Покистонда 6 нафар ўзбекистонлик жангари қўлга олинган

Image caption Ўзбек жангарилари сафларида аёлларнинг ҳам борлиги айтилади

Покистоннинг Панжоб вилоятида Ал-Қоида ва Толибон билан яқин алоқада экани айтиладиган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг олти нафар аъзоси қўлга олинган.

Полицияга кўра, олтовлон Панжоб ҳокими Салман Тасирнинг ўғли Шаҳбоз Тасир ва Америка фуқароси Варрен Вейнстейнни ўғирлаб кетишда айбланмоқда.

Усмон Басра, Неъматуллоҳ Ўзбек, Муфти Муҳсин (Жалолиддин), Фарҳаж Мустафо, Рана Абдул Раҳмон ва Муҳаммадлар Панжоб вилоятининг турли минтақаларида ҳибсга олинганлар.

Покистон расмийларининг айтишларича, тергов жараёнида айбланувчилар Шаҳбоз Тасир ва Варрен Вейнстейнларни гаровга олишгани ҳамда шиа уламоси Ирфон Нақвийни ўлдиришганини тан олганлар.

Шаҳбоз ва Варрен ҳозирда Афғонистонда тутқунликда ушлаб турилганликлари айтилади.

Улар шунингдек, Шайх Шаҳид исмли ишбилармонни гаровга олишгани ва кейин у 100 миллион Покистон рупийси тўлагач, озод этилганини тан олишган.

Полицияга кўра, айни ҳисбга олиш жараёни Шаҳбоз Тасир ва Варрен Вейнстейнни озод қилиш йўлидаги ҳаракатларга ёрдам бериши мумкин.

Қўлга олинган ўзбек жангариларининг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниб-қилинмасликлари номаълум.

Ўтмишда Покистон ўз ҳудудида ушланган ўнлаб ўзбек фуқароларини Тошкентга топширган.

Экстрадиция ҳақидаги келишув икки давлат АҚШнинг террорга қарши урушда яқин иттифоқчиси мақомини олиши ортидан 2002 йил мартида имзоланган эди.

Янги стратегия

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг қабила ҳудудларида 2001 йилнинг охирларидан эътиборан фаол бўлгани айтилади.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳаво ҳужумларидан қаттиқ зарар кўрган ҳаракат Покистоннинг Афғонистон билан чегара ҳуддаларида қайта ташкилотланган.

Покистон расмийларига кўра, мамлакатда амал қилаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сони "бир неча юз киши"ни ташкил этади.

Ўзбек жангарилари ўтган йиллар мобайнида Покистон ҳарбийлари ва ҳукуматпараст қабила раҳбарларини нишонга олиб келишган.

Аммо сўнгги пайтларда ЎИҲ Афғонистондаги коалиция кучларига қарши қатор ҳужумларни уюштирган.

Таҳлилчилар бу янги стратегия экани, ушбу стратегия ғарб назарида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини янада хавфлироқ гуруҳга айлантиришини айтишади.

Ҳаракат раҳбари Тоҳир Йулдош 2009 августида АҚШнинг Покистон шимоли- ғарбида амалга оширган дрон ҳужумида ўлдирилган.

2012 йил августида унинг ўрнига тайинланган ва куёви экани айтилган Усмон Одилнинг ҳам ҳалок этилгани хабар қилинган.

Шу йил бошида афғон расмийлари ўзбекларнинг Покистондан яна Афғонистонга қайтишаётгани, хусусан, Афғонистон шимолида тўпланаётгани ҳақида баёнотлар беришган.

Марказий Осиё ҳукуматлари, айниқса, Ўзбекистон АҚШ ва Нато қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг жангариларнинг ўз чегараларидан сизиб киришидан хавотир билдириб келади.