Катта масжидларга эркаклар, ўспиринлар, болалар боришади. Унақа, бирортаси масжидга қўрқиб чиқаяпман деганини эшитганим йўқ".

Аммо...

Image caption Ўшлик суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, нонимиз бироз тежалармикан, деган ўйда бугун рўза тутаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади...

Ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатилла Раҳматуллаевнинг айтишича эса, қонли низолардан жабр чеккан аҳоли орасида бугун озиқ-овқатим бироз тежалармикан, деган ўйда рўза тутаётганлари ҳам йўқ эмас.

"Кўпчилик хонадонларда ишсизлар кўп. Ҳаётини зўрға ўтказади. Масалан, кунига 2 та нон топиб ейдиганлари, албатта, тежаш учун рўзадан фойдаланиб, рўза тутишади-да", дейди фаол.

"Июн воқеаларидан жабрланган бир-иккита қўшниларим бор. Кеча гап очилувди, "Мана, рўзаям келиб қолди, буёғи нон тежаладиган бўлди, деб қолишди".

Ўшлик фаол, ўз ўрнида, ҳозир ўзлари яшаб турган ҳудудда ҳам беш қўл баробар эмас қабилида вазият шаклланганини таъкидлайди.

"Ҳозир аҳоли ҳар хил қатламларга бўлиниб кетган. Бой қатлам, ўрта қатлам, қуйи қатлам дегандек. Ҳозир ҳаммаси ўзининг қатламига қараб, дастурхон тузашади", дейди у.

Аммо, Иззатилла Раҳматуллаевнинг таъкидлашича, бугун куни фақат нону чой, меваю сабзавотга қараб қолган инсонларнинг сони жуда кўп.

Фаол бу каби аҳоли қатламининг бир ойлик даромади ўртача 10 минг қирғиз сомига етиб бориши, бунинг 205-210 АҚШ долларига тенг маблағ эканини айтади.

"Бир қоп ун бугунга кунда 1.700 сом туради. Буни 10.000дан чиқариб ташласангиз, 8 минг сом қолаяптими? Қолганига кийим-бош дегани бор, картошка-пиёз, оқ ёғ деймизми...Умуман, бугунги кунда, аввалгидек, гўшт ёки балиқ маҳсулотларини сотиб оладиган истеъмолчи ўзи кам".

"Ана, анави дўконда ўтган ҳафтадан буён гўштлар қуриб ётибди, одамлар ярминиям харид қилишгани йўқ. Қассоб додлаб юрибди", дейди фаол.

Тарихча ўрнида

Image caption Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди

Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди. Минглаб уй-жой ва тижоратларга ўт қўйилганди.

Орада кечган вақт давомида қирғин асоратларини бартараф этиш учун муайян ишларга қўл урилган, вайрон бўлган биноларнинг аксарияти қайта тикланган.

Одамлар ҳам ўша кунларни унутиш, ҳаётларини изга қўйишга уринишмоқда.

Аммо маҳаллий фаоллар қирғиндан жабр кўрган аҳолининг аксарияти орадан уч йил ўтиб ҳам, ҳар томонлама ёрдамга муҳтож эканликларини айтишади.

Маҳаллий фаолларнинг сўзларидан аён бўлишича, бугунги кунда жабрдийда оилаларга на-да давлат ва на-да халқаро ташкилотлар тарафидан ёрдам берадиган одам йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ