Олма ота шаҳрида икки поезд тўқнашди

Image caption Поездлар тўқнашуви оқибатида тўрт киши шифохонага ётқизилган

Қозоғистоннинг Олма ота шаҳри темир йўл станциясида икки поезднинг тўқнашуви ортидан эликка нафарга яқин одам жароҳат олган.

Тўқнашув натижасида 4 нафар одам шифохонага ётқизилган.

Транспорт прокуратураси ҳолат юзасидан жиноий иш очган. Қозоғистон бош транспорт прокуратураси сайтида ёзилишича, ҳодиса 28 июль 18:05 да бўлиб ўтган.

Алмати-2 темир йўл станцияси вокзалининг тўртинчи йўлида туриб йўловчи олаётган "Олма ота - Новосибир" йўналишидаги поездга "Олма ота- Петропавл" бўйича қатновчи йўловчи поезди келиб урилган.

Иккинчи поезд вагонларида йўловчилар бўлмаган.

"Тўқнашув натижасида тўрт одам, жумладан бир йўловчи турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. Қолганлар (тахминан 50 нафар одам) қаттиқ лат емагани учун шифохонада ётишдан бош тортди", - дейилади прокуратура хабарида.

Ҳодисага диспетчернинг хатоси сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Прокуратура ҳодиса юзасидан жиноий иш очган ва текширувларни бошлаб юборган.

Ушбу икки йўналишга поездлар жадвалдан 3 соат кечикиб йўлга чиққан.

Қозоғистонда йўловчи поездларнинг тўқнашуви олдин ҳам кузатилган.

Бироқ ушбу ҳодисаларда жиддий талофатлар кузатилмаган.

Поездлар тўқнашуви асосан станцияларда содир бўлган.

2007 йилнинг 26 феврал куни "Олма ота- Остона" йўналишидаги поезд қор тозаловчи поезд билан тўқнашуви ортидан йўловчи поезднинг икки вагони темир йўлдан чиқиб кетган ва икки йўловчи жароҳат олганди.

Қолган ҳолларда юк поездларининг темир издан чиқиб кетиш ҳоллари кўпроқ рўй берган.