The Economist: "Роғун рўё ва ё ўта нореал лойиҳа...”

Image caption Роғун рўё...ми?

Британиянинг нуфузли нашри The Economist Тожикистондаги гидроэлектр манбаларига доир мақола чоп этган.

Танқидий руҳда ёзилган мақола асосан Роғун лойиҳасига бағишланади.

Ўта қашшоқ, аммо сувга бой Тожикистон электр энергияси иншоотларини қуриб - қўшни Афғонистон ва Жанубий Осиёга электр энергеяси сотишни орзу қилмоқда, деб ёзади The Economist.

Назарияга ишонилса, 335 метр баландликдаги Роғун иншооти Тожикистонни қашшоқлик ва якканишин ҳолатдан қутқариши керак.

Бу дегани, The Economistга кўра, мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини икки карра оширади.

Аммо айни лойиҳа бир рўё бўлмаса, ўта нореалдир.

Роғунни қуриш 6 миллиард АҚШ долларига тенг сармоя талаб қилади.

2012 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7.6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган эди.

Қўшни Ўзбекистон эса бу лойиҳага ашаддий қаршилик билдирмоқда.

Сармоя муҳити эса, The Economistга, коррупцияга ботган.

Шўролар даврида режаланиб кейин аро йўлда қолган бу лойиҳа 2000 йилларнинг бошларида яна кун тартибига қайтарилди.

Давлат тарғиботига кўра, Роғун мамлакатда электр тақчиллиги билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этади.

Аммо халқаро донор ташкилотлар жаноб Имомали Раҳмонга ишонишмайди, деб ёзади The Economist.

Энг баланд, энг катта...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption ТАЛКОнинг миллионлари Роғунга сарфланадими?

Мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг бешдан икки қисми ТАЛКО алюминий заводига сарфланади.

The Economistга кўра, ТАЛКОнинг юзлаб миллионлар доллар фойдалари эса Британия Виржиния ороллоридаги ширкатнинг ҳисобига тушади.

ТАЛКОни Тожикистон президенти назорат этади деб даъво қилади The Economist.

Хўп, унда нима учун Раҳмон жаноблари бу ширкат келтираётган фойдаларни Роғун қурилишига сарфламайди деб савол қўяди нашр.

Ўзбекистон Роғун қурилиши билан ўз пахта далаларидан сув тортилиб қолиши ва бу Тожикистонга сиёсий ўйинда қўли баландроқ келиб қолади деб ўйлайди.

Президент Каримов ҳатто айни масала урушга етаклаши билан ҳам огоҳлантириб чиқди.

Аммо Роғуннинг ҳажми ва баландлигини савол остига олинишини Раҳмон жаноблари ёқтирмайди.

2004 йилда РусАЛ ширкати Роғунни қуриш учун сармоя ётқизиш, аммо баландлигини 50 метр пастроқ қилиш таклифи билан чиқди.

Президент Раҳмон бунга рози бўлмади ва ширкатдан мамлакатни тарк этишини сўради, деб ёзади The Economist.

Президент Раҳмон дунёдаги энг баланд байроқ устунини қурди.

Яқинда дунёдаги энг катта чойхона қуриш ниятида...

Шундай бир ҳолатда ўқитувчилар ойлаб маошларини олишмайди.

Ойига 30-40 доллар ишлайдиган ўқитувчи яна Роғун акцияларини сотиб олиши керак, деб ёзади The Economist.

Агар Роғун қурилса ҳам бу мамлакатдан электр энергияни экспорт қилиш осон бўлмайди.

Қирғизистон билан бирга Тожикистон Жанубий Осиё мамлакатларига тортилажак электр энергияси йўллари учун бир миллиард АҚШ долларига тенг сармоя қидирмоқда.

Тожикистонннинг бошқа зудлик билан ҳал этилиши лозим муаммолари ҳам бор.

Нурек гидроэлектрстанцияси таъмирга муҳтож.

Оддий бир йўлда таъмир учун 1 миллиард доллар керак бўлади.

Тожикистон Роғунни бир ўзи қуролмайди.

Мамлакатнинг аксар олимлари ва мутахассислари чет элларга чиқиб кетишган.

Роғуннинг раҳбар мутахассисларидан биридан статистик маълумотлар сўралганида у Wikipediaга мурожаат қилди, деб ёзади The Economist.

Мамлакатдаги коррупция ҳолатига кўз юмиб бу лойиҳани уддалаши мумкин бўлган давлатлар Россия ва ё Хитойдир.

Аммо иккала давлат ҳам минтақанинг энг аҳолиси кўп ва йирик армияга эга Ўзбекистоннинг ғазабини қўзғотиб қўйишни истамайди.

The Economistга кўра, Раҳмон жаноблари агар сал пастроқ тушишни истаса унда мамлакатни қишда ҳам электр билан таъминлаши мумкин бўлади.