Тожикистон: исломий партия ўзига қарши ҳужумлардан шикоят қилмоқда

Image caption Кабирий жаноблари давлат телевидениесидан ўзларига эфир вақти берилишини талаб қилган

Тожикистоннинг мухолифатдаги Ислом Уйғониш Партияси давлат ахборот воситаларини ўзига қарши кенг миқёсдаги кампанияни олиб боришда айблаган.

Фаолларга кўра, давлат теле ва радио каналлари партия аъзоларининг шаънини ҳақоратловчи чиқишларга ўрин бермоқда.

Исломий партия раҳбари Муҳиддин Кабирий Давлат телерадиоқўмитаси раисидан бу каби чиқишларни рад этиш учун ўзларига эфир вақти берилишини талаб қилган.

Тожикистон минтақада исломий партия расман рўйхатдан ўтган ягона давлат ҳисобланади.

1997 йилда эришилган миллий ярашув битимига мувофиқ, Ислом Уйғониш Партияси ҳукуматдаги ўринларнинг 30 фоизини эгаллаган эди.

Душанбедаги Би-би-си журналисти Мардон Муҳаммаднинг айтишича, исломий партияга ҳужумлар яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари ва Тожикистондаги оғир ижтимоий вазият билан боғлиқ.

'Сиёсий ислом керакмас'

Давлат телевидениеси орқали намойиш этилган чиқишларнинг бирида тожик исломий мухолифатининг собиқ қўмондонларидан Мулло Абдураҳим Ислом сиёсатдан узоқ туриши кераклиги, акс ҳолда мусулмонлар орасида низо келиб чиқиши мумкинлигини айтган.

"Ислом сиёсий партияга муҳтож эмас. Шунинг учун ҳам Тожикистонда исломий партияга эҳтиёж йўқ", деб айтган собиқ қўмондон.

Мулло Абдураҳим 1997 йилдаги тинчлик битими ортидан Тожикистон Давлат Божхона қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган ва кўп ўтмай, Ислом Уйғониш Партиясидан чиқишини эълон қилган.

Асосий мухолифат

Тинчлик битимидан кейин ўтган вақт мобайнида Ислом Уйғониш Партияси ҳукуматдаги ўринларни йўқотган эса-да, мамлакатдаги асосий мухолифат мавқеъини сақлаб қолган.

2010 йил февралида ўтган охирги парламент сайловларида Ислом Уйғониш Партияси расман 8.2 фоиз овоз билан парламентда бор-йўғи иккита ўринни эгаллаган, аммо партия вакиллари сайлов натижаларини тан олишмаган.

Улар овозлар сохталаштирилгани, аслида 40 фоизга яқин сайловчилар Ислом Уйғониш Партиясини қўллаб-қувватлашганини айтишган.

Кузатувчилар сўнгги йилларда исломий партияга хайрхоҳлар сонининг кўпайганини Тожикистондаги ишсизлик ва коррупция, шунингдек, ҳокимият ва бизнесни фақат битта минтақа- Президент Раҳмон мансуб бўлган Кўлоб вилояти вакиллари эгаллаб олганидан норозилик кайфиятлари билан тушунтиришади.

Тожикистонни 22 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Имомали Раҳмон ноябр ойида ўтадиган сайловларда ўз номзодини қўйиш-қўймаслигини айтмаган.

Аммо кузатувчилар унинг сайловларда қатнашиши ва ғалаб қилишига шубҳа қилишмайди.

Россия матбуоти пайшанба куни Москвага сафар қилган Президент Раҳмоннинг ташрифидан мақсад Тожикистондаги сайловларда Кремлнинг дастагини қўлга киритиш экани ҳақида ёзган.