Салим Шамсиддинов яқинларига унинг жасади Ўзбекистондан топилганини айтишган

Image caption Салим Шамсиддинов 15 мартдан бери уйига қайтмаган

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Хатлон вилояти ўзбеклар жамоасининг кўзга кўринган вакилларидан Салим Шамсиддиновнинг жасади Ўзбекистондан топилганини айтган.

Жамоат арбоби Салим Шамсиддинов деб қаралаётган бу жасад Сурхандарё вилояти ҳудудидаги Амузанг каналидан топилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон томони Тожикистон Ички ишлар вазирлигига электрон мактуб йўллаган.

Бугун Хатлон вилояти ички ишлар бўлими раҳбари Анвар Тоғаймуродов матбуот анжумани ўтказиб, у ҳам айни жасад Салим Шамсиддиновники эканлигига ишонишини айтган.

Би-би-си мухбири Мардон Муҳаммадга кўра, айни дамда Салим Шамсиддиновнинг яқинлари жасадни электрон почта орқали йўлланган расмдан таниб бўлмаслигини айтишган.

Аммо унинг рафиқаси суратдаги спорт кийими Салим Шамсиддинов 15 март куни уйдан чопиш учун кийиб чиқиб кетган спорт либосига ўхшашини айтган.

Ҳозир Салим Шамсиддиновнинг яқинлари Ўзбекистонга бориш учун виза олиш тадоригида эканликлари айтилади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу борада Шамсиддиновнинг яқинларига ёрдам беришаётганини маълум қилишган.

Cалим Шамсиддинов шу йил 15 март куни тонгда ўз уйидан чиқиб кетганидан бери бедарак йўқолган.

Аввалроқ, Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматилло Зоиров, жаноб Шамсиддинов сиёсий важлар билан ҳибсга олинган бўлиши мумкин деган иддао билан чиққан эди.

Раҳматилло Зоҳиров Салим Шамсиддинов бедарак йўқолиши муносабати билан бир неча бор мурожаат билан чиқиб, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан ўзбеклар жамиятининг кўзга кўринган вакили тақдири борасида аниқ маълумот беришни талаб қилган.

Ғойиб бўлишидан аввал Салим Шамсиддинов жаноб Зоиров бошчилик қилган Тожикистон ҳуқуқдонлари консорциумининг Хатлон вилояти бўйича вакиллигини ўз зиммасига олиши кутилаётганди.

Раҳматилло Зоировнинг маълум қилишича, Салим Шамсиддинов унга йўқолишидан бир муддат олдин сим қоққан ва хавфсизлик ходимлари ортидан тушганликларидан шикоят қилган.

Тожикистонда фуқароларнинг хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олиниши ва бу ҳақда яқинларини хабардор этмаслик одатий ҳолга айланган.

Салим Шамсиддинов ўтган йил май ойида вилоят маркази - Қўрғонтеппа шаҳрида номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилганди.

У ўзининг калтаклаб кетилишини Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида "Миллат" газетасига берган танқидий интервюси билан изоҳлаган эди.

Салим Шамсиддинов ғойиб бўлишидан бир кун аввал Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат ташқи сиёсатини ўзгартириш ҳақида гапириб, Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган эди.