Қирғизистон: сайлов участкасидаги отишма юзасидан жиноят иши очилган

Image caption Ҳодиса маҳаллий кенгашларга сайлов пайти рўй берган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари хабар қилишича, Ўш вилояти Қорасув туманидаги сайлов участкаларидан бирида рўй берган отишма юзасидан жиноят иши очилган.

Ҳодиса 18 август куни кечқурун юз берган.

Бу ерда маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилган.

Айрим хабарларга кўра, Қирғизистон Социал-Демократик партияси ва мамлакатда янги ташкил этилган "Онугуу" сиёси ҳаракати вакиллари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва муштлашув 5266-рақамли сайлов участкасида рўй берган.

Бироқ сайлов масъулларига кўра, муштлашув ва отишма овоз бериш идорасида юз бермаган.

Ҳодисада 50 дан ортиқ кишини ташкил этган оломон иштирок этгани хабар қилинмоқда.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарга кўра, "Онугуу" сиёсий ҳаракати вакили Қирғизистон Социал-Демократик партиясидан номзоди ушбу участкадан илгари сурилган номзодни муштлаган.

Бунга жавобан Социал-Демократик партия вакили тарафдори ёнидан ўқотар қурол чиқарган ва рақибларига қарата ўқ узган.

Қорасув туман Ички ишлар бўлимидан Марат Орозбоевнинг маълум қилишича, бир киши ўқотар қуролдан олган жароҳатлари туфайли шифохонага ётқизилган.

Ҳодисада Социал-Демократия партия вакили пичоқлангани хабар қилинган.

Пичоқланган шахсга ҳодиса жойида тез тиббий ёрдам кўрсатилгани, бироқ у шифохонага ётишдан бош тортганини айтган Қорасув полицияси мулозими.

Социал-Демократик партияни Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев бошқаради.

"Онугуу" сиёсий ҳаракатига Қирғизистон парламенти аъзоси Бақит Торобоев яқинда асос солган.