Москва бозорларини полиция "тозалаяпти", Питерни эса - миллатчилар

Image caption Полиция дўппосланиши билан боғлиқ ҳол Магомед Магомедовни қўлга олиш амалиёти чоғида юз берган

Москва полицияси ўз зобитининг дўппосланиши ортидан йирик бозорларга рейдлари ва кенг кўламли текширув ишларини давом эттирмоқда.

"Биз шаҳарнинг барча бозорларидаги жиноятчиликка қарши курашни кучайтирамиз, ва умуман этник жиноятчиликка қарши курашни кучайтирамиз", - деб айтди Ички ишлар вазирлигининг Москва бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин шанба куни Матвеевский бозорида дўппосланган Антон Кудряшевни касалхонада бориб кўра туриб.

Куннинг ярмига келиб полиция бозор ишчиларининг 500дан ортиғининг бармоқ изларини олган. Уларнинг баъзилари қўлга олинганлар.

"Тадбир давомида учта бозор текширилди. Уларнинг ҳудудида юзлаб фуқаролар, хусусан уч вояга етмаган болалар қўлга олинди", - деб хабар тарқатди ИИВ Москва бошқармаси.

Аввалроқ Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев "зудлик билан жиноятсизлантириш" мақсадида савдо нуқталарида рейдлар ўтказиш, ҳамда пойтахт бозорларининг барчасини ноқонуний муҳожирлардан тозалашга буйруқ берган.

Сешанбага ўтар кечаси полициячи дўппосланган ҳудуд устидан назоратга масъул "Очаково-Матвеевское" бўлимининг раҳбари ишдан олинган.

"У бозордаги вазиятни назорат қилмагани учун жазоланди", - деб айтди жаноб Якунин.

Видео

Шанба куни Матвеевский бозорида полициячилар 15 ёшли қизни жинсий зўрлашда гумон қилинган шахсни қўлга олишга уринганлар.

Бироқ, 20-25 одамдан ташкил топган гуруҳ полициячиларга ташланиб, гумондорни озод қилишга уринганлари даъво қилинади. Полициячилардан бири бошига кастет билан урилгач, оғир ҳолда касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат интернетда пайдо бўлган видео туфайли омма орасида тезда шов-шувга сабаб бўлган.

Image caption Бу видеода эса Санкт-Петербургдаги миллатчилар, полиция ёрдамида, Марказий Осиёликларни қандай сиқувга олаётгани намоён бўлади

Душанба куни хавфсизлик кучлари зобит Кудряшевга ҳужум қилганликда гумон қилинган шахсни қўлга олганлар.

Расмийларга кўра, терговчилар Магомед Расуловни сўроқ қилишни мўлжаллаганлар.

Москва полицияси хабар қилишича, гумондор шаҳардан автобусда чиқиб кетишга уринаётганда қўлга олинган.

Айни дамда, полициянинг билдиришича, жинсий зўрлашда гумон қилинган бошқа гумондор Магомед Магомедов қизга тегажоқлик қилганини тан олган, бироқ уни зўрлаганини рад қилган. Қурбон қиз уни гумондорлар сафидан танлаб олгани айтилади.

Санкт-Петербургдаги "тозалаш"

Айни дамда интернетда Санкт-Петербургдаги бир гуруҳ миллатчиларнинг шаҳар савдо нуқталари ва бозорларидаги Марказий осиёлик ва қофқозлик савдогарларга ҳужум қилаётганлари акс этган видео чоп қилинган.

Улар муҳожирларни туртиб-сўкишлари, уларни ўзбошимчалик билан қўлга олишлари, сотаётган мева ва сабзавотларини тепиб, текинга халққа тарқаётганига гувоҳ бўлган полиция видеолавҳада ҳужумчиларга қарши бирон чора кўрмагани намоён бўлади.

Полициячилар, аксинча, миллатчилар қўлга олган муҳожирларга қарши қўпол муносабатда бўлиб, ҳибсга олганлари видеога туширилган.

Россия матбуотида мамлакатдаги аксар жиноятчилик меҳнат муҳожирлари ҳисобига дуч келиши борасидаги хабарлар чиқиши давом этмоқда.

Аммо, яқинда Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромадановский мамлакатда чет элликлар содир этаётган жиноятлар 3,4 фоиз эканлигини билдирди.