Қирғизистондаги автоҳалокатда камида 10 киши вафот этган

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида йўловчи автобусининг дарахтга бориб урилиши оқибатида ўн киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар беради мамлакат Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги.

"Иссиқкўлнинг Жети-Ўғуз туманида Балиқчи-Қоракўл шоҳ кўчасида содир бўлган воқеа жойида 10 киши ҳалок бўлди, тўрт киши яраланди", деб айтган ФВВ матбуот хизмати вакили.

Гувоҳларга кўра, 23 июл куни соат 16 ларда микроавтобус ҳайдовчиси машинани бошқара олмай, йўл чеккасига чиқиб кетган ва дарахтга бориб урилган.

Баъзи хабарларга қараганда, автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Иссиқкўлдаги касалхона шифокорининг айтишича, яраланганларнинг аҳволи оғир, уларнинг орасида ёш бола ҳам бор.

Ҳодиса юз берган жойда қутқарувчилар, милиция ва йўл хизмати ходимлари ишлаётгани хабар қилинади.

Иссиқкўл вилояти Ички Ишлар Бошқармаси суриштирув ишларини бошлаган.

Ҳалокатга ҳайдовчининг тезликни оширгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.