HRW Россияда муҳожирларнинг оммавий ушланишини қоралади

Image caption Муҳожирлар учун жамлоқ

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Right Watch Россияда оммавий равишда муҳожирларнинг тутилаётгани ва ушлаб турилганини “ирқий кўзқараш, асоссиз ушлаб туриш ва муваққат жамлоқлардаги ёмон шароитлар” дея танқид қилмоқда.

Ҳозирда юзлаб муҳожирлар махсус жамлоқларга тўпланган ва ноинсоний шароитларда тутиб турилмоқда.

Россия зудлик билан бу каби қўлга олиш ва тутиб туриш амалларини тўхтатиши керак, муҳожирларга инсоний муносабат кўрсатмоғи лозим, дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баёнотида.

Москва полициясининг ўтган ой охирларида муҳожирларга қарши бошлаган амалиёти оқибатида 4000 дан ортиқ киши қўлга олингани хабар қилинади.

Улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Ветнам, Сурия, Афғонистон, Марокаш, Миср ва Қирғизистон фуқаролари бор.

“Бу йирик “тозалаш” амалиёти тўлалигича Россиянинг халқаро қонунлар қаршисидаги маъсулиятига зиддир”, - дейди HRW Россия дастури директори Татяна Локшина.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Россия ҳукумати қўлга олинган ҳар бир шахснинг фундаментал ҳуқуқларини ҳурмат қилиши керак.

Ташкилот ҳозирга қадар давом этаётган “тозалаш” амалларидан хавотирларини изҳор этган.

HRW ташкилоти ходимлари славян кўринишида бўлмаган шахсларни Россия полицияси Москва марказий метро бекатларида тўхтатиб текшираётганига гувоҳ бўлишган.

Ташкилотга кўра, бу аниқ этник кўзқараш асосига қурилган бир амалиётдир.

Ноинсоний шароитлар

Image caption Полиция "этник кўзқараш" асосида ишламоқда

Ҳужжатларсиз муҳожирлар ва жиноятчилик мавзуси Сентябрда кечиши кўзланган Москва ҳокимлиги учун сайловолди курашининг марказига чиққан.

Муҳожирларга қарши бу йирик амалиётга шимолий қовқозлик шахс яқинларининг гўё полициячини калтаклагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Полиция идоралари ва муваққат ҳибсхоналар тўлиб кетгани учун мулозимлар қўлбола палатка жамлоғи тиклашга қарор қилганлар.

Бу ерда электр энергияси ва алоқа йўқ, ташкилотга кўра, санитария вазияти абгор, озиқ -овқат яхши эмас ва ювинадиган сув етарлича берилмаяпти.

Махсус амалиётлар чоғида қўлга олинган муҳожирларга на таржимон ва на ҳимоячи берилади.

Шунингдек, ташкилотга кўра, уларнинг аксарияти ўз яқинларини вазиятдан огоҳ этишмаган ва бунга изн берилмаган.

Қўлга олинганларнинг баъзилари бошпана изловчилар ва ёки Россияда муқим яшаш ҳуқуқига эга бўлган шахслардир.

Россия омбудсмени Владимир Лукин матбуотга жамлоқлардаги санитария вазияти ёмон эканини айтган.

"Муҳожирлик ва ҳуқуқ" тармоғи раҳбари Светлана Ганнушкина айни жамлоқни бориб кўрган ва HRW ташкилотига, «вазият ноинсоний» деб айтган.

“Этник асосларга эга бўлган бу оммавий қўлга олиш амалиётини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Агар мулозимлар Москвада хавфсизликни яхшилаш ва тартибни тиклаш режаларида жиддий бўлишса, унда улар жиноятчиликка қарши курашга кўпроқ эътибор беришлари керак. Муҳожирларни балогардон қилиб кўрсатиб, жамоатчилик норозилигидан қочиб қолиш ҳаракатини тўхтатишлари лозим”, - деб айтган Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Россия дастури директори Татяна Локшина.

Бу мавзуда батафсилроқ