'Пробирка боласи' бефарзандликка ягона ечимми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption 'Пробирка боласи'ни яратиш жараёни...

Тожикистон Уламолар кенгаши сунъий йўл билан ҳомила қилишнинг тартиб қоидалари борасида махсус фатво қабул қилган.

Фатвога биноан айни усулда бола кўришни истаган эркак ва аёл Исломий қонун-қоидалар асосида никоҳда бўлишлари талаб қилинади.

Фатвога кўра,сунъий йўл билан фарзанд кўришни истаган аёлга фақат ўз эрининг уруғи қўлланиши мумкин. Никоҳдан ташқари ҳомила орттириш мусулмончиликда гуноҳ ҳисобланади. Бу боис фатвода ўзга эркакнинг уруғидан фойдаланиш мутлақо маън этилган.

Худди шундай, хотинида ҳомила бўлмайдиган эркак ҳам номаҳрам аёлнинг тухум хужайрасидан фойдалана олмайди.

Бунинг учун ҳам, аёл эркакнинг никоҳида бўлиши талаб қилинади. Уламолар кенгаши фатвосида сурогат оналикка ҳам фақат шу шарт билан рухсат берилади. Яъни, кимдир бировга бола туғиб беришга рози бўлса, ўша одам билан Исломий таомил асосида никоҳдан ўтиши керак.

Тожикистон Исломий маркази вакили Жамолиддин Хомушев шундай тушунтиради:

"Агар бола ўз эрининг нутфаси билан бўлса, бу шариат нуқтаи назаридан ҳалол, бегона эркакники ҳаромдир. Бола кўра олмаётган эр-хотин айни қоидаларга тўла амал қилишлари зарур. Агар бошқа аёл билан никоҳ қабул қилинмаса, улар бола асраб олишлари тўғрироқ бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам нутфадан ва тухум ҳужайралардан фойдаланиш никоҳланган одамларгагина рухсат берилади".

Фатво - шариат қонун-қоидалари асосида бирор бир диний моҳиятга эга муаммоли масала юзасидан чиқарилган ҳукм.

Аммо, Тожикистон уламоларининг ҳукмлари ҳуқуқий кучга эга бўлмайди. Имкон қадар Исломий қонунлар асосида яшашга интиладиган тожиклар фатвога амал қилишлари мажбурийдир.

Аввалроқ, Тожикистон парламенти сунъий ҳомила орттиришга изн берувчи қонунни тасдиқдан ўтказганди. Шу билан аёлларни сунъий уруғлантиришга қонун йўли билан рухсат этилди. Аммо, қонун барча томонидан ҳам олқишлаб кутиб олингани йўқ. Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий қонунга қарши чиққан.

"Бу каби нозик масалаларни ҳал этишда Тожикистонда аксар мусулмонлар истиқомат қилишини, албатта, назардан қочирилмаслиги керак. Масаланинг диний қонунларга нисбатини билиш ҳам ўта муҳим", деб айтган Кабирий жаноблари.

Хўжанддаги "Нури Ислом" масжиди имом хатиби Ибодулло Калонзодага кўра, Тожикистон Уламолар Кенгаши чиқарган фатво Ислом оламида янгилик эмас.

"Бу масала Исломда янги эмас. Умуман, Исломда наслни чеклаш мутлақо мумкин эмаслигини ҳамма билади. Аммо, агар Худойим табиий йўл билан бермаган бўлсаю, эр-хотин барибир бола кўришни истаса, икковларидан уруғликлар олиниб, найчада урчитилиб, сўнгра хотиннинг раҳмига солиб қўйиш билан ҳомилани ўртага олиб келса бўлади. Ва чиқарилган фатво Ислом Фиқҳи Академиясиники билан мувофиқдир. Бунда бирон янгилик йўқ. Фақат эру хотиннинг шаръий никоҳлари бўлиши керак ва Ислом шариати қоидаларига амал қилишлик лозим", - дейди Ибодулло Калонзода.

Аудио шаклини мана бу ердан тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Муолижа йўлими ва ё 'Яратганнинг қонунларига исён'?

Аммо, сунъий ҳомила яратиш нафақат Тожикистонда, Марказий Осиё, қолаверса, бошқа мусулмон давлатларида ҳам турли баҳсу мунозараларни уйғотиб келади. Бу Яратганнинг қонунларга исён деган қараш ҳам йўқ эмас. Туркиядан "Ҳақиқий тиббиёт" китоби муаллифи биолог доктор Ойдин Солиҳ ҳам айни фикрларга қўшилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ойдин Солиҳ: Сунъий кўпайтиришнинг меваси фақат сунъий бўлади

Ойдин Солиҳ: Ҳозирги уламолар, афсуски, афтидан ҳақиқий илм билан гўёки "илмий тараққиётни" адаштириб юборишган. Ҳақиқий илм соҳиби Аллоҳдир. У ўз илмини Расулларга ва танланган дин олимларига етказади. Бу каби "илм тараққиёт"ни аввалида мутлақ ҳақиқат деб қабул қилишади, кейинроқ эса, унинг хато бўлгани айтилади. Масалан, "яшил инқилоб"ни олайлик, унда ўсимликларга заҳарли кимёвий унсурлар билан таъсир ўтказилган сунъий ўғитлар берилди, оқибати абгор бўлди, дори-дармонлар ишлаб чиқилди ва уларни барча дардга даво деб эълон қилдилар, таркиби генетик ўзгартирилган мева ва сабзавотлар яратилди, озиқ-овқатга сунъий қўшимчалар қўшила бошланди, "цезар" жарроҳлиги йўли билан туғдириш русумга кирди ва ҳоказо... Айрим "уламолар" ҳақиқатга терс бўлган илмий ҳақиқатларни қабул қила бошлашди. Улар Ислом ҳақиқатини унутиб қўйишди.. Мана шундай ҳолатда Исломга монанд фатволар беришнинг имкони йўқ.

Би-би-си: Мана ўзингиз сунъий йўл билан кўпайиш усулига мутлақо қаршисиз. Аммо, шу йўл билан қанчадан-қанча бефарзанд инсонлар ота-она бўлиш бахтига муяссар бўладилар эмасми?

Ойдин Солиҳ: Бу меъёрларга мутлақо мос келмайди. "Пробирка боласи" - аёл ва эркакдан олинган маний, лабoраторияда, найча ичида урчитиш натижасида юзага келган эмбрионни бачадон деворига ёпиштириш, бачадон томонидан қабул қилинмаслигининг олди олиниб, иммунитет тизимини зўрлаш билан амалга оширилган, инсонни кўпайтириш усулидир. Бу тажрибаларни кузaтар экан, инсон зотининг Аллоҳ яратган мукаммал кўпайиш жараёнининг ҳар бир босқичига нақадар буюк журъат билан аралашаётганига гувоҳ бўламиз. Табиий кўпайишнинг ўрнини эгаллаган ва бошдан охиригача тамоман сунъий кўпайтириш жараёни билан нормал инсон туғилишини кутиш - ақл бовар қилмас соддаликдир. Сунъий кўпайтиришнинг меваси фақат сунъий бўлади."Пробирка боласи" усулига баҳо бериш учун бу усулни табиий кўпайиш жараёни билан қиёслаш керак. Табиий кўпайиш жараёнида шериклар орасидаги севги ва меҳр сперма ва тухумларнинг етилишини таъминлаган гормонларнинг урчишга ташвиқ қилади. Шунингдек, эр-хотиннинг бирлашув онида ўша муҳитда бўлган ҳамма нарса она қорнидаги ҳомиланинг ахлоқи ва ақлига таъсир қилади. Олимлар бунинг аҳамиятини урғулайдилар. Масалан, яқинлашув турмуш ўртоқларнинг бир-бирига муҳаббати билан бўлса, туғилган бола - ақлли, зўрлаш билан бўлса - ахмоқ, ҳар қандай бир жониворнинг ёнида бўлса - ўғри, туш пайтидан кейин бўлса - ғилай бўлишини айтишган. "Пробирка боласи"программасида бу хусусиятларга асло аҳамият берилмайди, дейди олима.

"Нури Ислом" масжиди имом хатиби Ибодулло Калонзода эса, бунга табиий йўл билан фарзанд кўра олмаган эр-хотин муолижа қабул қилаётгани бир қисми сифатида қараш маъқул деган фикрни билдиради:

"Болага бўлган ҳожат бу шаръий ғараз деб эътиборга олинади. Шунинг учун, ҳомила табиий ҳолда бўлмаса, улар ўзларини бу маънода даволатишлари мубоҳдир, деган масалага фиқҳ йўли билан ижозат берилган. Шунинг учун, буни ҳам даволашнинг бир йўли деб айтсак бўлади".

Талаб катта, аммо...

Тожикистонда сунъий йўл билан ҳомила яратиш технологияси қўлланаётганига кўп бўлгани йўқ. Жорий йил бошларида илк бор сунъий йўл билан орттирилган экизаклар дунёга келишди. Бироқ, тожик жамиятида ушбу мавзу шу қадар нозикки, "пробирка болалари"нинг ота-оналари бу ҳақда очиқ гапиришни исташмайди.

Авваллари сунъий йўл билан бўлса-да, фарзанд кўриш истагида бўлган одамлар Россия, Қозоғистон, Исроил ва ё Ҳиндистон каби мамлакатларга жўнатилган. Ҳозир эса, мамлакатда сунъий уруғлантириш билан "Насл" тиббиёт маркази шуғулланади.

"Ҳозирги кунда, ҳар ой ўртача 5-7 эр-хотин ЭКО дастури учун мурожаат қилади. Аслида талаб жуда катта. Чунки, бупуштлик муаммосига оид тадқиқотлар, докторлик, номзодлик ишлари натижасида мамлакатда 27-28 фоиз оила бепуштлик билан боғлиқ турли муаммолардан азият чекиши аниқланган. Уларнинг муаммолари гармонлар билан боғлиқ бўлса ёки инфекцион касалликлар билан оғриган бўлишса, муолижа қабул қилиб, бола кўришлари мумкин. Аммо, 30-35 фоизи барибир сунъий уруғлантиришга эҳтиёжманд. Менинг назаримда, булар катта рақамлар", - "Насл" маркази директори раҳбари Шамсиддин Қурбонов.

Бепуштлик муаммоси азалдан бор. Аммо, Шамсиддин Қурбонов бугунда шундай ҳолатларни келиб чиқишига хизмат қилаётган замонавий омилларга диққат қаратади.

"Мана 90 йиллар бошларидан бошлаб Тожикистондан жуда катта меҳнат муҳожирлари оқими хорижга чиқиб кетди. У ерлардан, айниқса, Россиядан жинсий йўл хасталик юқтириб келиш даражаси жуда юқори. Бу ҳам жинсий саломатликка таъсир қилади, жумладан, наслсизликка ҳам сабаб бўлади" - дейди у.

Тожикистонда сунъий йўл билан ҳомила пайдо қилиш ҳамда болани дунёга келтириш 5 минг Америка долларига тушади. Мамлакатдаги ўртача маош миқдори эса, 80 доллар атрофида. Шундай экан, ҳозирча бу амалиёт чўнтаги кўтарадиганлар учун дейиш мумкин.

"Шахсан ўзим ҳақиқатда ҳам мана шу даволаш тадбирига эҳтиёжи бўлган эр-хотинларни тез-тез учратаман. Аммо, афсуски, молиявий муаммолари уларга ушбу технологиядан фойдаланиш имкониятини бермайди. Бизга мамлакат шимоли, масалан, Суғд вилоятидан кўпроқ одамлар мурожаат қилишади. Нимага? Чунки, шимолда турмуш кечириш даражаси мамлакат жанубига нисбатан юқори. Одамларда молиявий имкониятлар етарли бўлса, бу технологиядан албатта фойдаланадилар", дея қўшимча қилади Шамсиддин Қурбонов.

'Ҳосил бўлган эмбиронларни муайян вақт сақлаб қўямиз'

Кузатувчилар Тожикистонда аксар мусулмонлар истиқомат қилувчи Тожикистонда диний эътиқодлари боис барча оилалар ҳам пробирка боласини қабул қилолмаслигини уруғлайдилар.

Қаттиққўл диний қонунлар назарда тутиладиган бўлса, келажакда ўнлаб бефарзанд оилалар сунъий йўл уруғлантириш усулидан фойдалана олишларига шубҳа билан қаралади.

Биз "Насл" тиббий маркази директори раҳбари Шамсиддин Қурбоновдан Тожикистон Улумолар кенгашининг сунъий уруғлантириш бўйича махсус фатвоси фаолиятига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида сўрадик:

"Мен ҳам мусулмонман, - дейди у, - Бизнинг қонун-қоидаларга кўра, донор уруғидан фойдаланиш гуноҳ саналади. Мен ўз фаолиятим давомида бу меъёрларга амал қиламан. Ва биз, ҳам расмий ва ҳам Исломий никоҳда бўлган эр-хотин билан ҳамкорлик қиламиз. Истисно ҳолатларда, дейлик, аёлнинг эри йўқ, лекин бу технологиядан фойдаланишни истайди, бунга унинг қонунан ҳаққи бор. Чунки, Тожикистон қонунларида бу аниқ қилиб кўрсатиб қўйилган. Шахсан ўзим тамойилларим нуқтаи назаридан бу ишни қилмайман".

"Аммо, жинсий тўқималар, эмбиронларни сақлаш бизда бор, бундан кейин ҳам бўлади. Чунки, 10та тўқимани уруғлантирсак, уч кунда 8 ёки 10та эмбирон ҳосил бўлади. Мен эса, фақат 2та эмбиронни бачадонга жойлаштираман. 8 ёки 6 эмбирон ортиб қолади. Биз ҳомила эгалари бўлган оила билан келишиб, розилигини олгач, уларни сақлаб қўямиз. 1-2 йил ёки маълум муддат ўтиб, улардан қайта-қайта фойдаланиш мумкин", - дея қўшимча қилади "Насл" тиббиёт маркази раҳбари Шамсиддин Қурбонов.

Тожикистонда бошқа Ғарб мамлакатларида бўлгани каби сунъий уруғлантириш ҳали кенг тарқалгани йўқ. Диний олимлар орасида ҳам айни масалада якдил бир муносабат шаклланган дейиш қийин. Афтидан, бу масалада ҳали баҳсу мунозаралар яна ҳам қизғинроқ кечадиган кўринади. Сиз қандай фикрдасиз? Фарзандсиз оилалар фарзанд кўришни истаса, энг мақбул бир йўл Сизнингча, қандай бўлиши керак?