Ўшлик қочқин: 'Ҳамма ўзини-ўзи эплаб, рўзасини тутаяпти'

Image caption Қонли низолар сабаб, ўн минглаб инсон муҳожиратга юз тутганди

Қирғизистон жанубида юз берган 2010 йилги қонли миллий низолардан бери Туркиядан бошпана топиб келаётган суҳбатдошимизнинг айтишича, қийин ёки осон эканидан қатъиназар, у ердаги ўшлик қочқинларнинг барчаси рўза тутишмоқда:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бу қийинчиликка чидаймиз. Аллоҳ фарз қилган ибодатлиги учун рўзани мажбур тутамиз. Қийин бўлса ҳам, осон бўлса ҳам, қиламиз буни. Ўшдан келган ўзбекларнинг ҳаммаси тутаяпти. Тутмаган одамни ҳали эшитмадик", дейди у.

Ўзининг маҳаллий ширкатлардан бирида таржимон бўлиб ишлашини айтган суҳбатдошимизга кўра, Туркияда ҳаёт кечириш осон эмас.

"Ҳамма ҳар хил ишларда банд. Биров қурилишда, биров фабрикада, биров "автопрокат"да, ҳар хил, ким нима иш тўғри келса, ўшани қилаяпти. Ҳамма ўзи билан ўзи овора".

Суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, ўзига ўхшаб Туркияга қочиб борган юртдошларининг фақат саноқлисигина қонуний ишлаяпти, холос.

Аксарият ўшлик қочқинлар ноқонуний юмушларда банд, дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу каби аҳволда эканликлари ҳам ўзига ўхшаган тақдирдошларининг рўза тутишларига халақит қила олмаган.

"Бу ер мусулмон давлати ва ишхоналарининг эгалари ҳам мусулмон бўлганликлари учун тўғри тушуниб, ифтор ва саҳарлик пайтларида уларга вақт беришади. Бемалол кириб, ифторлик ва саҳарликларини қилиб олишади. Унчалик ҳам қийинчиликка дуч келишаётгани йўқ. Ҳамма ўзини-ўзи эплаб, рўза тутаяпти, ибодатини қилаяпти", дейди у.

"Энди, ўзимизда қанақа таомлар бўлган бўлса, ўшанақа таомларни пишириб, қандай десам энди, рўза дастурхонлари яхши, ёмонмас. Янги келган ҳолатимизга қараганда ҳозирги шароитимиз, Аллоҳга шукр, яхши", дейди.

"Янги келганимизда ҳеч кимни танимасдик, ишимиз йўқ эди, қийналардик, кўча-куйга чиқсак, биров танимасди, ишонмасди. Ҳозир эса, келганимиздан бери битта маҳаллада яшаймиз, ўзимизга ишонч уйғотганмиз, ишонишади ҳаммаси...".

Четдан ёрдам

Суҳбатдошимиз, устига устак, рўза кунларида Туркиядаги махсус жамғармалар, катта бойлари ночор оилалар, мусофирлар, муҳожирларга жуда катта ёрдам қилишади, дейди.

"Энди, ёғ, шакар, ун, қўлларидан нима келса, пул бўлса пул, шу шаклда ёрдам қиладиган одамлар бор. Ёрдам қилишади одамлар".

Суҳбатдошимиз бу ерда бир кун ишламай қолсангиз дарров билиниши, аммо, шунда ҳам, ораларида бировдан қарз олган ёки ёрдам сўраганлари йўқлигини айтади.

"Кўраяпмиз, ҳамма ерда ҳамма ўзбек ўзининг нонини топиб, ўзининг ишини топиб, эпланиб юрибди".

Аммо, унга кўра, Туркияда иш топиш ва ҳаёт кечириш қийин бўлгани учун ҳам орада кечган вақт давомида катта сондаги қочқинлар Ўшга қайтишган.

"Кўпчилик қайтиб кетди. Туркияда ҳаёт қийин-да. Мана, ўзингиз биласиз, яшаш шароити жуда қийин. Шунинг учун ҳам, чидаган ишини топиб, ишлаб қолганлар, учинчи давлатга чиқиб кетаман деганлар, Туркияда қоламан, деганларгина қолишди. Қолган кўпчилиги чиқиб кетишди, орқага қайтиб кетишди", дейди у.

"Шу пул топасиз, топган пулингиз етмайди. Рўзғорингизни зўрға эплаб, юраверасиз. Айтаяпман-ку, топасиз, Худога шукр, бировдан қарзимиз йўқ, бировдан ошиқча еримиз йўқ, ҳаммаёғимиз етарли, аммо бир сўм пул ошириб, йиғолмайсиз".

"Бундан ташқари, иш топиш қийин. Қонуний ишлайман десангиз, "документация" ишлари қилиш қийин. Ҳаммаям қилавермайди. Шунинг учун ҳам кўпчилик ноқонуний ишлаб юраверади. Энди, ноқонуний ишлаганларнинг ойлиги кам бўлади".

"600-700 доллар атрофида пул топасиз. Ижара ҳақи бор, бола-чақанинг сарф-харажати бор, свет, сув, газ, ана шунақа бўлиб сарф бўлиб кетади-да. Йиғинолмайсиз".

Суҳбатдошимизнинг айтишича, дастлаб Туркиядан юздан ортиқ ўшлик хонадан бошпана топган бўлишса, ҳозир 10-15 чоғлиқ хонадон қолган, холос.

Тарихча ўрнида

Қирғизистон жанубида 2010 йил июн ойида юз берган қонли низолар ўн минглаб кишиларнинг муҳожиратга юз тутишларига ҳам сабаб бўлганди.

Қочоқлардан аксарияти Россия ёки Туркиядан бошпана топишган.

Орада кечган вақт давомида улардан кўпчилиги ортга, ўз уйларига қайтишган.

Аммо, халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, қочоқлардан 60.000 га яқини ҳануз Қирғизистон ва дунё бўйлаб дарбадарликда ҳаёт кечиришмоқда.

Улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ