Россия ноқонуний муҳожирлар учун 83 та янги жамлоқ очмоқчи

Шу пайтгача мавжуд чодирларга жойлаштирилган меҳнат муҳожирларининг сони 600 га етгани айтилмоқда.

Уларнинг сони яна ошиши мумкин, деб айтган Москва Ички Ишлар бўлими матбуот хизмати Би-Би-Сига.

Айни пайтда чодирларда яшаётган муҳожирлардан сақлаш шароити ва овқатланиш сифати бўйича шикоятлар тушаётгани хабар қилинади.

Полиция пойтахтда яширин тикув цехи борлигини аниқлаганидан бир кун ўтиб, 2 августда Москвада ноқонуний муҳожирлар учун чодирлар ўрнатила бошланганди.

Шунингдек, муҳожирларга қарши оммавий кампания 27 июлда Матвейск бозорида полиция ва муҳожирлар ўртасида муштлашувдан кейин бошланган.

Бир полиция ходими жароҳат олган тўполондан сўнг президент Путин махсус йиғилиш ўтказган, 29 июлда полиция ва кўнгиллиларнинг бозорлардаги рейдлари кенг қулоч ёйган.

Маълумотларга кўра, ноқонуний муҳожирлар ушланган яширин цехда 1,5 мингдан ортиқ вьетнамлик фуқаролар антисанитария шароитларида оилавий яшаб, ишлаганлар.

Федерал Миграция хизмати билдиришича, мавжуд чодирлар 900 тагача кишига мўлжалланган, у ерга олиб борилган муҳожирлар навбати билан ватанига чиқариб юборилиши керак.

Россиянинг "Коммерсант" рўзномаси ҳам Миграция хизмати бутун Россия бўйлаб 83 та муҳожирларни сақлаш жойлари очилиши ҳақида қонун лойиҳасини тайёрлаганини хабар беради.

Шу кунда 21 махсус бўлимлар борлиги, Федерал хизмат унда ишловчи ходимлар сонини 4,5 минггача етказилишини айтади.

Россиядаги интернет сайтлари, жумладан "Свободная пресса" бундай чодирларни "муҳожирлар учун концлагер" деб атаган.

"Яқинда Россияни ноқонуний муҳожирлар учун қурилган чодирлар тизими ўраб олса керак", деб киноя қилади "Свободная пресса".

Хабарларга кўра, чодирлар ўрнатилишига қарши норозилик акцияси ўтказиш режаси тузилмоқда.

Шикоятлар

Чодирлардаги яшаш шароитларини кўришга борган россиялик ҳуқуқ фаолларига меҳнат муҳожирлари арз қилишган.

Хусусан, Миграция ва Ҳуқуқ маркази раҳбари Светлана Ганнушкина бундай жамлоғларда инсонларни вақтинчалик сақлаш учун юридик мақом йўқлигини айтган Коммерсант газетига.

Россияда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Владимир Лукин ҳам меҳнат муҳожирларнинг яшаш шароитидан қониқмаган.

Ўз навбатида чодирлардаги вьетнамликлар гречка ўрнига гуруч берилишини сўрашган.

Чодирда электр розеткалари йўқлиги, чекиш тақиқлангани муҳожирларни норози қиляпти.

Ҳуқуқ фаоллари учрашган вьетнамлик муҳожирлар цехларда 14 соатлаб оғир шароитларда ишлаганлари, лекин маош олмаганларини ҳам гапириб беришган.

Чодирлар шаҳарчасида вьетнамлик, мисрлик, суриялик, афғонистонлик ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлар борлиги айтилмоқда.

Жаҳоннинг кўп давлатларида муҳожирлар учун вақтинчалик чодирлар тикилиши маълум, лекин Россиядаги кўриниш ривожланган давлатларникидан фарқ қилади, деб айтган чодирдаги шароитни бориб кўрган ҳуқуқ фаоллари.

Уларнинг айтишича, 50 кв метрлик чодир ичида 40-50 киши яшашга мажбур бўлмоқда.

"Миграцияни тартибга солиш аввало виза тизимини жорий қилиш билан ҳал қилиниши керак, дейди сиёсатшунос Фёдор Крашенников.- "Лекин ҳозир Россияга Тожикистон ва Ўзбекистондан катта сонли муҳожирлар оқими кириб келмоқда. Бу оқимни чегарада тўхтатишнинг ўрнига, Россия ҳудудида палаткалар ўрнатиб, муҳожирларни қамаб қўйиш абсурд эмасми?"

–Бу жойларни қуришга Россиянинг ҳозирги вазиятида қанча маблағ кетганини тасаввур қилиш мумкин. Энг асосийси, чодирлар нафақат муҳожирларни сақлашда, балки керак бўлганда қамоқ вазифасини ўташ учун ишлатилиши мумкин", деган Крашенников.

Биз Россиядаги "Миграция ва қонун" маркази ходими Юлдуз Аминова билан боғланиб, чодирларда муҳожирларнинг ташқи дунёдан узиб қўйилиши қанчалик ҳуқуқий асосга эга, деб сўрадик.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ