'Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон анклавида чегаралар ёпилгани йўқ'

Бу ҳақда Боткент вилоят чегара бошқармаси маълум қилди.

Би-би-си ўрганишларидан аён бўлишича, Сўх туман ахолиси чегарани муаммосиз кесиб ўтмоқда.

Бундан олдин Қирғизистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ушбу анклавларга олиб борувчи чегараларни байрам муносабати билан ёпиб қўйгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Сўх ва Шоҳимардон анклавларида чегаралар одатий ҳолда ишлаётгани ҳақида Би-би-сига Боткент вилоят минтақавий чегара бошқармаси ходими маълум қилди.

“Ўзбекистон томонига қирғизистонлик фуқаролар киритилмаяпти. Сўх ва Шоҳимардон анклавлари Қирғизистоннинг Боткент вилоятида жойлашган ва қирғиз фуқаролари ушбу анклавлардан бемалол ўтиб келишаяпти”, - дейди ўзини таништирмаган навбатчи.

Бундан сал олдинроқ Қирғизистоннинг 24kg.org ахборот агентлиги ўз манбааларига таяниб Ўзбекистон Сўх ва Шоҳимардон анклавлари орқали ўтиб келишни чеклаб қўйгани ҳақида ёзган эди.

Сўхлик Оқил Очилдиев чегараларнинг очиқлигини тасдиқлади.

“Мен кеча соат кечки 8 да постдан ўтдим. Фарғонадан келдим. Бугун эрталаб соат 8 ларда укам чегарадан ўтаяпмиз, деди. Чегара очиқ”, - дейди Оқил Очилдиев.

Оқил аканинг айтишича, у Сўх тумани марказида қирғиз номерли машиналарни кўрган ва Қирғизистоннинг Бужай қишлоғига муаммосиз ўтиб келаётганига гувоҳ бўлган.

“Биринчи сентябргача йўллар қийин бўлади, Қозоғистон билан ёпар экан, деб кўчада миш-мишлар юради. Сўх билан бундай бўлмаган. Ўтган йили 1 сентябр куни ўзим чегарадан ўтганман. Лекин бу йил қандай бўлади, билмайман”, - дейди Оқил Очилдиев.

Бироқ 11 август куни Ўзбекистон томони Қирғизистон билан амалда бўлиб турган “Дўстлик” назорат ўтиш нуқтасини буткул ёпган.

“Водил” чегара назорат ўтиш нуқтасини қисман ёпган.

Қирғиз расмийларининг айтишича, Ўзбекистон ушбу чекловларни мустақиллик байрами муносабати билан изоҳлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ