Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Раҳматулло Зойиров: Тожикистонда халқ инқилоби юз бериши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Раҳмон Тожикистонни 22 йилдан буён бошқариб келади

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Москвада Президент Путин билан музокаралар олиб борган.

Жаноб Раҳмоннинг журналистларга айтишича, музокаралар кун тартибидаги асосий масалалардан бири Тожикистондаги Россия ҳарбий базасининг муддатини узайтириш бўлган.

Тожикистон Президенти мамлакат парламенти бу борадаги келишувни кузда ратификация қилишини маълум қилган.

Айни пайтда кузатувчилар Имомали Раҳмон Тожикистонда ноябр ойида ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари олдидан Кремлнинг дастагини қўлга киритиш мақсадида борганини айтишмоқда.

Тожикистонни 22 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Имомали Раҳмон ноябр ойида ўтадиган сайловларда ўз номзодини қўйиш-қўймаслигини айтмаган.

Аммо кузатувчилар унинг сайловларда қатнашиши ва ғалаб қилишига шубҳа қилишмайди.

Ҳозиргача Тожикистон президентлик сайловларида қатнашишини эълон қилган ягона сиёсатчи, мухолифатдаги Социал-Демократик партия раҳбари Раҳматулло Зойировнинг Би-би-сига айтишича, Москва ҳануз жаноб Раҳмонни дастаклаш борасида ниҳоий қарор қабул қилмаган.

Мухолифат раҳбарининг айтишича, Тожикистонда Имомали Раҳмон бошқарувидан норозиликлар кучли ва агар у яна бир марта сайловда номзодини қўйса, бу халқнинг сабр косасини тўлдириши мумкин.

"Биз инқилоб тарафдори эмасмиз, аммо бу каби ҳодисалар юз бергани тақдирда, салбий оқибатларни камайтириш учун уларда иштирок этишга мажбурмиз", деб айтди Раҳматулло Зойиров Би-би-си билан суҳбатда.