Москва: жамлоққа олиб кетилган ўзбеклар қаерда?

  • 13 Август 2013
Image caption "Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ёрдамдан бош тортди.Тақдиримиздан хавотирдамиз", дейди жамлоқдаги ўзбек муҳожирлари.

“Гольяново”даги “концлагерь” ташкил этилган кунлари жамлоқда юзга яқин ўзбеклар сақланаётган эди. Уларнинг кўпчилиги хужжатларини текшириш, бармоқ изларини олиш мақсадида махсус қабулхоналарга олиб кетилиб жамлоққа қайтарилмаган. Маълумотларга кўра, олиб кетилган ўзбеклар ўз ватанларига ҳам юборилмаган. Уларнинг қаердаликлари маълум эмас.

Москва полицияси матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, лагерда 614 нафар муҳожир сақланган ва уларнинг 31 нафари 10 август куни депортация қилинган. Қолганлар эса суд хукми чиқарилиб, ўз ватанларига қайтарилишларини кутишмоқда эди.

Аммо жамлоқдаги ўзбек муҳожирларининг айтишича, барчаларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан суд бўлиб ўтган ва уларга жарима солинган.

- Бизга ўз ихтиёримиз билан билет олишимизни талаб қилишди. Қўлга тушмасимдан олдин 11 август кунига Ўзбекистонга қайтиш учун билет олгандим, 29 августда тўйим бўлиши керак эди. Қўйиб юбормаганликлари учун билетни қайтаришга мажбур бўлдим. 3-4 кун ичида қўйиб юборамиз, деб айтишаяпти, аммо олдин олиб кетилганлар ҳам ҳалигача уйга етиб боришмабди. Тақдиримиздан хавотирдамиз, - дейди жамлоқда сақланаётган муҳожир аёл.

Унинг айтишича, илк кунлари жамлоқда бирга бўлишган ҳамроҳларини суриштириб топа олишмаяпти, кетган кунидан бошлаб телефони ўчирилган, уйга эса ҳали бормаган.

- Бугун кечқурун бизни ҳам “спецприём”га олиб кетишаркан, - деди хавотир билан ўзбек муҳожири. – Лагерда ўзбекларни одам ўрнида кўришмади, хор бўлдик.

Ўзбекистонлик яна бир муҳожир буйраги оғриётганини айтди.

– Жамлоқдаги шифокорга айтсам фақат “Но шпа” бериб қўйяпти, бир неча кундан бери оғриқ пасаймаяпти, - деди у.

Муҳожирларнинг айтишича, лагерь ичида миллатчилик авж олган. Вьетнамликлар учун қўшимча овқат, электрдан фойдаланиш, зарур буюмлар билан таъминлаш борасидаги муаммолар ҳал этилган. Сабаби, Вьетнам элчихонаси вакили жамлоқда юртдошлари билан бирга яшаб, улар учун жон куйдириб турибди. Бошқа элчихона вакиллари ҳам ўз фуқароларининг ҳолидан тез-тез хабар олиб, озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж нарсалари билан таъминлаб туришибди.

- Икки кун олдин элчихонамиздан икки киши келди. Ҳеч бўлмаса, нарсаларимизни киритишда ёрдам беринглар, деб илтимос қилдик. “Йўқ-йўқ, ўзларинг ҳал қилаверинглар, бизни вақтимиз йўқ” деб жавоб беришди. Улар кетганидан кейин яна бизга нисбатан камситиш кучайди. Элчихонага қўнғироқ қилсак, “ҳозир ўзимиз қайтиб қўнғироқ қиламиз” деб гўшакни қўйиб қўйишди. Бошқа гаплаша олмадик, - дейди ўзбек муҳожири.

Лагерда сақланаётган муҳожирларнинг сўзларига кўра, уларга 4 кишига 1 та тиш чўткаси ва пастаси, шампунь ажратилган. Бошқа масалаларда ҳам шундай. Дам олиш куни кир машинаси олиб келинган, ўзбекларни қўйишмаган. Телефонга қувват олиш учун ўзбеклардан 10 минутига 100 рубль талаб қилиб қўйдиришмоқда.

- Кечқурунлари тожик йигитлар бизга таҳдид қилишаяпти, - дейди Севинч. – Полицияга мурожаат қилсак, исбот керак, дейди.

Айни пайтда Россия бўйлаб ноқонуний меҳнат муҳожирларини қўлга олиш рейдлари давом этмоқда. Ҳар куни юзлаб муҳожирлар ушланиб, чет эллик муҳожирларни вақтинчалик сақлаш марказларида сақланмоқда. ИИВ матбуот хизмати мазкур лагерь август ойининг сўнгига қадар ёпилишини маълум қилди. Аммо бунинг ўрнига янги жамлоқ қонуний равишда ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун ФМХ хизмати 2000 кишилик ўринга эга маскан изламоқда. Подмосковьедаги 3 та болалар лагерлари авария ҳолатидалиги учун маъқул қўрилмади. ИИВ ҳамда ФМХ матбуот хизмати жамлоқ борасидаги маълумотларни бекитишга уринаяпти, аммо у ерда оммага ошкор бўлиб улгурган шароит ва ноинсоний муносабатлар ҳуқуқ фаоллари томонидан жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Шу кунгача “муҳожирлар ови” ва уларни ноқонуний сақлашга оид бир неча норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бугун ҳам Москва шаҳрида икки йирик пикет уюштирилиши эълон қилинди.

“Гражданское содействие” комитети ва Россия социал ҳаракати томонидан ташкиллаштирилаётган ушбу пикетларда мингдан зиёд кишилар иштирок этиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ