Қозоғистон фазо компанияси раҳбари пора билан қўлга олинган

  • 5 Август 2013

Қозоғистон молия полицияси йирик миқдорда пора олганликда айблаб “Қазағстан Ғариш Сапари” миллий компанияси президентини қўлга олган.

Ғабдулатиф Мирзақулов 760 минг доллар пора олаётганда ушланган. Бу ҳақда Қозоғистон молия полицияси ўз баёнотида билдирган.

“Ғабдулатиф Мирзақулов 15 миллиард тангалик космик аппаратларнинг тажриба мажмуаси қурилишидаги танлов давомида “Кулагер” МЧЖ ташкилоти манфаатларини ҳимоя қилган. Бунинг эвазига ушбу ташкилот раиси Егенбаевдан Асилбеков номли ишончли шахсдан 272 минг доллар ва 75 миллион 300 минг танга (488 минг доллар) миқдорида пора олган”, - дейилади Молия полицияси сайтида тарқатилган хабарда.

“Кулагер” масъулияти чекланган жамият раиси Егенбаев ва воситачилик қилишда айбланган “Сункар Кузет” МЧЖ директори Асилбеков ҳам ҳибсга олинган. Егенбаев пора берганликда айбланмоқда ва уй ҳибсида ушланмоқда.

“Қазағстан Ғариш Сапари” космос соҳасида Қозоғистоннинг энг йирик акционерлик жамияти ҳисобланади.

Ширкат Қозоғистоннинг космос соҳасидаги фаолиятини ривожлантириш мақсадида тузилган.

Компания Қозоғистоннинг космик соҳасидаги узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқаради. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий вазифаларини ечишга йўналтирилган космик технологияларни жорий қилиши ширкат фаолиятида кўрсатилган.

Қозоғистонда йирик амалдорларнинг пора олишда ёки давлат мулкини талон тарож қилишда айбланиб ҳибсга олиниши биринчи марта учраётгани йўқ.

2011 йили Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Жақсилик Доскалиев маҳкама орқали давлат мулкини талон тарож қилишда айбланиб 7 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кейинчалик собиқ вазир президент Назарбоевдан кечирим сўраганидан кейин озодликка чиқди.

Бу мавзуда батафсилроқ