Қозоқ ҳокими: ўранган аёллар мотамсаро одамга ўхшайди

Image caption Қозоғистон президенти бир неча маротаба исломий либосга қарши гапирган.

Атирау вилоят ҳокими қора ниқобли аёллар ва соқол қўйиб олган мусулмонларга нисбатан қарши гапирган.

Ислом дини шариати талабига кўра кийинган ёшларни ҳоким яқини ўлган кишига қиёслаган ва уларнинг келажагини шубҳа остига олган.

Кузатувчилар Қозоғистонда Исломий кийимларга нисбатан бу каби чиқишлар вақти вақти билан бўлиб туришини айтади.

Вилоят ёшлари жамоатчилик Кенгашининг йиғилишида Атирау вилоят ҳокими Бақтиқўжа Измухамбетов ҳижобли ва қора ниқобли қизларга нисбатан жуда ҳис-туйғуга берилиб гапирди, деб ёзади маҳаллий “Ақ жайиқ” нашри.

“Улар гўёки яқинларидан бири ўлган кишига ўхшаб кийиниб олади. Бу билан нимани кўрсатиб қўймоқчи? Уларнинг на билими ва на тарбияси бор. Бу ёшларнинг келажаги қандай? Бу нарса соқол қўйиб шимини туриб юрадиган ёшларга ҳам таалуқли. Танқид қилсангиз, нима қизлар очиқ кийиниб юргани яхшими, деб жавоб беришади”, - деган Бақтиқўжа Измухамбетов.

Ҳоким сўзларига кўра, "у бурчакдан бу бурчакка ташланмасдан, цивилизиялашган мамлакатларга тенглашиш керак".

Кузатувчилар вилоят ва туман ҳокимлари мамлакат раҳбари Назарбоевга ҳар жабҳада ўхшашга ҳаракат қилишни ва буни кўз-кўз қилишни яхши кўришини айтади.

Қозоғистон мусулмонлар иттифоқи раҳбари Мурат Телибековга кўра, исломий либосга қарши кураш мамлакатда сиёсий урфга айланган.

“Бу сиёсий модага айланиб бормоқда. Терроризм билан курашиш топшириғини ортиғи билан бажаришга киришган одамлар мана шундай ўнғайсиз ҳолатларга тушиб қолади. Бизда ҳатто чекка минтақаларда соқолларни куч билан олдиришга ҳаракат қилишади. Ҳижобга қарши уруш эса анчадан бери давом этаяпти. У бир кучаяди ва бир сусаяди,” – дейди Мурат Телибеков.

Қозоғистон президенти бир неча маротаба исломий либосга қарши гапирган.

Президент Нурсултон Назарбоев ёшларга урф бўлиб бораётган ҳижобга кирмасликка маслаҳат берган.

Унга кўра, кўчманчи халқ бўлиб келган қозоқлар ўзларининг маданиятларига амал қилишлари, Исломнинг Сунний оқими шартларини бажаришлари ва араб кийими бўлган ҳижобларни киймасликлари лозим.

Қозоғистон мусулмонлар диний идораси сиёсатчилар томонидан шаръий кийимга нисбатан айтилган салбий фикрларга шу вақтгача сукут сақлаб келган.

Аммо шу йил Мисрнинг "Ал-Азҳар" олийгоҳида таълим олиб қайтган 41 ёшли Ержан Малғажиули бош муфти этиб сайланган идора бу борадаги сукутни бузди.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муслималарнинг ҳижоб ўраш ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқди.

Муфтият томонидан эълон қилинган фатвода ҳижоб ўраш мусулмон аёллар учун шарт экани ва Қозоғистоннинг дунёвий қонунларига мувофиқ экани урғуланган.

Диний идора қозоқ аёлларининг ҳижоб ўрашига қарши чиқаётганларнинг ҳижоб қозоқларнинг маданиятига зид экани ҳақидаги даъволарини ҳам рад этган.

Қозоғистоннинг диний ташкилотлар ҳақидаги қонунидан иқтибос келтирилган фатвода мусулмон аёлларни рўмолларини ечишга мажбурлаш уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини поймол этиш экани таъкидланади.

Бу мавзуда батафсилроқ