Қозоқ сиёсатшунослари "Марказий Осиёни бўлиб олиш" ғоясини кулгуга олишди

Image caption Қозоқ таҳлиличиси мамлакат армияси сонини кескин ошириш кераклигини айтади

Қозоғистонлик сиёсатшунослар "Марказий Осиёни қайтадан бўлиб олиш" ғоясини "кулгили" демоқдалар.

Бундан сал олдинроқ ўзбек академиги собиқ Совет республикаларига ҳудудий даъволарни илгари сурган эди.

Академик Рустамжон Абдуллаевнинг ҳукумат доираларига яқинлиги айтиладиган веб саҳифада ўз қарашларини баён этиши Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қатори қозоқ мутахассисларининг ҳам муносабат билдиришага сабаб бўлганди.

Бунга жавобан қозоқ сиёсатшунослари иқтисоди ночорлашиб бораётган Ўзбекистонни Қозоғистон таркибига қўшишни таклиф қилишганди.

Сиёсий таҳлилчи Данияр Ашимбаев қозоқ қабилалари тарих бўйича минтақага ҳукмронлик қилганини ва Тошкент яқин яқингача қозоқ хонлиги бўлганлигини ёзган.

Чегаралараро ҳамкорлик ассоциациянинг Қозоғистондаги раҳбари, таҳлилчи Марат Шибутов vlast.kz порталига берган интервюсида Қозоғистоннинг ҳарбий ҳаражатлари ва қўшинлари сонини Ўзбекистонникига етказиш керак, деган таклиф билан чиққан.

Марат Шибутов Би-би-сига берган интервюсида ўзбек академигининг чиқишини қозоғистонлик таҳлилчилар "юмор" билан қарши олгани ва интернетда билдирилган фикрлар "киноя аралаш" берилганини айтди.

"Қозоғистонда ушбу мақола катта юмор билан қарши олинди. Биз билдирган фикрлар эса юмор ва сатирик равишда билдирилганди. Аммо ҳозир мавжуд бўлган анклавлардаги ва чегаралардаги айрим муаммолар ечилиши керак бўлган ҳолатдир. Ҳозир бўлмаса, балки 10-20 йилдан кейин ушбу муаммолар ечилиши мумкин,” – дейди Марат Шибутов.

Францияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Камоллиддин Раббимов ўзбек академигининг мақоласи расмий Тошкентга ёқиш учун қилинган шахсий ташаббус дея баҳолайди.

"Чунки бу ерда бир қанча нуқталар бор. Ундаги бир неча позицияларнинг айтилишига расмий Тошкент, ҳукумат, Каримов йўл қўймаган бўларди. Ўзбекистон ҳукумати қўшниларига очиқдан очиқ муаммоли ҳолатлар келтириб чиқариш ва шу орқали ўзига қўшимча муаммолар шакллантиришдан қочарди деб ўйлайман. Агаки, бу мақоладаги позицияларни бошқа бир политолог, мисол учун Рафиқ Сайфуллин айтганида эди, жиддий эътибор қаратса бўларди," - дейди Камолиддин Раббимов.

Рустамжон Абдуллаев ўз мақоласида Ўзбекистоннинг НАТОга қўшилишини ва шундай сўнг ҳудудий кенгайтиришларни бошлаб юбориш лозимлигини урғулаган.

Бироқ кузатувчилар Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумат билан НАТОга қўшилиши амримаҳол эканлигини айтади.

Таҳлилчи Камоллидин Раббимовга кўра, НАТО таркибидаги Олмония ва Франция муаммоли давлатларни ушбу ташкилотга қўшишдан доим қочиб келган.

Улар қудратли давлатлар билан дўстона муносабатда бўлишга интилади.

Бироқ АҚШ манфаатига кейинги вақтларда Хитойни тийиб туриш ҳам кирмоқда.

Шунинг учун Ўзбекистонга маълум бир қизиқишлар бўлиши мумкин.

"Лекин НАТОга киришнинг олтита фундаментал шарти бор. Бундан бешинчиси, даъвогар давлатнинг демократик бўлиши. НАТО тарихида демократик бўлмаган иккита давлат қабул қилинган: 50-чи йилларнинг ўрталарида Туркия ва Юнонистон қабул қилинган. Аммо бу совуқ урушнинг эҳтиёжлари билан белгиланган. Ундан кейин НАТОга аъзо бўлган давлатларнинг бирортаси авторитар, диктатура эмас. Агар Ўзбекистон НАТОга кирмоқчи бўлса, сиёсий тизим қулаши ва ўзгариб кетиши керак. Бу беҳазил айтилаётган гап," – дейди Камоллиддин Раббимов.

Кузатувчилар Марказий Осиё давлатларида чегара жуда қалтис тортилгани боис минтақадаги бирор давлатнинг заифлашуви кучли давлатда унга нисбатан ҳудудий даъволарнинг баралла айтила бошлашига сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Марат Шибутовга кўра, давлатлар ўртасидаги бугунги кундаги муносабатлар келажакда "яхши яшаган эканмиз" деган хотирлар билан ёдга олиниши мумкин.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов келажакда давлат чегараларининг ўзгаришини эҳтимолдан соқит қилмайди, бироқ бу урушлар ҳисобига бўлиши мумкин.

Шунинг учун минтақадаги давлатлар ҳамкорлик ва интеграция ҳисобига ушбу муаммони баратараф этиши мумкин.

"Марказий Осиёнинг икки асосий давлатида Совет давридан қолган шахслар, уларнинг тафаккури давлатни бошқариб келаяпти. Лекин Қозоғистонда ҳам Ўзбекистонда ҳам транформация албатта бўлади. Ундан кейин бу жараёнларни қайтадан англаш бошланади. Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг умумий манфаатларини ҳамкорлик қилиш орқали қондириш мумкин деб ўйлайман," – дейди Камолиддин Раббимов.

Бу мавзуда батафсилроқ