Москвада мингдан ортиқ ноқонуний меҳнат муҳожири ушланди

Москва полицияси шаҳардаги қатор бозорларга рейд ўтказиб, мингдан ортиқ ноқонуний меҳнат муҳожирларини қўлга олди.

Полицияга кўра, 20 га яқин кийим-кечак тикувчи цех ошкор қилинган. У ерда қўлга олинган муҳожирлар орасида Въетнам, Миср, Сурия, Қирғизистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон фуқаролари бор.

Айтилишича, муҳожирлар бутун бошли оилалари билан ифлос шароитларда ишлашган.

Бир хонада пичоқ билан жароҳат етказилган аёл ҳам топилган.

Аксар муҳожирларда ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Баъзиларида қалбаки, дея тахмин қилинган ҳужжатлар бўлган.

Ушланганларни сўроққа тутгандан сўнг вақтинча чодир-шаҳарчага жойлаштириб, депортацияга тайёрлашлари айтилган.

Бир кун аввал Россия президенти Владимир Путин махсус мажлис ўтказиб, Москва бозорларида тартиб ўрнатиш зарурияти ҳақида гапирганди.

27 июл куни Матвеевский бозорида 15 ёши қизни зўрлаганликда гумон қилинган шахсни полиция томонидан ҳибсга олиш жараёнида оломон полицияга ҳужум қилиб, ҳибсга олинаётган шахсни озод қлишга ҳаракат қилган.

Натижада полициячилардан бири бошидан жароҳат олиб оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Қизни зўрлашда гумон қилинган Магомед Магомедов ногирон ва ақли зиаф бўлганлигига қарамай ўша куни ҳибсга олинган.

Полициячига жароҳат етказган Магомед Расуловни эса 2 кундан сўнг қўлга олганлар.

Президент Раҳмоннинг Москвага сафарида муҳожирлар масаласи кўтариладими?

Айни вақтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иш сафари билан Москвага келмоқда.

Жаноб Раҳмоннинг Россия Президенти билан учрашувида айнан қайси масалалар муҳокама қилиниши ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Лекин кузатувчилар бу йил кузида Тожикистонда президентлик сайловлари кутилаётгани ушбу сафарга алоҳида маъно бераётганлигини таъкидламоқдалар.

Жаноб Раҳмон сайловларда иштирок этиш-этмаслиги ҳақида ҳозирча расман эълон қилмаган, лекин аксарият унинг асосий номзод бўлишига шубҳа қилмайдилар.

Россия Тожикистондаги сиёсий жараёнларда ҳануз муҳим рол ўйнаши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Таҳлилчилар жаноб Раҳмоннинг Москвага сафаридан асосий мақсад Россиянинг қўлловини тасдиқлаб олиш ва охирги вақтларда совуқлашган муносабатларни қайта тиклаб олиш, дея талқин қилмоқдалар.

Кремлга яқин баъзи манбалар Москва Тожикистон ҳукуматининг охирги вақтдаги йўриғидан у қадар ҳам қониқмаётганлигини айтадилар.

Ўтган йили Душанбеда узоқ давом этган музокаралардан сўнг жаноб Путин ва Раҳмон Тожикистондаги Россия ҳарбий базасини яна 30 йилга қолдириш юзасидан битимга имзо чекдилар.

Бу битим ортидан Россияга борадиган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари учун имтиёзлар ва Россиядан келтириладиган нефт маҳсулотларига божхона тўловларини бекор қилувчи меморандумлар ҳам имзоланди. Аммо бу икки ҳужжат қонунуий мақомга эга эмас.

Москва бу меморандум шартларини бажаришга ваъда берган бўлса ҳам. Душанбе ҳарбий битим ратификация қилинаётган вақти бу икки ҳужжатга ҳам қонунуий мақом берилишини сўрамоқда.

Кузатувчиларга кўра, бу ҳолат Душанбенинг Россияга нисбатан ишончи у қадар йўқлиги белгисидир.

Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси Марказий Осиёдаги энг йирикларидан бири бўлиб 2004 йили 201 ўқотар дивизия базаси ўрнида ташкил топган.

Турли рақамларга кўра, Россияда миллиондан 1 ярим миллионга қадар тожикистонлик меҳнат қилади.

Улар Тожикистонга йилига 3 миллиард доллар маблағ юборишади. Бу эса мамлкат бюджетидан деярли 1 ярим баробар кўпроқ деганидир.

Бу мавзуда батафсилроқ