Марказий Осиё давлатлари алоқаларига ечилмаган чегара муаммолари раҳна солмоқдами?

Image caption Ўзбек-қирғиз чегарасида бот-бот ўзаро зиддиятли ҳодисалар рўй беради

Марказий Осиё давлатлари орасидаги ўзаро алоқаларга раҳна солаётган муаммолар қаторида ҳали аниқланмаган чегаралар ва этник анклавлар саналади.

Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг икки йирик анклавлари Сўх ва Шоҳимардон масаласи бот-бот баҳсу мунозараларга сабаб бўлади.

Ўзбекистонда эса Қирғизистонга тегишли Барак қишлоғи бор.

Икки мамлакат фуқаролари ўзаро чегаралардан ўтиб-қайтишда турфа ва асосан сунъий мушкулотларга дуч келишади.

Икки давлат чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли сўнгги йиллар мулозимлар бу каби чегара мушкулотларини енгиллаштириш ўрнига қайтага яна ҳам оғирлаштираётганлари ҳақида айтадилар.

2001 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз ҳудудларидаги қоғозда бир-бирига қарашли бўлган ҳудудларни биратўла алмаштириш йўли билан ҳал этишга ҳаракат қилишгани маълум.

Аммо турфа сабаблар билан бу масала ҳал бўлмай қолган.

Тошкент ва Бишкек ўзаро келиша олишмагани айтилади.

Аввалига ҳукуматлараро комиссия қарийб 20 та қишлоқ жойлашган Сўх анклавини Ўзбекистоннинг асосий ҳудуди билан бирлаштириш ва эвазига Сўхнинг жанубий қисмини Қирғизистонга ўтказиб беришни таклиф қилган.

Лекин Қирғизистон мулозимлари бу ерлар деҳқончиликга яроқли эмас, ҳамда шундай алмаштириш оқибатида Лайлак ва Боткен туманлари мамлакат ҳудудидан ажралиб қолади, деган хавотирлар билан мазкур таклифдан воз кечган.

Анклавлар алоқаларга раҳна соладими?

Image caption Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудуди ҳам муаммолардан холи эмас

Қирғизистон ҳукуматининг давлатлараро чегараларни аниқлаш бўйича мулозими Қурбонбой Искандаровнинг билдиришича, мустақиллик даврида Ўзбекистон билан чегара музокаралари 2000 йилдан буён давом этмоқда.

«Ўзбекистон билан чегара музокаралари бошлангач, шу пайтга кадар 1378 километр чегара чизиғидан 1007 чақирим масофасини аниқлашга муваффақ бўлдик. Шу қисмини ҳукуматлараро делегациялар даражасида тасдиқладик.

Энди фақат энг оғир ва ўзаро баҳсталаб қисмлар қолган, ана шуларни ҳал этиш учун музокаралар кечмоқда», - дейди ҳукумат мулозими.

Киргизистон ҳудудида Тожикистонга қарашли Ворух анклави хам жойлашган. Чегара масалаларида мутахассисларнинг билдиришича, ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан буён шу ҳудуд атрофида ер ва сувга доир тортишуву талашлар содир этилган.

Ўша даврда Ворух – Танги ва Матчоҳ – Оқ-Татир дея номланган тожик ва кирғиз қўшни қишлоқлар аҳолиси ўртасида бир неча бор жанжал чиққани маълум.

Қурбонбой Искандаров айтишича, Тожикистон билан ҳам бир неча мушкул чегара масалалари бор.

«Тожикистон билан бизнинг 970 километрлик чегара чизиғимиз бор, шу пайтга қадар 517 чақирим масофасини аниқлаганмиз... Бу асосан тоғлар орқали ўтган чегара чизиғи, шунинг учун ҳам ўртада ҳеч бир келишмовчилик бўлмаган. Аммо навбат Фарғона водийсидан ўтган чегара чизиғига етганда муаммолар ҳам урчиб бормоқда», - дейди Қирғизистон ҳукумати мулозими.

Мутахассисларга кўра, уч давлат чегаралари туташган ҳудуд муаммолари 1999-2000 йилларда рўй берган Боткен воқеалари пайти алоҳида кескинлашиб кетган.

Ўшанда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Шимолий Тожикистон орқали Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларига ҳужум килган ва бу бевосита Тошкент режимига хавф ўлароқ кўрилганди.

Ўзбекистон Қирғизистон билан Тожикистон чегара ҳудудларига мина экиб чиққани ва Сўх-Шоҳимардон анклавларига ҳарбий қисмлар киритгани ҳам Душанбе ва ҳам Бишкекда норозилик уйғотган.

Тошкент ушбу чораларни ўз давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш эҳтиёжи билан изоҳлаган.

Аммо шу қуролли тўқнашувлардан ташқари, умуман Кирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги талашлар асосан ер ва сув заҳиралари билан боғлиқ бўлмоқда.