Москвадаги норозилик чиқишларида ноқонуний жамлоқлар қораланди

Москва шаҳрининг уч жойида концлагер ва муҳожирлар овига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди.

“Гражданское содействие” қўмитаси ташкил этган Страстной булваридаги Висоцкий ҳайкали ёнида 100 га яқин, Россия социал ҳаракати ташкилотчилигидаги “Красная ворота” метро бекати яқинидаги мавсумий ишчи ҳайкали ёнида тахминан 60 нафар, Интернационал ишчилар қўмитаси ташаббусидаги концлагердан унча узоқда бўлмаган “Первомайск” савдо маркази ёнида 10 дан зиёд кишини жамлаган намойишлар ҳеч қандай тазйиқ ва қўлга олишларсиз ўтди.

- “Инсонларнинг шармандали овига чек қўйиш” шиоридаги намойишимиз орқали ўз муносабатимизни ифода этаяпмиз, - дейди “Гражданское содействие” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина. – Тадбиримиз айнан шу масалага бағишланди: муҳожирлар ови - Россия учун катта шармандалик, бунга чек қўйиш керак. Менимча, шу каби ҳар бир чиқишимиз орқали мақсадимизга эришамиз. Кеча яна бир бор лагерда бўлдим ва у ерда қўшни давлатлар вакиллари, сурияликлар, афғонларнинг йўқлигини кўрдим. Сурияликларнинг вақтинчалик бошпана олаётганликлари ҳақидаги хушхабарни эшитдим.

Ганнушкинанинг фикрига кўра, бундай лагерларни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонлар ёрдамга мухтож бўлгандагина ташкил этиши мумкин. Инсонларни куч билан ушлаб туриш учун чодирлар қурилиши бу қонунларга зид.

- Меҳнат муҳожирлари жамият учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, - деди қўмита раҳбари. – Бу муаммо билан курашиш эмас, уни ҳал қилиш лозим. Ноқонуний бўлса, қонуний ишлашлари учун имкон бериш тўғрироқ.

Шунингдек, Ганнушкина лагердаги ўзбеклар тақдири ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Ўзбеклар айни пайтда чет элликларни вақтинчалик сақлаш марказларида ушлаб турилибди. Бу муаммолар ҳам тез кунда ҳал этилади, дея умид қиламиз, деди у.

Норозилик намойишчилари орасида муҳожирлар тақдири учун жон койитаётганлар билан бирга, уларни Россиядан чиқариб юборилиши тарафдорлари ҳам бор эди.

- Осиёнинг энг қолоқ одамлари келишган бу ерга, - дейди Надежда Азарова. – мен муҳожирларнинг болалари ўқийдиган мактабда ишлайман. Тил билишмайди, маданият даражалари паст. Москваликлар тарбияли одамлар, уларга тоқат қилишга мажбур бўлишаяпти. Муҳожирлар бу пикетлар маъносини тушунаётгани ҳам йўқ, улар ҳимоя қилишимизга арзимайди.

Намойиш иштирокчиси доғистонлик Лайла Рагузина эса миллатларо инсоний муносабатлар борасида сўзлади.

- Мамлакатимизда рўй бераётган воқеалардан ташвишдамиз. Инсонлар ови тараққийлашган жамият учун чидаб бўлмас ҳолат. Мен гуржиларни овлашганини кўргандим. Энди вьетнамликлар, навбатдагиси ким бўлади, тушунарсиз. Энг ёмони, Москвада содир бўлаётган рейдлар областларга ҳам тарқалмоқда. Ҳужжат текшириш мумкин, аммо бу қўлга олишларнинг нима ҳожати бор эди?!

Икки соат давом этган норозилик намойиши сўнгида “Гражданское содействие” қўмитаси жамоаси лагерь ва муҳожирлар ови борасида хукуматга ўз талабларини эълон қилдилар.

Улар лагерь зудлик билан бекитилишини, аксилмуҳожир кампанияларга барҳам беришни, бу каби миллатлараро низоларни келтириб чиқарувчи барча ҳаракатларни тўхтатишни ҳамда муҳожирларнинг ҳуқуқларини поймол этмасликни талаб қилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ