Остонада «террорчи» гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқилди

Image caption Минтақанинг энг бадавлат давлатига ҳам диний ақидапарастлик хавф солмоқдами?

Остона маҳкамаси пойтахтда қатор портлаш ва суиқасдлар уюштиришда айбланган гуруҳ устидан ҳукм чиқарган. Гуруҳ ташкилотчиси Серик Қўшалоқов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва мол мулки мусодара этилсин дейилган. Қолган айбланувчиларга 5,5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Айбланувчи томон тергов ва маҳкаманинг адолатсиз ўтганини билдирган.

Тергов материалларидан аён бўлишича, Қўшалоқов террористик гуруҳ тузган ва гуруҳнинг мақсади террор актларини содир этиш орқали Қозоғистонда Халифалик қуришни мақсад қилган.

Судланувчиларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига уларни ўлдириш ва қуролларига эгалик қилиш ниятида ҳужум қилишни ташкиллаштирган, деган айб қўйилмоқда.

Бундан ташқари терроризмда айбланганлар пойтахтдаги Тинчлик ва тотувлик саройини портлатиш, Миллий хавфсизлик қўмитаси биносига ҳужум ва юқори лавозимли раҳбарларга суиқасд қилиш каби айбловлар олдинга сурилган.

Эътиборга молик яна бир жиҳати шуки, судланувчи Али Шариповнинг вояга етмаган турмуш ўртоғи Остонадаги Опера ва Балет театрини очилиш маросимида худкушлик содир этишни режалаштирган дейилмоқда. Театрнинг очилиш маросимига президент Назарбоевнинг иштироки кутилаётганди.

Жиноий иш уюштирилган

Судланувчилар маҳкама залини “Оллоҳу акбар” дея такбирлар билан тарк этишган.

Судланувчиларнинг қариндошлари яқинларини Оллоҳни суйгани учун қамашди, дейишган.

Гуруҳ лидери дея кўрилган Серик Қўшалоқовнинг турмуш ўртоғи Мадина Қўшалоқова тергов жараёни ва маҳкаманинг адолатли ўтганини сўроқ остига олган.

У қўлбола портловчи моддалар турмуш ўртоғининг базасига ташлаб қўйилганини даъво қилган. Портловчи моддаларни Қўшалоқовнинг илтимосига кўра олиб келганини айтган гувоҳ, суд залида Қўшалоқов ундан бу борада ҳеч нарса сўрамаганини айтган.

“Судланувчиларнинг орасига терговга таниш бўлган махсус одам киритилган, аммо бу нарсани биз билмаганмиз. Ана шу одам Шариповни турли гаплар бузғунчиликка чорлаган ва чизмани берган. Бу нарсларни ҳаммасини у берган. Нима учун у судланувчилар билан бирга эмас”, - деган Мадина Қўшалоқова.

Мадина Қўшалоқова тинтув давомида уларнинг уйидан фақатгина 100 минг танга (653 доллар) ва 700 доллар топилганини айтган, ушбу пуллар ҳам ашёвий далил сифатида олиб кетилган.

Қўшалоқовани ажаблантираётган яна бир жиҳат шуки, тергов бошланган вақтида гуруҳ лидери дея Али Шарипов кўрилган. Унинг турмуш ўртоғи худкушлик содир этиши режалаштиргани айтилган. Аммо кейинчалик номаълум сабабларга кўра тергов Қўшалоқовни етакчи дея таништира бошлаган.

Мадина Қўшалоқова маҳкама қароридан норозилигини ва апелляция мурожаат қилишини билдирган.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков республикада жиноий ишларни қалбакилаштириш одатий ҳолга айланаётганини ва бу нарсани салкам чорак асрдан бери тахтда ўтирган Назарбоевнинг қариб бораётгани билан изоҳлайди.

“Бундан икки олдинги чиқишларимизда Қозоғистонда ёвуз ниятли кишиларга ов бошланиш палласи келишини башорат қилгандик. Унда Қозоғистон президентига суиқасдларни фош қилишлар бўлишини айтгандик. Афсуски, мана шу нарсалар бугунга келиб амалга ошмоқда,” - дейди Мурат Телибеков

Телибеков жаноблари бундан 10 йил олдин Назарбоев ҳали тетик ва атрофдаги ҳодисаларга соғлом фикр билан қараган кезларда бу каби лойиҳаларни амалга оширишни тасаввур қилиб бўлмаслигини айтади.

37 ёшли Серик Қўшалоқов тадбиркорлик билан шуғулланган. У полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарган ва Остонадаги масжидлардан бирининг олдида тез пишар таом сотувчи тамаддихонаси бўлган. Унга шерикчиликда айбланаётган Али Шарипов Қўшалақовнинг тамаддихонасида ишлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ